Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзбекистонда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» — Адлия вазирлиги
Адлия вазирлиги аёллар ҳуқуқларини чеклашни тарғиб қилиш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотишни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабар берди. Вазирлик диний қарашларни мажбурий сингдиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат жавобгарликни келтириб чиқаришини қайд этди.
Адлия вазирлиги Ўзбекистон дунёвийлик принципида ривожланиш йўлини танлаганини эслатиб баёнот билан чиқди. «Ўзбекистон жамияти дунёвийлик принципида ривожланиш йўлини танлаган» сарлавҳали мақолада Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасига кўра ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги қайд этилгани келтирилган.
«Бу шуни англатадики, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиш ёки қилмасликда мустақилдир. Ҳар бир шахс бошқаларнинг виждон ва эътиқод эркинлигига эга эканлигини тан олиши шарт», дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирлик фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари зарурлигини қайд этган.
«Кузатувлар кўрсатяптики, ахлоқий-диний нуқтайи назарларни ҳуқуқий муносабатлар предметига айлантиришга уриниш, миллий қадриятларимизга зид, инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини топтовчи ва чекловчи ахборот ташвиқотлари олиб бориш ҳолатлари аниқланди», дея қайд этилади баёнотда.
Вазирлик маълумотига кўра, диний мавзуда чиқишлар қиладиган ва шу соҳада фаолият юритадиган айрим шахслар томонидан аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш, уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш, айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатиш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш ва бошқа шу кабиларни тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
«Айниқса, жамиятнинг муайян қатлами бошқаларнинг қарашлари, хатти-ҳаракатлари, турмуш-тарзига фақат битта ўлчам — ўзларининг ахлоқий-диний қарашлари мезони билан баҳо беришига тоқат қилиб бўлмайди», дея таъкидлайди вазирлик.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилган. Мазкур норма Ўзбекистон миллий қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Конституциясининг 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.
«Албатта, аҳоли, айниқса ёшларни онгига Ўзбекистон жамиятининг бой тарихий-маънавий қадриятларини сингдириш мақсадга мувофиқ. Адлия вазирлиги тарбия муҳимлигини таъкидлагани ҳолда, бу жараён инсон ҳуқуқлари бузилиши, айниқса, фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ҳисобига амалга оширилишига йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этади», дея таъкидлайди вазирлик.
Биринчи навбатда, инсонлар хулқ-атворига ва юриш-туришига алоҳида шахсларнинг ахлоқий-диний қарашлари ёки ўлчовлари билан эмас, балки амалдаги қонунчилик талаблари нуқтайи назаридан баҳо берилиши лозимлиги айтилган.
«Яъни фуқаролар қонунларга риоя қилар экан, ўз ҳаёт тарзини эркин ва аралашувларсиз танлаши мумкиндир ва бу энг муҳим конституцион ҳуқуқлардан бири. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқа динга эътиқод қилувчи ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган фуқароларнинг ҳуқуқларини инобатга олиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш Конституциявий бурч ҳисобланади», дейилади баёнотда.
Вазирлик Ўзбекистонда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслигини, шунингдек, қатъий ва ўзгармас ушбу конституциявий тамойилдан ҳеч қачон воз кечилмаслигини қайд этган, шахсларга диний қарашларни мажбурий сингдиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, тарғибот-ташвиқот жавобгарликни келтириб чиқариши эслатилган.
«Ўзбекистон халқи бундан 30 йил олдин ўзининг тараққиёт йўлини танлаб олган — у дунёвийликка асосланган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлайди. Ушбу ҳақиқатни шубҳа остига олишга, мутаассиб ғояларни тарғибот қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дея якунланади баёнот.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойи охирида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ислом цивилизация маркази ходими Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий номи билан танилган блогер) ва бошқа шахслар Тошкент шаҳридаги китоб дўконларига ташриф буюриб, бу жойлардаги китоблар ислом ғоясига қанчалик мос келиши борасида тафтиш ўтказишганди.
Бундан ташқари, Аброр Абдуазимов Да Винчи ва Рембрандт каби рассомларнинг ижод намуналарига қарши фикр билдирган, шунингдек, радиодаги чиқиши чоғида «аёлларга калтак ейиш ёқиши» ҳақида гапиргани шов-шувларга сабаб бўлганди.
Мавзуга оид
09:09 / 22.04.2025
Ўзбекистон халқаро ислом академияси номи ўзгартирилди
11:28 / 08.04.2025
Коррупциявий жиноятлар Адлия вазирлиги тизимида 22 фоизга, ҳокимликларда 43 фоизга камайди – Антикоррупция агентлиги
10:10 / 04.04.2025
Тасвирга олиш учун розилик олиш талаби ОАВ фаолиятига қандай таъсир қилади? Адлия вазирлиги изоҳи
16:09 / 18.03.2025