Жаҳон | 23:19 / 16.09.2021
6207
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Doing Business рейтингини эълон қилишни тўхтатди  

Жаҳон банки турли давлатларда бизнес юритиш шароитларини баҳоловчи Doing Business рейтингини эълон қилишни тўхтатишини маълум қилди. 

Фото: Andrew Harnik / AP

“Банк раҳбарияти Doing Business ҳисоботини эълон қилишни тўхтатишга қарор қилди. Келгусида ишбилармонлик ва инвестицион муҳитни баҳолашга янгича ёндашамиз”, деб айтилган банк хабарида.

Жаҳон банкида таъкидланишича, ушбу қарор 2020 йил июнда аввалги рейтингларни тайёрлашда йўл қўйилган хатолар ҳақида маълумотлар пайдо бўлгани сабабли қабул қилинган. Банк ўтган йил августда навбатдаги рейтингини эълон қилишни хатолар туфайли тўхтатган. “Биз олинган натижалар асосида ҳаракат қиламиз ва хатолар туфайли энг кўп жабр кўрган давлатлар маълумотларига тўғрилашлар киритамиз”, деб айтилган банкда.

Шундан кейин охирги бешта ҳисобот таҳлил қилинган. Унинг натижасида Doing Business -2018 ва Doing Business-2020 ҳисоботларида маълумотлар ўзгаришига тааллуқли бир қатор қоидабузарликлар аниқланган.

Рейтингда 190 та давлатда бизнес очишнинг соддалиги, солиқлар тўланиши, қурилишга рухсат олиш, электр тармоқларига уланиш, халқаро савдо, кредитлашни жалб қилиш, банкротлик жараёнини тартибга солиш ва бошқа мезонлар бўйича бизнес-муҳит баҳоланган.

Охирги эълон қилинган Doing Business 2020 рейтингида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаганди.

Мавзуга оид