Ўзбекистон | 13:01 / 05.09.2021
7792
2 дақиқада ўқилади

Боғча болаларининг заҳарланишига сабаб бўлган маҳсулотлар текшируви чўзилаётгани «чуқур текширувлар зарурати» билан изоҳланди

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати нашри Тошкент вилояти Оққўрғон туманида боғча болаларининг оммавий заҳарланиши юзасидан ўтказилган Kun.uz суриштируви бўйича муносабат билдирди.

Унда айтилишича, ҳолат юзасидан Оққўрғон тумани прокуратураси томонидан 11 август куни жиноят иши қўзғатилиб, кейинчалик Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган ҳамда махсус тузилган тергов гуруҳи терговчиларига топширилган.

ИИББ Озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича экспертиза натижалари чиқмаётганини “экспертизалар лаборатория шароитида ўрганилиши ва чуқур тадқиқот талаб этиши” сабаби билан изоҳлаган ва айни дамда ҳам экспертлар томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилаётганини маълум қилган.

Шунингдек, ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан, заҳарланиш ташхиси қўйилган болалар ва уларнинг ота-оналари, таълим муассасасининг барча ходимлари қаторида жами 100дан ортиқ шахслар сўроқ қилингани айтилмоқда.

“Терговга жалб қилинганларнинг дахлсизлик ҳуқуқларини таъминлаш ва тергов иши давомида ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа маълумотлар ошкор қилинмайди.

Тайинланган экспертизаларнинг якуний хулосалари ва жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатларга асосан қонуний қарор қабул қилинади ва оммавий ахборот воситалари орқали қўшимча маълумот берилади” – дейилади ИИББ муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 4 сентябр куни Оққўрғондаги заҳарланиш бўйича Kun.uz суриштируви эълон қилиниб, унда жиноят ишини тергов қилаётган органни топиб бўлмаётгани, ҳолат вақт ўтиши билан барчанинг эътиборидан четда қолиб бораётгандек туюлаётгани, 12 кунда чиқиши айтилган текширув натижалари ҳамон чиқмаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Мавзуга оид