Ўзбекистон | 09:11 / 18.09.2021
4520
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат бозори ўз талабларини ОТМга содда ва лўнда тилда етказиши керак – Таълим инспекцияси

Фото: Таълим инспекцияси

 

16–17 сентябр кунлари пойтахтдаги WYNDHAM меҳмонхонасида рақобатбардош кадрлар тайёрлашда таълим ва меҳнат бозори ҳамкорлиги мавзусига бағишланган тадбир ўтказилди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ЮНЕСКО ташкил қилган тадбирда ОТМ ўқув дастурлари янгиланиши кераклиги ва Ўзбекистонда Миллий малака рамкасини жорий қилиш бўйича таклифлар ўрганилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоевга кўра, олий таълим муассасалари ўқув дастурлари янгиланишга муҳтож. Сабаби ҳозир таълимда интеграция олдинги ўринга чиққан. ОТМда ўқитиладиган фанлар, фойдаланиладиган дастурлар халқаро андозалар ва меҳнат бозори талабларига жавоб бериши керак.

“Иш берувчилар орасида ўтказилган сўровномаларга кўра, 50 фоизга яқин ОТМ битирувчилари янги иш ўринларида қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунингдек, ёш ходимлар ўртасида ўтказилган сўровномалар ҳам ўқиган фанларининг бир қисми иш жараёнида керак бўлмаётганини кўрсатди”, – деди инспекция бошлиғи.

Улуғбек Тошкенбоев 2021/2022 ўқув йилидан барча давлат ОТМларининг кредит-модулга ўтгани ОТМлар ўқув режа ва дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаши шартлигини кўрсатганини ва бунда меҳнат бозори ўз талабини содда ва лўнда тилда ОТМга етказиб бериши кераклигини таъкидлади.

 

Мавзуга оид