Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қарши бозорида қурилган супермаркет ва 20 йиллик автошоҳбекат можароси: тадбиркор прокуратурадан норози
Қаршилик Исмоил Панжиев тўқнаш келган муаммолар Kun.uz сайтида уч йилдан буён ёритиб келинади. Қарши шаҳар ҳокимининг ғалати қарорлари, прокуратура бу ишларга панжа орасидан қараётгани ишни республика даражасида ўрганиш кераклигини тақозо этмоқда.
2000-йиллар бошида шаҳар четидаги, янтоқзор ва ўйдим-чуқур ташландиқ жойни обод қилиб, автошоҳбекат қуриб фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорнинг бошқаларга бериб юборилган ўз ерини қайтариб олишига прокуратура астойдил қаршилик кўрсатмоқда. Мурожаатчига кўра, прокуратура органлари давлат манфаатларини эмас, хусусий фирма манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Судма-суд қатнаб чарчаган, «Асилбек Сайёра» савдо ишлаб чиқариш корхонасига раҳбарлик қилиб келаётган Исмоил Панжиев шундай ҳикоя қилади:
«Шу ҳудудни ўша вақтдаги шаҳар ҳокими 2000 йилда истамасам ҳам, мажбурлаб менга берган эди. Ташландиқ, ўйдим-чуқур жойлар эди. 6 метрлик котлован бор эди. Камаз-камаз тупроқ ва шағал билан тўлдириб, текислаб майдон қилдим, автошоҳбекат барпо этдим.
Ёнимиздаги Ерқўрғон деҳқон бозори ҳам кейинчалик, 2001 йилда қурилди. Шу бозорнинг оёққа туришида ҳам ўзим бош-қош бўлганман. Одамларни чақирганман. Бозордан 20 миллион сўмлик акцияларим ҳам бор.
Бугунги кунга келиб бу ҳудуд йириклашди, ривожланди, сердаромад жойларга айланди. Энди мен бир пайтлар эпақага келтирган, кейинчалик обод қилган, одамларни иш билан таъминлаб турган жойимга кўз олайтириб, тортиб олишга уринишмоқда».


Тилла баҳосига тенглашган ер
Исмоил ака қанақа муаммога дуч келганини лўнда қилиб, бу ишлар ортида кимлар тургани ва қандай манфаатлар ётганини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Аслида ҳам, мўмай даромад келтириши мумкин бўлган ҳудуддаги 1 гектардан зиёд ер майдони анчадан буён Қарши шаҳри ҳокимлиги мулозимларининг тушларига кириб, оромини ўғирлаб келмоқда.
Тўғри-да, сотихи бугунги кунга келиб тилла нархида бўлган 1 гектар ер майдонига «юқори»да таниш-билиши ва одил суддан бошқа илинжи йўқ аллақандай Исмоил Панжиевдек кичик тадбиркорнинг бир ўзи эгалик қилиши адолатданми? Албатта, бу ҳол билан асло келишиб бўлмайди! Шу сабабли 2003 йилдан бери бу ерни ундан тортиб олишга уринмаган Қарши шаҳар ҳокимининг ўзи йўқ.
Исмоил Панжиев эса сабот билан судларда қатнашиб, ўз мулкини ҳимоя қилавериб, профессионал бўлиб кетган. Аммо бугунга келиб унинг важларига на суд, на прокуратура, на шаҳар ҳокимлиги қулоқ тутмоқда. Сабаб кундек равшан: эндиликда ернинг баҳоси ниҳоятда қиммат! Қиммат нарса учун риск қилинса ярашаверади.
Биз кейинги йилларда турли вилоятлар маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларида узоқдан узоқ вақт кўрилган суд мажлислари ва чиқарилган қарорга тўхталиб ўтирмаймиз.
Ерқўрғон бозорида президент қарорига зид қурилган савдо мажмуаси
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 23 мартдаги «2017–2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-2853-сонли қарорига мувофиқ, Ерқўрғон деҳқон бозори ҳудудида ҳам III типдаги савдо мажмуаси (бир қаватли супермаркет, 1441,5 кв.м жойда) қурилиши белгиланади.

Шу қарорнинг 17-бандида, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб жорий этиладиган тартибга мувофиқ, деҳқон бозорларига туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ушбу деҳқон бозорлари таркибига ўтказилиши ва кейинчалик улар фаолиятидан тушган пул тушумлари деҳқон бозорларининг солиқ солинадиган даромадлари таркибига киритилиши ҳамда ушбу маблағларнинг 50 фоизи маҳаллий бюджетларга йўналтирилиши белгиланган.
Қарши шаҳрининг ўша вақтдаги ҳокими Жамшид Фозилов имзоси билан аввал «Асилбек Зиёда» СИЧК тасарруфида бўлган 0.8 га ер майдонидаги автомобиллар тўхташ жойи «Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори» АЖ тасарруфига ўтказилади. Шу куннинг ўзида бозор ихтиёридан шаҳар ҳокимлиги захирасига қайтарилади ва у майдонга III типдаги супермаркет қуриш учун «NBU Бунёдкор инвест» МЧЖга эгалик ҳуқуқи билан чиқариб берилади.

Ҳолбуки, президент қарорида III типдаги, бир қаватли супермаркет қуриш учун мажмуаси 1441,5 кв.м ер майдони ажратилиши белгиланган. Лекин шунга қарамасдан, «NBU Бунёдкор инвест» МЧЖ бозор ҳудудида сендвич панеллардан бир қаватли супермаркет ўрнига темирбетон қурилмалардан икки қаватли супермаркет қуради. Боз устига, 1441,5 метр квадрат ўрнига 1,67 гектар ерни ўзиники қилиб олади.


Шуниси қизиқки, Қарши шаҳар ҳокимининг «NBU Бунёдкор инвест» МЧЖга эгалик ҳуқуқини берувчи бир кунда бир рақам остида икки хил қарори мавжуд. Бирида 1441,5 квадрат метр ер ажратилиши кўрсатилган бўлса-да, иккинчисида 1,67 гектар!!!
Жиноятлиги шундоқ кўриниб турган ҳолат устидан судда хусусий ажрим чиқарилган бўлса-да, қаршилик прокурорлар ишни жиноят аломатлари йўқ, дея ёпти-ёпти қилиб юборишади.
Аслида Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозиловнинг 14 сотих ер ажратиш ҳақидаги қарори президент қарорига мос бўлса-да, кейинги ҳужжатлар аслида ноқонуний бўлган ер майдони 1,67 гектарга ўзгартирилган қарорга мувофиқ тайёрланади (бу ер майдонининг 80 сотихи «Асилбек Зиёда» СИЧКга, 87 сотихи Ерқўрғон деҳқон бозорига тегишли).


Энди мушоҳада қилинг: бозорлардаги 51 фоизлик улуши юзасидан ҳокимликлар пул маблағи билан киришмайди. Улар 51 фоиз улушини ер майдони билан шакллантиради. Бозор улушдорларининг рухсатисиз 87 сотих у ёқда турсин, 14 сотих жойни ҳам биргина қарор билан бериб юбориш қонунга зид. Чунки 14 сотих ер камайса, автоматик равишда маҳаллий ҳокимликнинг 51 фоизлик улуши ҳам камаяди. Бу эса амалдаги қонунчиликка тўғри келмайди. Бозорнинг ери резинка эмас-ку, у ёғидан қайчиланса ҳам, бу ёғидан кесиб олинса ҳам 51 фоиз улушни тамсил этиб тургани?!
Устига устак, президент қарорида 51 фоиз давлат улуши сақлаб қолиниши белгилаб қўйилган бўлса-да, супермаркет уни қурган «NBU Бунёдкор инвест» МЧЖ томонидан аукционга чиқарилади ва супермаркетни «GRAND SEVINCH GROUP» МЧЖга 5 млрд сўм эвазига харид қилади.
Аукционга албатта, супермаркет биноси билан бирга «Асилбек Зиёда» СИЧКга тегишли 80 сотих ва Ерқўрғон деҳқон бозорига тегишли 87 сотих ер майдони ҳам қўшиб тикилади.
Табиийки, Исмоил Панжиев раҳбар бўлган «Асилбек Зиёда» СИЧК ер майдони учун супермаркетни харид қилган янги корхона билан судлашишга мажбур бўлган. Муборак туман маъмурий суди Қарши туман ҳокимининг тўртта қарорини бекор қилади.
Иқтисодий судда аукцион ҳам бекор қилинади. Ҳал қилув қарори ижрога қаратилади. Лекин орадан бир йил ўтса-да, ижро ҳаракатлари амалга оширилмаган.
Прокуратура саводсизми ёки манфаатдор?
Судларда у ғолиб чиққач, судлар «GRAND SEVINCH GROUP» МЧЖнинг судга даъво аризаси киритишга йўли қолмайди ва гарчи давлат ва жамоат манфаатларини кўзлаши керак бўлса-да, ўртага прокуратура аралаша бошлайди ва ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган қудратли тижорат ташкилоти манфаатини кўзлаб, судга ариза билан мурожаат қилмоқда.
Фуқаролик процессуал кодексининг 50-моддасида суд процессида прокурорнинг иштироки белгилаб қўйилган. Унга кўра, агар фуқаро соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Аммо, яхшигина адвокатларга эга «GRAND SEVINCH GROUP» МЧЖ бақувват ташкилот бўлса-да, давлат манфаатларини кўзлаб берилган аризадан сўнг судда «GRAND SEVINCH GROUP» МЧЖ манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Яъни, икки хусусий ташкилот ўртасидаги можарода прокуратура улардан бирига "адвокатлик" қилмоқда.
Ўртадан «лоп» этиб 619-сонли «бомба» чиқиб қолди-ю!
Ва бу қоғоз қашқадарёлик судьялар ва прокурорлар учун нажот фариштасининг ўзи бўлди. Энг қизиғи, бундай қарор борлигидан на шаҳар прокуратураси, на шаҳар ҳокимиятининг хабари бўлган. 9 йил аввал чиқарилган ва ҳеч кимнинг хабари бўлмаган қарорни архивдан Исмоил Панжиевнинг ўзи яқинда топиб, судга тақдим этган... Ва ўз бўйнига «сиртмоқ» ташлаган.
Бу қандай қарор эканки, сиртмоққа менгзалмоқда? Аслида бу ҳужжатнинг ҳам шаҳар ҳокимлигининг ерни тортиб олишга бўлган аввалги қарорларидан фарқи йўқ. 2012 йил 2 августда шаҳар прокурори шаҳар ҳокимининг қарорига кўра И.Панжиевга Ерқўрғон бозорига туташ ҳудуддан 1,28 га, «Асилбек Зиёда» СИЧК бинолари остидаги 1050 кв.м ер майдонлари ноқонуний берилгани, ер майдонлари Ерқўрғон деҳқон бозорига қайтарилиши юзасидан протест келтирган. Шаҳар ҳокимлиги протестни қаноатлантирган. Аммо бу ҳақда Исмоил Панжиевга ҳеч ким хабар бермаган. Яъни қарор ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаган ва ижрога қаратилмасдан архивга равона бўлган.



Исмоил Панжиев судларда ғалаба қозониб, босқичма-босқич қуриб келаётган ғалаба пирамидасини биргина мана шу қарор бузиб юборди. Қарши шаҳар ҳокимининг 2012 йил 15 августдаги 619-сонли қарорини бекор қилдириш учун маъмурий суднинг биринчи ва иккинчи инстанциясида И.Панжиев ютқазиб турибди. Ҳозир иш Олий судда, бу сафар ҳам нажот Олий судга қадалган.
Биринчидан, И.Панжиев эгалик қилаётган ер ҳеч қачон Ерқўрғон бозорига тегишли бўлмаган. И.Панжиев бу ерларни обод қилиб, автошоҳбекат қурганида Ерқўрғон деҳқон бозори катта бозор эмас, унча-мунча одам келишга эринадиган бозорча бўлган.
Қолаверса, 619-сонли қарор кучида бўлса, компенсация масалалари ўртага чиқади, И.Панжиев раҳбарлигидаги «Асилбек Зиёда» СИЧКга зарарларни қоплаш учун эвазига нимадир, пул ёки бошқа ер майдони берилиши керак эди. Лекин, юқорида таъкидланганидек, 619-сонли қарордан ҳеч кимнинг хабари бўлмагани боис, ерни «Асилбек Зиёда» СИЧКдан олиб қўйиш ҳақида қайта-қайта янги қарорлар чиқаверган. Шу фактнинг ўзи бу қарор ҳеч қандай кучга эга эмаслигини кўрсатади.
Хуллас, айни пайтдаги ишда 2012 йилдаги 619-сонли қарор Олий судда бекор қилинсагина Исмоил Панжиевнинг иши олдинга силжийди. Акс ҳолда архивдан «тирилиб» келган бир парча қоғоз барча ҳаракатларни зое кеттиради.
Энг қизиғи, бу ёқда ҳали бекор қилинган аукцион бор, «GRAND SEVINCH GROUP» МЧЖ ноқонуний эгалик қилаётган ер майдонлари бор. Уларнинг тақдири нима бўлади? И.Панжиев мабодо Олий судда енгилса ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетадими?
Ушбу вазиятда энг оқилона ва адолатли йўл — 2 қаватли супермаркет биноси «GRAND SEVINCH GROUP» МЧЖга берилиши, «Асилбек Зиёда» СИЧКга 80 сотих автомобиллар тўхташ майдони қайтарилиши, Ерқўрғон деҳқон бозорига ҳам тортиб олинган 87 сотих ер майдони қайтарилишидир. Адолат шу. Лекин бу адолатга Қаршида кимлардир кўнмайди ва асло рози бўлмайди. Сабабини тушунгандирсиз...
Биз эса вазиятни кузатишда давом этамиз.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Мавзуга оид
13:05 / 14.04.2025
Ural Airlines'нинг Қарши - Москва рейси техник сабабларга кўра бекор қилинди
18:13 / 31.03.2025
Қарши шаҳрида ўзбек-немис қўшма мактаби ташкил этилади
16:09 / 28.03.2025
Қаршида солиқ инспекцияси ходими пул талаб қилиб олганида ушланди
16:41 / 14.03.2025