Жаҳон | 21:39 / 07.09.2021
3957
2 дақиқада ўқилади

Гвинеяда ҳокимиятдан четлатилган вазирларга мамлакатни тарк этиш тақиқлаб қўйилди

Гвинеяда тўнтарилган ҳукумат аъзоларига мамлакатни тарк этиш тақиқлаб қўйилди.

Фото: Reuters

Гвинея махсус кучлари бошлиғи, давлат тўнтаруви етакчиси Мамади Думбуя президент саройида ҳукумат аъзолари ва давлат идоралари вакиллари билан учрашиб, аҳолининг барча қатламлари иштирокида ўтиш ҳукумати шакллантирилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, Думбуя ўтиш даврида вазирлар ва давлат хизматчилари мамлакатни тарк эта олмаслигидан огоҳлантирган. У, шунингдек, амалдорлардан хизмат автомобиллари ва ҳужжатларини топширишни талаб қилган.

Думбуя мамлакатнинг конлар жойлашган ҳудудларида комендантлик соатини бекор қилган ва савдо-иқтисодий соҳа ҳамда тоғ-кон компаниялари ўз фаолиятини давом эттиришини таъкидлаб ўтган. 

У, шунингдек, хорижий инвестициялар муҳимлигини ва яқин орада авиаалоқа тикланишини қўшимча қилган.

5 сентябрда Гвинеяда ҳарбийлар мамлакатнинг 83 ёшли президенти Альфа Кондени ҳибсга олишди ва ҳарбий тўнтарув амалга оширилгани ҳақида баёнот билан чиқишди. Тўнтарув етакчиси полковник Мамади Думбуя амалдаги конституция амал қилиши тўхташи, ҳукумат ва давлат институтлари тарқатилишини эълон қилган ва тез орада фуқаролар иштирокида янги конституция лойиҳаси тайёрланишини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид