Жаҳон | 07:20 / 31.08.2021
8105
1 дақиқада ўқилади

Бразилияда жиноятчилар гаровга олинган одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланди

Бразилияда банкларни туновчи ўғрилар полициядан қочиш вақтида гаровга олинган одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланди. Улар Сан Паулу штатидаги Арасатуба шаҳрида жойлашган бир нечта банкга ҳужум қилишган.

Видеодан кадр

Миллий телеканаллардан бирининг журналисти Юрий Макрининг таъкидлашича, ўғриликлар вақтида уч киши, жумладан бир жиноятчи ҳалок бўлган. 20 кишидан иборат жиноий тўда банкларга ҳужум қилиш вақтида полиция эътиборини чалғитиш мақсадида шаҳарнинг турли қисмларида автомобилларни портлатган.

Жиноятчилар полиция томонидан ўққа тутилишдан қочиш мақсадида гаровга олган одамларни автомобиллар томи ва капотларига боғлаб қўйишган.

“Полиция жиноятчиларга ҳужум қилолмайди, чунки ўртада жуда кўп одамлар ҳаёти турибди”, деб айтган Арасатуба мэри Диладор Боргес.

Таъкидланишича, шаҳарда портлашлар хавфи сақланиб қоляпти, фуқаролардан ўз уйларидан чиқмаслик сўралган ва мактабларда дарслар бекор қилинган.

Полиция жиноятчиларни таъқиб қилиш вақтида улардан уч нафарини тутишга муваффақ бўлган. Қолган жиноятчилар эса яширинган.

Автомобилларга боғлаб қўйилган одамларнинг тақдири ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид