Жамият | 18:40 / 07.09.2021
28005
13 дақиқада ўқилади

Қашқадарёча непотизм: тадбиркор ҳокимнинг таниш-билишчилик қилганидан азият чекаётганини айтмоқда

Қарши тумани ҳудудида фаолият олиб борувчи тадбиркор ўзига туман ҳокими қарори билан интенсив боғ учун ажратиб берилган ер майдонидан фойдалана олмаяпти. Унга кўра, юқори мансабдаги шахсларнинг таниш-билишчилиги туфайли унинг ерга эгалик қилишига тўсқинлик қилинмоқда.

Kun.uz’га мурожаат қилган Ботир Тўраев «ИССИҚХОНА-ҚУРИЛИШ» МЧЖга 2020 йил июль ойида асос солган. Унга тегишли корхонага Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг 29.10.2020 йилдаги қарори билан туман захирасидан 17,8 гектар ер 30 йилга ижарага ажратиб берилган.

 Ботир Тўрев, "Иссиқхона-Қурилиш" МЧЖ раҳбари

Аммо унга Қарши туман Чаман массиви ҳудудидан ажратиб берилган 7,8 гектар ернинг аввалги эгаси даъво қилиб, Б.Тўраевни судга беради ва ҳозирги кунда судда ютиб турибди.

Судлашувлар

Маълум бўлишича, 2020 йил 4 март куни Қарши туманининг аввалги ҳокими Ғайрат Бегалиев имзолаган қарор билан фуқаро Шерзод Ишанқуловга шу ҳудудда 9 гектар ер 49 йил муддатга ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил қилиш учун ажратилади.

Қашқадарё вилояти прокуратураси 2020 йил 7 октябрь куни Қарши туман ҳокими Бегалиевнинг бу қарорини бекор қилиш тўғрисида протест киритади. Қайд этиш жоиз, прокуратура протестига сабаб сифатида мазкур ер майдонини ажратиш танлов асосида ўтказилмагани, Ш.Ишанқуловга берилишидан бир кун аввал бу ер майдони «Лочин Жасур ҳамкор» фермер хўжалигидан захирага қайтарилгани кўрсатиб ўтилган.

Протест қаноатлантирилади ва 2020 йил 16 октябрь куни Қарши тумани ҳокими М.Мустафоева имзоси билан Ғ.Бегалиев имзолаган ўша қарор бекор қилинади. Боз устига, орадан 10 кун ўтгач Халқ депутатлари Қарши туман кенгаши қарори билан Ш.Ишанқуловга 9 гектар ер ажратиш тўғрисидаги ўша қарор бекор қилингани ижро учун қабул қилинади.

Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева. Фото: xs.uz

Ер Ботир Тўраевга тегишли МЧЖга расмийлаштириб берилгач, туман кадастр идорасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилади ва тадбиркор ер учун солиқ тўлай бошлайди.

Сўнгра Шерзод Ишанқулов маъмурий судга даъво аризаси киритади. 2020 йил 24 декабрда Қарши туман маъмурий суди судьяси А.Расулов раислигида кўрилган ишда аризачи Ш.Ишанқуловнинг аризаси қаноатлантирилади ва М.Мустафоеванинг Ишанқуловга ер ажратиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш тўғрисидаги ҳамда «ИССИҚХОНА-ҚУРИЛИШ» МЧЖга 17,8 га ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари бекор қилиниши ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилади.

Биринчи инстанция судининг ушбу ҳал қилув қарори 2021 йил 18 февралда Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатида бекор қилинади. Суд бунга асос сифатида, Ш.Ишанқуловга 9 гектар ерни қайтариб бериш учун «ИССИҚХОНА-ҚУРИЛИШ» МЧЖга 17,8 гектар ер ажратилиши тўғрисидаги қарор бекор қилинганини рўкач қилган.

Иш 2021 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида З.Қурбонова раислигида кўриб чиқилади ва Қарши туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори ҳам, апелляция инстанциясининг қарори ҳам бекор қилинади. Иш эса янгидан кўриб чиқиш учун қайта биринчи инстанция судига жўнатилади.

Ер икки бор тендерсиз ажратилган

Шерзод Ишанқуловнинг қайта даъво аризаси 2021 йил 14 июль куни Қарши туманлараро маъмурий судида судья Л.Зайниддинова раислигида кўриб чиқилади. Ҳал қилув қарорига кўра, Қарши тумани ҳокимининг прокуратура протестини қаноатлантириш ҳақидаги қарори бекор қилинади. 29.10.2020 йилда «ИССИҚХОНА-ҚУРИЛИШ» МЧЖга чиқариб берилган қарорининг аризачи манфаатига оид қисми, яъни 7,8 гектар ер ажратиш ҳақидаги қисми ҳақиқий эмас деб топилади.

Халқ депутатлари Қарши туман кенгашининг 26.10.2020 йилдаги 84/20-26-сонли қарорини бекор қилиш талаби маъмурий судга тааллуқли бўлмагани учун кўриб чиқилмаган.

Бу ерда қизиқ томони шундаки, вилоят прокурори ўринбосари ер майдони Ш.Ишанқуловга тегишли тартибда танлов ўтказилмасдан берилганини рўкач қилиб протест келтирган бўлса, суд мажлисларида ер майдони Б.Тўраев таъсисчи бўлган «ИССИҚХОНА ҚУРИЛИШ» МЧЖга ҳам танлов ва эълонларсиз, фақат корхона директори аризаси асосида берилгани тилга олинган.

Қарши туманининг собиқ ва амалдаги ҳокимлари ер ажратишда мавжуд тартиб-тамойилларга зид ҳаракат қилишгани жуда-жуда шубҳали, албатта.

Хуллас, ҳозирча юридик жиҳатдан келинган ечим шундай. Суд ҳокимнинг «ИССИҚХОНА ҚУРИЛИШ» МЧЖга 30 йилга ижарага ажратилган ернинг 7,8 гектарини бекор қилган, аммо халқ депутатлари туман кенгаши қарори бекор қилинмаган. Ҳозир 7,8 гектар ер формал жиҳатдан на Шерзод Ишанқуловда, на Ботир Тўраевга тегишли.

Таниш-билишлик занжирлари шунчаликми?

Ботир Тўраев ушбу ер майдонига оид можароларда биринчи инстанция судида айни пайтда Муборак тумани ҳокими бўлиб ишлаётган, Қарши тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Ариповнинг таниш-билишчилик қилаётгани ортидан унинг зарарига ҳал қилув қарорлари чиқарилаётганини гапириб берди. Ботир Тўраевга кўра, биринчи ва иккинчи инстанция суд мажлисларида Акром Ариповнинг шахсан ўзи келиб қатнашган ва Ш.Ишанқулов манфаатларини ҳимоя қилган.

Акром Арипов, Муборак туман ҳокими

Хусусан, Б.Тўраевга ер майдони ҳоким М.Мустафоева қарори билан ажратиб берилган чоғда Қарши тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Акром Арипов Шерзод Ишанқуловга почча ҳисобланади (туғишган опасига уйланган). Ўшанда туман ҳокими М.Мустафоева ҳамда унинг ўринбосари ўртасида мазкур масалада тортишувлар ҳам юз берган. Блогер Ақида Ханум Ариповни фош этувчи айрим маълумотларни Facebook’даги саҳифасида ҳам ёритганди. 

Ерлари кўп «замҳоким»дан гаров таклифи

Ботир Тўраев ҳам Чаман ҳудудидаги мазкур ер майдони аслида Акром Ариповга тегишли эканлигини таъкидлайди. Чунки ер Ш.Ишанқулов номига олинган пайтда туман ҳокими лавозимида ишлаган Ғайрат Бегалиев (марҳум) Акром Ариповнинг қудаси бўлган.

Бу фикрини тасдиқлаш учун Ботир Тўраев Kun.uz’га тақдим этган аудиоёзувда Акром Арипов шахсан ўзи унинг ишхонасига келиб, бу ер учун аввал музокара ўтказгани, Б.Тўраев бу таклифга унамагач, таҳдид қилганини эшитиш мумкин.

А.Арипов айни пайтда Касби туманида жами 212 гектар ери борлигини, уларни отаси, кейинроқ укасининг номига расмийлаштирганини тан олган. Шерзод Эшонқулов номига олинган ер аслида ўзиники эканлигини, қайнотаси номига чиққан иссиқхонага ҳам ўзи қарашиб юрганини гапирган. 7,8 гектар ер ўрнига ундан 10 баробар зиёдроқ сувли ернинг қарорини бугуноқ чиқартириб бера олишини гапиради. Энг охирида «шу ерга кира олмайсиз, гаров ўйнайсизми?» дейди. Сўнгра «Насаф» массивидаги 10 гектар ернинг қарорини ҳам бекор қилдириб ташлайман», деб таҳдид қилиб чиқиб кетади.

Ҳокимми ёки тадбиркор?

Очиқ маълумотлар базаси орқали текширганимизда 2020-2021 йилларда очилган, айни пайтда фаолият кўрсатаётган, 100 фоиз улуш билан таъсисчиси ва раҳбари бўлган Акром Оромович Арипов бўлган МЧЖ (кластер), у раҳбар сифатида кўрсатилган яна иккита масъулияти чекланган жамияти борлигига гувоҳ бўлдик.

1. Таъсисчиси ва раҳбари Акром Арипов бўлган, пахта етиштиришга ихтисослашган «KASBI SARA URUG‘ KLASTERI» МЧЖ 2021 йил 8 март куни очилган. (Устав фонди 500 млн сўм).

2. Раҳбари А.Арипов кўрсатилган, маргарин ва овқатга ишлатиладиган аралаш ёғлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «QASHQADARYO UN YOG‘-MOY MAHSULOTLARI» МЧЖ 2020 йил 20 октябрда очилган. (Таъсиcчиси: Авилов Абдулла Хўжаёрович (100 фоиз), устав фонди — 100 млн сўм).

3. Раҳбари А.Арипов бўлган, нон, хамирдан янги тайёрланган қандолат маҳсулотлари, торт ва пирожное ишлаб чиқаришга ихтисослашган «KOSONSOY URGUT» MЧЖ хорижий корхонаси 2020 йил 17 ноябрда очилган. (Устав фонди 350 млн сўм). Таъсисчиси — Назарий Жумақул. (Бу инсонга тегишли, яшаш учун мўлжалланмаган бинолар қуришга ихтисослашган яна бир МЧЖ шаклидаги «URGUT ALOQA» корхонаси Сурхондарё вилояти Шеробод туманида рўйхатга олинган).

«Қўйнингдан тўкилса — қўнжингга»

Юқорида қайд этилганидек, иш олий суддан қайтарилгач, қайтадан Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси Л.Зайниддинова томонидан кўриб чиқилган. Ботир Тўраев Л.Зайниддинова айни пайтда А.Арипов ҳокимлик қилаётган Муборак туман ИИБ бошлиғи Хўжаназар Баҳриевнинг келини эканлиги, суд қарори унинг зарарига таниш-билишчилик орқали чиқартирилганини таъкидлаб ўтди.

Боз устига, Чаман ҳудудида ушбу ер майдонига яқин ҳудудда Қарши тумани ҳокимининг 2010 йил 11 августдаги X435-8-сонли қарори билан Сайфи Ишонқуловга 2 гектар ер иссиқхона биносини лойиҳалаштириш учун ажратиб берилган.

Сайфи Ишонқулов — Шерзод Ишанқуловнинг отаси, Акром Ариповнинг эса қайнотаси бўлади. Қайд этиш лозимки, 2010 йилда Акром Арипов вилоят ҳокими (Н.Зайниев)нинг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Биз кўп йиллар педагог бўлиб ишлаган Сайфи Ишонқуловни топдик ва унга айрим саволларни бердик. Дарҳақиқат, отахон 11 йил аввал унга 2 гектар ер ажратиб берилганини, ундан ҳозиргача фойдаланаётганини айтди.

Сайфи Ишонқулов

«2 гектар ердан қанча қисмида иссиқхона қурилган?» — дея берган саволимизга «30 сотихча жойда», деб жавоб берди отахон. «Нега 2 гектарда тўлиқ иссиқхона барпо этилмади?» — деб берган иккинчи саволимизга «секин-аста, шароитга қараб қиляпмиз», деган жавобни олдик.

Аммо ажратиб берилганига 11 йил бўлган 2 гектар жойда тўлиқ иссиқхона барпо этмасдан, ундан хўжасизларча фойдаланиб келинаётгани ғалати эмасми? Аслида, бу ер ҳам А.Ариповга тегишли, буни аудиоёзувда ўзи ҳам қисман тан олган.

Ушбу ер майдонлари атрофида фуқаролар янги иморатлар кўтаришмоқда. Текширилса, кимдир ноқонуний тарзда эгаллаган чиқар, кимларгадир «снос» эвазига шу ҳудуддан қонуний ер майдони ажратиб берилган. Б.Тўраевнинг таъкидлашича, ерни банд қилишдан мақсад — иссиқхона қуриб фойдаланиш эмас, пайт пойлаб одамларга турар жой қилиб сотиб юбориш.

Бизга Б.Тўраевнинг бу фарази асоссиз кўринди, чунки Google Maps харитаси орқали С.Ишонқуловга ажратиб берилган ернинг сўнгги 10 йиллик ҳолатини текшириб кўрганимизда, ер майдонининг контури ўзгармаганига гувоҳ бўлдик.

Б.Тўраев таниш-билишчилик орқали унга зарар етказилаётганини айтмоқда. Иккинчи инстанция судида ғолиб чиққач, у ўзига ажратиб берилган ернинг 7,8 гектарига интенсив боғ барпо этиш учун Фарғона вилоятидан 60 млн сўмга 12 минг дона мевали дарахтлар кўчатлари олиб келиб ўтқазгани, артезиан қудуқ қаздиргани, катта пулга томчилатиб суғориш учун ускуналар харид қилганини айтади.

Бироқ А.Арипов Муборак туман ҳокими этиб тайинлангач, қайтадан судга ариза бериб, унинг зарарига ҳал қилув қарорлари чиқаргани, оқибатда 500 миллион сўмдан зиёд харажатига куйиб қолиши мумкинлигини таъкидлади.

Айни пайтда Ш.Ишанқулов ва унинг қариндошлари Б.Тўраевни кўчат экилган майдонга уларни киритмагани учун у ерни ёввойи ўтлар босиб ётибди; улар фақат 2 гектар жойни парваришлашга муваффақ бўлишмоқда. Ер майдонининг Б.Тўраев ҳали тасарруф этишга улгурмаган қисмида эса Ш.Ишанқулов сабзавот эккан, ҳозир шудгорлаб ташлаган.

Пайдо бўлган зиддиятли вазият ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлгандирсиз. Биз мазкур масала юзасидан тушунтириш олиш учун Қарши ва Муборак тумани ҳокимларига қўнғироқ қилиб, боғлана олмадик.

Албатта, Акром Арипов бир туман раҳбари бўлиб туриб, иккинчи бир туманда пахтачиликка ихтисослашган кластернинг таъсисчиси ва раҳбари бўлиб ишлаётгани жуда ҳайратланарли. Қолаверса, унинг яқин қариндошларига ҳам унинг мансаб ваколатларидан фойдаланиб, ер ажратилиши непотизмдан дарак бериб турибди. Аслида, бу ҳам коррупциянинг бир тури ҳисобланади.

Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган Ботир Тўраев келтирилган важларни юқори органлар текшириб кўришидан ва бу ишда адолат тантана қилишидан умидвор.

Аввалроқ «SULTON TEKS GROUP» кластерининг раҳбари Нурбек Эргашев Акром Ариповни бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевга сохта ва нотўғри ахборотлар тайёрлаб берганликда айблаган эди.

Акром Арипов 2020 йил январида Нишон туманида вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг топшириғига кўра фермер даласига кириб, ғаллани пайҳон қилган қўйларни сўйдириб ташлагани билан интернетда машҳур бўлган амалдордир.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид