Ўзбекистон | 09:14 / 01.09.2021
7214
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда тез ҳаракатланган Cobalt машинаси Lacetti билан тўқнашиб ағдарилиб кетди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Нишон туманида тез ҳаракатланган Cobalt машинаси Lacetti билан тўқнашиб ағдарилиб кетгани тасвирланган видео тарқалди. ИИВ ЙҲХББ ҳодиса ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 август куни соат 14:00 ларда давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р89 Қарши-Талимаржон ГРЭС автомобиль йўлининг Нишон тумани, «Пахтакор» МФЙ ҳудудидан ўтган 18-километрида Cobalt ва Lacetti машиналари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Видеода тасвирланишича, 1993 йилда туғилган Р.Ш. бошқарувидаги Cobalt тез ҳаракатланиб келаётганда 1959 йилда туғилган Б.А. бошқарувидаги Lacetti машинаси унинг йўлига чиққан. Cobalt ҳайдовчиси Lacetti билан тўқнашмаслик учун машинани ўнг тарафга буриб юборган. Оқибатда Cobalt машинаси аввал Lacetti билан енгил тўқнашган. Сўнг йўл четига чиқиб кетган ва тўхтаб турган машиналардан бирининг тиркамасига урилиб ағдарилган.

Оқибатда Cobalt машинасида йўловчи сифатида кетаётган шахс тан жароҳатлари олиб шифохонага олиб кетилган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Нишон тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид