Ўзбекистон | 15:00 / 05.09.2021
14027
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар Халқаро армия ўйинларида умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади

22 августдан 4 сентябрга қадар давом этган «АрМИ–2021» VII Халқаро армия ўйинларида ўзбекистонлик ҳарбийлар 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Мусобақада биринчи ўрин Россия жамоасига, учинчи ўрин Хитой вакиллари, тўртинчи ўрин эса Беларусь жамоасига насиб қилди.

Ўзбекистон вакиллари «Содиқ дўст» йўналишида эркаклар ва аёллар жамоаси, «Ҳарбий-тиббий эстафета» ва «Дала ошхонаси» беллашувларида олтин медалларни қўлга киритди.

Шунингдек, «Элбрус ҳалқаси», «Мерганлик марраси», «Отлиқ марафон», «Қуролсоз уста», «Хавфсиз муҳит», «Муҳандислик формуласи», «Хавфсиз маршрут», «Қутб юлдузи» ва «Қўшинлар разведка аълочиси» йўналишида кумуш медалларга сазовор бўлди. «Автозирҳли танк-техника устаси», «Ишончли қабул», «Йўл патрули» ва «Саян юриши» йўналишларида эса ўзбекистонликлар бронза медали соҳиби бўлди.

Бундан ташқари, мусобақалар давомида қайд этилган 37 та рекорд натижаларнинг 10 таси Ўзбекистон ҳисобига ёзилди.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги «АрМИ – 2021» халқаро армия ўйинлари 31 йўналишда 11 та давлат ҳудудида бўлиб ўтди. Мусобақаларда 42 та давлатнинг жами 277 та жамоаси таркибида 5000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар куч синашди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар 24 та йўналишда баҳсларда қатнашди.

Мусобақанинг «Ҳарбий-тиббий эстафета» ҳамда «Дала ошхонаси» йўналишидаги баҳслар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли «Фориш» полигонида бўлиб ўтди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид