Спорт | 20:18 / 20.09.2021
6061
2 дақиқада ўқилади

Волейбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё чемпионатини 13-ўринда якунлади

12-19 сентябрь кунлари Япониянинг Чиба шаҳрида ўтган волейбол бўйича Осиё чемпионатида қатнашган Ўзбекистон миллий жамоаси турнирни 13-ўринда якунлади.

12 йиллик танаффусдан сўнг қитъа биринчилигида иштирок этган вакилларимиз мусобақани «С» гуруҳида бошлаб, квартетдаги учта учрашувда ҳам мағлуб бўлди. Австралия (0:3) ва Хитойга (0:3) қарши ўйинлар уч партия давом этган бўлса, Кувайт билан ўйин тўрт партия давом этиб, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлинди. Бу эса Ўзбекистоннинг гуруҳда сўнгги ўринда қолишига сабаб бўлди.

Ўз гуруҳларида 1-2-ўринларни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичида медаллар учун курашни давом эттирган бўлса, 3-4-ўринларни банд этган юрт вакиллари 9-16-ўрин эгаларини аниқлаб олиш учун баҳс юритишди.

9-16-ўринлари учун курашга киришган Ўзбекистон дастлаб Баҳрайнга уч партияда ютқазди, турнирдаги 5-ўйинда эса Ҳиндистонга ҳам имконият бой берилди - 0:3.

Натижада сўнгги ўринлар – 13-16-ўринлар учун кураш кечган баҳсларда Ўзбекистон дастлаб бешта партияда Тайландни 3:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса, 19 сентябрь куни 13-ўрин учун курашда Ҳонгконг уч партияда 3:0 ҳисобида мағлуб этилди.

Чемпионлик учун кечган финал баҳсида эса Эрон мезбон Японияни уч партияда 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, 4 йил ичида кетма-кет иккинчи марта Осиё чемпионига айланди. Форслар вакили Собир Козими турнирнинг энг яхши ўйинчиси деб топилиб, MVPга лойиқ кўрилди. Япония – кумуш, Хитой – бронза соҳибига айланди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон волейбол миллий жамоаси сўнгги маротаба бундан 12 йил муқаддам қитъа чемпионатида иштирок этганди. Кейинчалик Ўзбекистон турли сабабларга кўра Осиё чемпионатига бормагани сабабли Осиё волейбол конфедерацияси Ўзбекистон волейбол федерациясини қитъа миқёсидаги ҳар қандай мусобақада иштирок этишини тақиқлаб қўйганди.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид