Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Панжшер. Аҳмад Масъуд тинчлик учун шартини айтди, толиблар водийга ҳужум қилмоқда
Америкаликлар Кобул аэропортини ҳам тарк этгач толиблар мамлакат тўла мустақил бўлгани ҳақида эълон қилишди, аммо Афғонистон ҳали тўлиқ уларнинг назоратига ўтгани йўқ. Толибларга таслим бўлмаган яна бир ҳудуд қолган. Бу Панжшер дараси. Ҳозирда у ерда афсонавий қўмондон, ўз вақтида советларга қарши, кейинроқ «Толибон»га қарши муваффақиятли кураш олиб борган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилигида қаршилик ҳаракати отрядлари тузилган. BBC қаршилик ҳаракати режалари ҳақида ҳикоя қилади.
Толиблар бутун Афғонистонни эгаллашга уриниши фонида тарих такрорланди. Кобулдан шимоли-шарқда жойлашган Панжшер вилояти қаршилик ҳаракати марказига айланди. Бу ерда Аҳмад Масъуд ўзини қаршилик кучлари етакчиси ва водийни толиблар таъқибидан қочганлар учун ишончли бошпана деб эълон қилди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани БААга кетгач, вице-президент Амрилла Солиҳ ўзини вақтинча президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилиб, афғонларни толибларга қарши кураш олиб боришга чорлади.
Миллий қаршилик фронти вакили Али Назарий «Толибон»нинг 23 август куни Панжшерга ҳужум қилишга урингани, аммо мағлуб бўлиб, ортга чекинганини маълум қилди. Шундан сўнг томонлар ўртасида тинчлик музокаралари учун ҳаракатлар олиб борилмоқда ва ҳамон натижага эришилмади.
«Биз қаршилик ҳаракати учун минглаб жангчиларни тўпладик: бизда аввал махсус кучларда ва диверсия бўлинмаларида хизмат қилган йигитлар бор, Панжшерда ҳарбий тайёргарликдан ўтган маҳаллий отрядларимиз ва қўшни вилоятлардан келган бошқа кучлар бор», деган BBC билан суҳбатда Афғонистон миллий қаршилик фронти вакили Али Назарий.
Унинг баёнотларини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш ёки инкор этишнинг ҳозирча имкони йўқ.
«Дарадаги ҳарбий вазият айни вақтда барқарор. Панжшер яхши қўриқланмоқда ва мустаҳкам. Сўнгги тўрт йил мобайнида бу ерга ҳеч ким кира олмаган, дара енгиб бўлмас қалъа бўлиб қолмоқда. Ишончимиз комилки, шундайлигича давом этади ва бирорта босқинчи бизнинг ҳудудимизга кириб кела олмайди», дейди Назарий.
Форс тилидан таржима қилинганда Панжшер «беш шер» маъносини англатади. Афсонага кўра, Яратган томонидан берилган куч-қудратга эга бўлган беш ака-ука бир кечада дарё йўлига улкан тўғон қуришган. Бундай тўғон бугунги кунда ҳам мавжуд. Қаршилик фронтининг ҳаракатлари қанчалар муваффақиятли бўлиши борасида эса фикрлар хилма-хил.
Тинчлик ёки уруш?

«Турли баҳоларга кўра, Панжшердаги қаршилик отрядлари сафида 12 мингдан 15 минггача жангчи бор. «Толибон» эса 80 минглик қўшинга эга. Бу исёнчилар фойдасига эмаслиги яққол аён бўлган улкан фарқ», дея қайд этади яқинда Панжшерга келган The Times журналисти Чарли Фолкнер.
Унинг сўзларига кўра, у ердаги вазият Кобулда бўлаётган воқеалардан фарқ қилади. Панжшерда дўконлар очиқ, кўчаларда кулги овозларини эшитиш мумкин, одамлар ўз ишлари билан уёқдан буёққа ўтишади ёки пана жойларда мамлакатда бўлаётган янгиликларни муҳокама қилишади. Шу билан бирга, кўчаларда жилеткадаги қуролли эркакларни тез-тез учратиш мумкин - Миллий фронт ҳар эҳтимолга қарши патрулликни кучайтирган.
«Исёнчилар, албатта, чиройли нутқлар ирод этишади. Улар дарада ўзларини жуда ишончли ҳис қилишмоқда ва толиблар ҳужум қилган тақдирда жиддий қарши зарба берилишини айтишмоқда. Улар кенг кўламли амалиётларга ҳам тайёрликларини тасдиқлашмоқда. Масалан, ҳозирда толиблар қўлига ўтган қўшни туманлар устидан назоратни қайтариб олиш. Аммо умуман олганда, мен гаплашган жангчилар ва қўмондонлар уларнинг асосий ва якуний мақсади - тинчлик ўрнатилиши эканини айтишган», дейди Фолкнер.
Исёнчи кучлар «Толибон» билан музокаралар ўтказилаётганини тасдиқлаган.
«Тинчликка эришиш - биз учун устувор вазифа. Биз урушга киришиш ва можарони давом эттиришдан кўра мамлакатда сиёсий йўл билан узил-кесил барқарорлик ўрнатилишини афзал кўрамиз. Биз ҳамиша ечимларни излаймиз ва музокаралар ўтказишга тайёрмиз. Биз толиблар билан мулоқот ўрнатган ва норасмий музокаралар ўтказаётган каналлар ҳам бор. Шу билан биргаликда, барқарорлик учун барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, демократия ва ижтимоий адолатни қурбон қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз», деган Али Назарий.
«Толибон» Миллий фронт вакиллари билан музокаралар тўғрисида очиқ гап айтмаган, лекин ҳаракатнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Панжшер атрофида юзлаб жангчилар тўпланаётгани акс этган видеоларни тарқатмоқда. Толиблар исёнчилар дарада ҳар тарафдан ўраб олинганини айтишмоқда.
Назарий эса, аксинча, қаршилик ҳаракати отрядлари рақибнинг барча ҳужумлари қайтариб турилганини маълум қилган.
Кириб бўлмас дара
Панжшер - Кобулдан бир соатлик йўлдан кейин бошланадиган дарадир.
Тоғли водий 130 километрга чўзилган. Бу ерда тахминан 173 минг киши истиқомат қилади, уларнинг асосий қисми этник тожиклар. Дара орқали ўтувчи ягона йўл дарё бўйида жойлашган ва баланд тоғлар билан қуршалган (тоғлар баландлиги 6 минг метргача етади). Бундай шароитларда ҳужум юришлари қилиш ҳаддан ташқари мураккаб.

Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазирлигининг собиқ амалдори Шакиб Шарифий мамлакатда бундай тоғли водийлар кам эмаслигини қайд этади. Аммо Панжшернинг уникаллиги - бир неча муҳим омиллар комбинациясидан иборат.
«Гап фақат дарадаги етиб бориш мураккаб бўлган ўнглаб жанговар позицияларда эмас, гап фақат тоғ рельефида эмас. Панжшерликларнинг мағрурлиги ва ўзини ҳурмат қилиш ҳисси ҳам баланд», дейди Шарифий.
Панжшер аҳолиси XIX асрда дарага Британия империясининг энг илғор қўшинлари ҳам кира олмагани ҳақидаги ҳикояларни айтиб юради. 1980-йилларда водий совет аскарларига қарши мардонавор курашган ва уларни дара ичкарисига ўтказмаган. Мужоҳидларнинг отрядларига ўшанда «Панжшер арслони» лақабини олган Аҳмад Шоҳ Масъуд бошчилик қилган.
«У совет-афғон уруши вақтида қаршилик ҳаракатининг юзига айланди. У харизмага эга бўлган, Ғарб матбуоти билан фаол мулоқот қилган. Советлар ҳам у билан музокара ўтказишга тайёр бўлган ва бу уни жуда муҳим фигурага айлантирган», дейди Лидс Университети профессори Элизабет Лик.
1996 йилдан 2001 йилгача, «Толибон» деярли бутун Афғонистонни назорат қилган вақтда Панжшерда «Шимолий альянс» тузилган - у Афғонистон шимолидаги барча ҳарбий гуруҳларни Масъуд қўмондонлиги остида бирлаштирган.
«Толибон» - ўшанда унинг таркибини асосан пуштунлар ташкил қилган - асосан тожиклар истиқомат қилувчи минтақада ўзига тарафдорлар топа олмаганди. Шоҳ Масъуд маҳаллий аҳоли ўртасида катта ҳурмат қозонганди. Аммо унинг толибларга қарши курашдаги муваффақияти фақат шу билангина изоҳланмайди.
«Масъуд олий маълумотли, француз тилида сўзлашган, барча билан мулойим муомала қилган, қисқача айтганда мафтункор шахс. У шу жиҳатлари билан ҳам ўта қўпол, саводсиз ва фанатик бўлган бошқа дала қўмондонларидан фарқ қилган», дея қайд этади Британиядаги Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти вакили, профессор Антонио Жустоцци.
Бу «Шимолий альянс» Ғарб давлатлари томонидан тизимли равишда қўллаб-қувватланишига имкон берган. Панжшерга Тожикистон орқали ўқ-дори, ёқилғи ва молиявий ёрдамлар етказиб бериб турилган.
Толиблар бундан сабоқ чиқаришди: бу сафар улар дастлаб Афғонистоннинг барча чегара пунктларида назорат ўрнатишди ва Кобулга ҳужум бошлашдан олдин Панжшерни изоляция қилишди.
Кобул толиблар қўлига ўтгач Washington Post нашрида эълон қилинган мақоласида кичик Аҳмад Масъуд АҚШ, Буюк Британия ва Францияни қаршилик ҳаракатига қурол-яроғ юбориб, ёрдам кўрсатишга чақирди. Аммо бу мурожаатга ҳалигача расман реакция бўлмади.
Ўғил ота учун
Қаршилик ҳаракатининг кўп йиллик етакчиси Аҳмад Шоҳ Масъуд 2001 йилнинг 9 сентябрида, Нью-Йоркдаги терактлардан икки кун олдин «Ал-Қоида» томонидан ўлдирилади.
Советлар ва толибларга қарши жангларда кўп марта ўлимдан омон қолган дала қўмондони унинг қабулига журналистлар қиёфасида келган икки худкуш террорчи ўзини портлатиши оқибатида ҳалок бўлади.
Масъуднинг ўғли ўша вақтда 12 ёшда эди. Кўп ўтмай у Эронга кетади ва шу ерда мактабни тамомлайди, у ердан Буюк Британияга боради. Кичик Масъуд Сэндҳерстдаги ҳарбий академияда таҳсил олади ва Лондон Қироллик коллежида ҳарбий тадқиқотлар соҳасида бакалавр даражасини олади. Аммо ушбу ёш сиёсатчида жанг майдонларида орттирилган ҳарбий кўникма йўқ.
Масъуд ўз интервьюларида унинг учун устувор вазифа - қуролли тўқнашувлар эмас, айнан тинчлик музокаралари эканини айтиб келмоқда.
«Афсуски, «Толибон»нинг ҳаракатлари улар инклюзивлик, толерантлик, инсон ва аёл ҳуқуқлари таъминланиши, демократик қадриятлар тарафдори эмаслигини кўрсатмоқда. Булар эса халқаро ҳамжамият ҳукуматни тан олиши учун муҳим жиҳатлардир. Бу эса биз учун муаммо ва биз буни қабул қила олмаймиз. Биз изоляцияда яшашни истамаймиз, биз минтақа ва дунё билан яхши муносабатлар ўрната олмайдиган ҳукуматни қабул қила олмаймиз. Бундан ташқари, биз ўз халқининг ҳуқуқларини инкор этадиган ҳукуматни қабул қилишимиз мумкин эмас», деганди кичик Масъуд РБК учун берган интервьюсида.

Аҳмад Масъуд Foreign Policy нашрига берган интервьюсида агар «Толибон» барча афғонларга тенг ҳуқуқлилик тақдим этиб, инклюзив ҳукумат тузса, қаршилик кўрсатишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди. У ҳокимият бўлинмайдиган ва марказлашган ҳолда қоладиган бўлса, қаршилик кучлари курашдан воз кечмаслигини таъкидлади.
«Менинг режам, аввало тинчликка эришиш, уруш ва можаролардан сақланиш йўлини топиш. Биз 50 йилдан буён тинчлик учун курашдик, бизни эса доим уришишга мажбур қилиб келишди. Аммо тинчлик дегани таслим бўлиш ҳамда Афғонистонда адолатсизлик ва тенгсизлик давом этишига имкон бериш дегани эмас.
Агар «Толибон» ҳокимиятни барчага тенг тақсимлашга ва марказлашмаган ҳокимият тузилишига рози бўлса, биз барча учун маъқул бўлган келишув томон ҳаракатланишимиз мумкин. Бундан ками эса биз томонимиздан қабул қилинмайди ва биз адолат, тенглик ва эркинликка эришмагунча курашни давом эттирамиз», деган у.
У фақат ўз халқининг кўмагига таянаётганини таъкидлаган.
«Мени халқим қўллаб-қувватламоқда. Одамларимиз босқинчилар ўз ҳудудига киришига ва бизни ўзларига бўйсундиришига йўл қўймайди. Шу туфайли одамлар икки йил муқададм, 2019 йил 5 сентябрида Доҳадаги тинчлик жараёнидан хабар топганларида [Трамп маъмурияти воситачилигида бошланган жараён] мендан сафарбарлик бошлашни сўрашганди. Халқимнинг қўллаб-қувватловисиз водийда қаршилик ҳаракати ҳам бўлмасди», деган Масъуд.
Нашрнинг Афғонистонда фуқаролик уруши бошлаш қанчалик тўғри бўлиши ҳақидаги саволига жавобан юзага келган ҳолатни фуқаролик уруши деб аташ тўғри бўлмаслигини айтган.
«Мен буни фуқаролар уруши деб ҳисобламайман. Бу уруш мамлакатнинг ички ишларига аралашадиган ташқи кучлар томонидан қўллаб-қувватланаётган ва мустақил миллий ҳаракат бўлмаган гуруҳ билан кечмоқда. Агар толиблар ҳокимиятни барча билан бўлишишга, адолат ўрнатишга ҳамда бутун Афғонистонга тенг ҳуқуқ ва эркинликлар тақдим этишга тайёр бўлса, у ҳолда мен чекинаман ва сиёсатдан кетаман.
Бундан ташқари, Афғонистондаги зиддият ҳудудий ва глобал миқёсга эга. Минтақа давлатлари Афғонистондан ўзаро рақобати учун майдон сифатида фойдаланган, улар прокси урушларни молиятлаштиришга тайёр эди.
Бу урушларнинг глобал жиҳати - халқаро терроризмнинг уйғонишидир. Халқаро терроризмга қарши кураш бу курашни глобал миқёсга кўтаради ва айнан шунинг учун биз халқаро ҳамжамият Афғонистондаги иштирокини давом эттириши керак деб ҳисоблаймиз», деган у.
Афғонлар урушдан чарчаган
Панжшерга келган журналистлар ва экспертлар исёнчиларда дарадан ташқарида муваффақиятли ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун имкон йўқ, деб ҳисоблашади. Уларнинг ҳарбийлари сони кўп эмас ва таъминот тизими йўлга қўйилмаган. Яна бир мураккаблик - аҳоли қўллаб-қувватлаши борасида.
Масъуд ва унинг одамлари Панжшерда сўзсиз маъқулланади, аммо Афғонистоннинг бошқа қисмларида кўплар жангни давом эттиришга тайёр эмас.
«Мен Кобулдаги шифохонада кўча жанглари вақтида яраланган бир киши билан гаплашдим. У ҳозирда бўлаётган воқеалар бўйича фикрлари билан бўлишди. У исёнчи кучлар бошқалардан фарқ қилмаслигини айтди. Ҳукумат, «Толибон», исёнчилар - унинг учун буларнинг бари бир, чунки можаро қурол билан ҳал бўлмайди. У эса шунчаки тинчлик бошланишини истайди. Менда шундай таассурот қолдики, кўплаб афғонлар ҳозирда уруш давом эттирилишидан кўра тинчликни афзал кўришади», дейди Times журналисти Фолкнер.
«Ҳозирда кўплаб суҳбатдошларимиз барқарорликни кафолатлайдиган ҳар қандай ҳукуматни қабул қилишга тайёрликларини айтишмоқда. Бундай фикрлар асосан кўплаб ҳарбий ҳаракатлар бўлиб ўтган тоғли ҳудудлардаги афғонлар томонидан билдирилмоқда», дея қўшимча қилади BBC афғон хизмати журналисти Секундар Кирмоний.
Панжшердан сўнгги хабарлар

Сўнгги хабарларга кўра, толиблар Панжшер водийсига икки йўналишда ҳужум қилган.
30 август оқшомида Бағлон йўналишида ҳаракатланган толиблар Андараб водийсида қаршилик кучларининг пистирмасига дуч келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Sputnik Афғонистон манбасига кўра, «Толибон»нинг 40та пикап ва «Ҳамви» автомобилларидаги отряди ҳужумга учраб, 85 киши ўлдирилган ва 7 киши асир олинган. Қаршилик кучлари Хавак тепалигини эгаллашган.
Кўп ўтмай Sputnik Афғонистон толиблар Панжшерга ҳужум қилгани, Жабал ас-Сарождан йўналишида ҳаракатланган 50 кишилик гуруҳ Панжшернинг энг ғарбий нуқтаси - Шотол туманига киргани, бу ҳудудда рўй берган қуролли тўқнашув оқибатида 10га яқин жангари ҳалок бўлиб, бир пикап йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Тўқнашувдан кейин толиблар чекинган.
CNN телеканали хабар беришича, қаршилик кучлари қўмондонларидан бири эса толиблар ҳужум вақтида ўлдирилган ва яраланган жангарилар сони юзлаб эканини айтган.
31 август куни Миллий фронт вакили Фаҳим Дашти толиблар Панжшер водийсига ғарбдан ҳужум қилгани, аммо қаршиликка учраб чекингани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, ҳужум қилганларнинг 7 нафари ўлдирилган, ҳимоячилардан бир неча киши яраланган.
Али Назарий толибларнинг ҳужуми томонлар ўртасидаги «жентльменлик келишуви»нинг бузилиши бўлганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, қаршилик ҳаракати жангчилари толибларнинг бир неча зирҳли техникасини ҳам йўқ қилган.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, панжшерликларга қарши амалиётга толиблар мудофаа вазири Кайум Закернинг ўзи қўмондонлик қилмоқда.
«Толибон» ҳаракати бу маълумотларни ҳозирча изоҳламади.
Бу вақтда «Толибон» вакили Забиҳулло Мужоҳид Кобул аэропортидаги матбуот анжуманида панжшерликлар билан музокаралар давом этаётганини айтиб, урушдан қочиб қутулишнинг имкони бўлишига умид билдирди. Шу билан бирга, РИА Новости манбаси музокараларда икки томоннинг талаблари бир-бириникидан кескин фарқланишини қайд этиб ўтган.
Миллий фронт катта ҳарбий ёрдам олган
Афғонистон армияси полковниги, 209-армия корпусининг собиқ қўмондони Ҳаниф Ризоий Sky News учун берган интервьюсида Панжшердаги қаршилик кучларига хориждан ёрдам етказиб берилгани ҳақида айтиб ўтди.
«Ҳозирда мен қандайдир аниқ бир манбани айта олмайман, аммо мутлақо ишонч билан айтишим мумкинки, Шимолий фронт жуда замонавий қуроллар ва техникалар билан таъминланган. Бундай ёрдамлар турли жойлардан келиши давом этмоқда», деган у.
Ризоий АҚШ президенти Жо Байден ёки афғон армияси томонидан мамлакат толибларга бериб юборилгани ҳақидаги айбловларни рад этган ва ҳарбий мағлубият ҳамда Кобулнинг таслим бўлишини Афғонистон ҳукумати жуда заиф бўлгани ва коррупцияга ботгани билан изоҳлаган.
Унинг фикрича, Ашраф Ғанининг Мозори Шарифга ташрифи бурилиш нуқтаси бўлган, бу ерда маҳаллий етакчилар билан учрашган собиқ президент улар армия билан бирга жанг қилиши эвазига 180 минг долларга яқин пул таклиф этган. Ризоийнинг фикрича, бу ушбу ҳудуд ва умуман мамлакат ҳимояси учун отланганларнинг шаштини сўндиришга хизмат қилган, холос.
Мавзуга оид
21:58 / 21.05.2025
АҚШ «Толибон»нинг террорчи ташкилот мақомини қайта кўриб чиқади
21:47 / 22.04.2025
«Толибон» энди Россияда террор гуруҳи эмас. Ҳаракат аср бошида Россияга жиҳод эълон қилганди
20:43 / 17.04.2025
Толиблар энди Россияда террорчи ташкилот деб ҳисобланмайди. Воқеалар ривожи
22:28 / 09.04.2025