Ўзбекистон | 11:36 / 31.08.2021
30584
2 дақиқада ўқилади

Халқаро ёрдам ваъдаларига ишониб бўлмайди – Афғон қочқинларини қабул қилиш хавфлари санаб ўтилди

Кадр: Telegram

Сўнгги вақтларда Aфғонистондаги янги тузумдан қочаётган афғон қочқинларини қўшни давлатлар қабул қилиши кераклиги бўйича БМТ ва Европа раҳбарлари доирасида чақириқлар кўпаймоқда. Хусусан, Aвстрия канцлери Себастьян Курц Ўзбекистон ўз ҳудудида афғон қочқинларини қабул қилиши шарт деган иборани қўллаган.

Нигоҳ телеграм каналининг ёзишича, 2015 йилдаги кенг кўламли миграцион инқироздан қутулган европаликлар қочқинларнинг янги оқимидан сақланиш учун Aфғонистонга қўшни давлатлар ҳисобига вазиятдан чиқиб кетишга уринмоқда.

Муаллифлар расмий Тошкент қочқинлар бўйича ҳеч қандай халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олмагани ҳамда 1951 йилда имзоланган БМТнинг қочқинлар тўғрисидаги конвенциясига ҳам қўшилмаганини билдирган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати афғонистонлик қочқинларни жойлаштириш бўйича ҳеч қандай расмий қарор қабул қилмагани таъкидланмоқда.

Маълум қилинишича, қочқинларни Ўзбекистон ҳудудига жойлаштириш экстремистларнинг кириб келиши, гиёҳванд моддалар савдоси кенгайиши, трансчегаравий жиноятлар, санитария-эпидемиология муаммолари каби бир қатор эҳтимолий хавфлар ҳам юзага келишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, қочқинларни жойлаштириш Ўзбекистон бюджети учун катта молиявий харажатларга олиб келиши ва бу борада халқаро ёрдам ваъдаларига ишониб бўлмаслиги билдирилган.

Канал муаллифларининг ёзишича, 2010 йилда қўшни Қирғизистондан қочқинларни қабул қилиш Ўзбекистон бюджетига 50 миллион долларга тушган. БМТнинг қирғизистонлик қочқинлар учун ажратган инсонпарварлик ёрдами эса улар ҳаммаси ватанига қайтганидан кейин келишни бошлаган.

Шунга қарамай, Ўзбекистон қўшни Aфғонистондаги вазиятга бефарқ эмаслигини, одамларни эвакуация қилиш учун ҳамкор давлатларга ўз ҳаво ҳудуди ва аэропорт инфратузилмасини тақдим этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон инфратузилмалари орқали 7 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид