“Бобур” боғи ўз эгалари – аҳоли фойдаланиши учун қайтарилди
Президент танқидидан сўнг кўплаб боғ ва хиёбонларда одамлар ҳордиқ чиқаришлари учун етарли шароит яратишга қаратилган ишлар бошлаб юборилган. Пойтахт аҳолиси орасида “Бобур” номи билан машҳур, айни дамда “Дўстлик” дея аталувчи истироҳат боғи қайта таъмирланмоқда. Янгиланаётган боғ келгусида шаҳар аҳолиси дам оладиган сўлим масканга айланади.
Охирги йилларда Ўзбекистон катта қурилиш майдонига айланди. Сўнгги 5 йилликни Ренессанс ва янги Ўзбекистон атамалари билан улуғлаётганда ушбу бунёдкорлик ишларининг айрим акс таъсирлари ҳам кўзга ташланиб қолаётгани эътироф этилди. Айниқса, охирги бир йилда аҳолининг қурилишлар туфайли юзага келаётган экологик ва бошқа ноқулайликлар ҳақидаги эътирозлари кўпайди. Бунга президент ҳам яқинда ўтказилган видеоселекторда эътибор қаратди.
Гап шаҳарларнинг яшил ҳудудлари ва парклар ҳақида. Kun.uz пойтахтимиздаги реконструкция ва қурилишлар туфайли ўз фаолиятини тўхтатган айрим истироҳат боғлари сирасига кирадиган “Дўстлик” боғи (собиқ “Бобур” боғи) аҳолига қайтарилаётганидан мамнун ва бу янгиликни дарҳол Тошкент аҳолисига етказишга ошиқди.
Боғ қурилишида иштирок этган қурувчилар бригадаси бошлиғи Саидкарим Саидалиев ҳудудда амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари Фарҳод Деҳқонов нафақат бу боғ, балки бошқа яшил ҳудудлар масаласига ҳам тўхталди. Ҳар икки мутахассиснинг айнан бир масалага алоҳида эътибор қаратгани ўринли: Саидалиев ҳам, Деҳқонов ҳам боғ реконструкцияси жараёнида бирор дарахат кесилмаганини, дарахтларга зиён етмаслиги учун айрим ҳолатларда техниканинг ўрнига қўл меҳнатидан фойдаланилганини таъкидлашди. Яъни дарахтлар зич жойларга техника кириб ишлаш имконияти бўлмаган пайтларда ўша халал бераётган дарахтлар кесилиб, осон ечим топилмаган, билъакс, техниканинг ўрнига одамлар ўша ишларни бажарган. Албатта, бу қатор қийинчиликларни келтириб чиқарган ва боғни фойдаланишга топшириш муддатига ҳам таъсир ўтказган, дея маълумот беришди мутахассислар. Бу ишлар мораторийга қарамай урчиб бораётган дарахткесарларга ўрнак бўлиши лозим.
Яна бир арзирли жиҳат: айтилишича, бу боғда аттракционлар бўлмайди. Боғ ҳудуди сокин, яшил макон бўлади, шунингдек, очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиш учун боғнинг турли бурчакларида футбол, волейбол, воркаут майдончалари ташкил этилган. Ва, албатта, боғга кириш бепул экани маълум қилинди.
Сентябрь ойи охирига қадар фойдаланишга топширилиши мўлжалланаётган боғдан репортажни томоша қилинг.
Бобур Акмалов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи Махмуд Солиев