Жаҳон | 14:33 / 22.09.2021
16395
8 дақиқада ўқилади

Скрипалларнинг заҳарланиши. Британия яна бир гумонланувчига айблов эълон қилди

Британия полицияси Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ) собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланишига алоқадор ҳисобланган учинчи россиялик номини расман маълум қилди.

Фото: METROPOLITAN POLICE

Полиция бу шахс Денис Сергеев бўлиб, у «Сергей Федотов» лақаби остида ҳаракатланганини айтган.

Сергей Скрипалнинг заҳарланиши ишида яна бир шахс иштирок этгани ҳақидаги хабарлар ОАВда 2019 йил бошидаёқ пайдо бўлганди. Ўшанда Bellingcat тадқиқотчилари «Федотов» тўқима ном бўлиб, у аслида Денис Сергеев эканини айтишганди.

Кейинроқ BBC Денис Сергеев Россия Бош разведка бошқармасида генерал-майор рутбасида эканини аниқлаганди. Сергеев Скрипалнинг заҳарланишида айбланаётган гуруҳга раҳбарлик қилган бўлиши мумкин.

«Бу фавқулодда қўполлик билан амалга оширилган жиноят эди. Виждонсизларча ва қасддан қилинган ҳужум», дея заҳарланиш воқеасига муносабат билдирган ИИВ раҳбари Прити Пател.

Сергеев Лондонда

Суратда - Денис Сергеев (у "Сергей Федотов" лақабидан фойдаланган) Лондонга келган вақтида

Маълумотларга кўра, ўзини Александр Петров ва Руслан Боширов деб атаган икки шахс 2018 йил 2 мартида Гатвик аэропортига келишган. Кейинроқ Bellingcat суриштирувида уларнинг ҳақиқий номлари маълум бўлди. Британ полицияси ҳам буни тасдиқлаган: журналистлар хато қилмаган - уларнинг ҳақиқий исм-шарифлари - Александр Мишкин ва Анатолий Чепига бўлган.

Ҳужжатларда «Сергей Федотов» сифатида келтирилган Денис Сергеев ўша куни тонгги соат 11да Лондоннинг бошқа бир аэропорти - Ҳитроуга қўнган.

4 март, якшанба куни Чепига ва Мишкин Солсберига йўл олган. Сергей ва Юлия Скрипаль ўша куни заҳарланган.

Сергеев Солсберига бормаган - бутун вақтини Лондонда ўтказган. Полиция хабарига кўра, у сўнгги дақиқаларда Лондон - Москва рейсига чипта олиб, 4 март куни соат 13:45да Британиядан учиб кетган. Қолган икки гумонланувчи самолётга соат 22:30да чиқишган.

Бу ҳаво-десант кучлари капитани бўлган Денис Сергеевнинг интервьюсидан стоп-кадр. Bellingcat ходимлари айнан шу шахс кейинроқ ГРУ офицери бўлгани ва Сергей Федоров лақабини олганини аниқлашган / RUSSIAN ARMY

Британия полицияси энди уларда етарлича далиллар борлигини маълум қилмоқда: бу уч россиялик бир жамоа бўлиб ҳаракатланган, улар Лондондаги қисқа сафар вақтида бир неча марта учрашган: баъзида - очиқ ҳавода, баъзида - ёпиқ иншоот ичида, аммо полиция бу учрашувлар айнан қаерда бўлганига аниқлик киритмаган.

Британия полициясининг ҳисоблашича, Сергеев бошқа гумонланувчилар қатори айни вақтда Россияга яширинган. Москва эса ҳамиша «Солсберидаги ҳодиса»га алоқадорлигини инкор этиб келади.

Британия полицияси "Боширов", "Петров" ва "Федотов" Россия махсус хизматлари билан алоқадорлигини айтади / BELLINGCAT, THE INSIDER

Чепига, Мишкин ва Сергеевга қотиллик мақсадида фитна уюштириш, қотилликка уриниш, тан жароҳатлари етказиш, шунингдек, кимёвий қурол сақлаш ва уни қўллаш бўйича сиртдан айблов эълон қилинган. Британия ҳукумати яқин вақтлар ичида маълумотларни Интерполга жўнатади.

«Энди бизда уларнинг ГРУ билан алоқадорлигига оид маълумотлар бор», дея маълум қилишган Британ полициясидагилар.

Битта рақамдан қўнғироқ
2019 йил ёзида Bellingcat ва BBC Денис Сергеевнинг Лондонга сафари тафсилотларидан воқиф бўлди. Сергеев Лондондаги Паддингтон вокзали атрофида яшаган, унинг шериклари эса шаҳарнинг бошқа қисмидаги меҳмонхонада туришган.

Яна бир камера Сергеевнинг аэропортдаги ҳаракатини қайд этган / ALAMY

Сергеев бу кунлар мобайнида 3G ва 4G орқали юз марталаб интернетга кирган, жамоат учун WiFi’лардан фойдаланмаган. У асосан WhatsApp, Viber ва Telegram орқали хабарлар ёзган.

Сергеев фақат битта телефон рақамига қўнғироқ қилган. Бу рақам Россия қонунчилигига зид равишда бир неча йилдан буён кимнингдир номига расмийлаштирилмаган. Сергеевнинг ўзи бу рақамдан ўн марта қўнғироқ амалга оширган.

У вақтининг катта қисмини Паддингтон ҳудудида ўтказган, аммо 3 март куни тонгда Темза соҳилига борган. Агар бу маълумот полициянинг аввалроқ гумонланувчиларнинг ҳаракат йўналиши бўйича эълон қилинган маълумотлари билан солиштирилса, айнан шу ерда у «Петров» ва «Боширов» билан учрашган, шундан кейин поездга ўтириб Солсберига йўл олган.

Бу Bellingcat Сергеевнинг мобил телефони биллинг маълумотларини қўлга киритиб, уларни BBC билан бўлишганидан сўнг маълум бўлди. Bellingcat маълумотлари шуни кўрсатадики, «Сергей Федотов» ундан аввал ҳам икки марта, 2016 ва 2017 йилларда Британияда бўлган. 2017 йилда у мамлакатда полковник Александр Мишкин билан бир вақтда бўлган.

2019 йил февралида Сергеевнинг рафиқаси Татьяна BBC билан телефон мулоқотида унинг турмуш ўртоғи Разведка бошқармасида хизмат қилиши ҳақидаги маълумотни «эртак» деб атаган. Шу билан бирга, у Сергеев қаерда ишлаши ҳақидаги саволга жавоб қайтаришдан бош тортган.

 

Болгария ва Чехияга сафарлар
«Федотов» муқаддам бир неча марта Болгарияда бўлган, буни ушбу давлат расмийлари тасдиқлаган. Bellingcat хабарига кўра, 2015 йил апрелида «Федотов» ушбу мамлакатга учиб келган, аммо қайтиш рейсида қайд этилмаган.

Айнан шу вақтларда Болгарияда қурол савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркор Эмилиан Гебрев ва унинг атрофидагилар заҳарланган. 2015 йил 28 апрелида Гебрев бизнес-ҳамкорлар билан кечки овқатдан кейин ўзини ёмон ҳис қила  бошлаган. Яна икки киши - Гебревнинг ўғли ва унинг компаниясидаги топ-менежерлардан бирининг ҳам аҳволи ёмонлашган. Уларнинг барчаси оғир даражада заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилган.

Кейинроқ Гебрев лабораторияга экспертиза буюртма қилган, мутахассислар хулосасига кўра, тадбиркорни асаб тизимини фалажловчи «Новичок» тоифасидаги модда билан заҳарлашган. Бу модда Сергей Скрипаль яшаган уй эшигида ҳам аниқланганди.

Прагалик журналистлар маълумотларига кўра, «Федотов» Чехияга ҳам келган. Тадқиқотда иштирок этган Respekt нашри 2014 йил январида у Чехияга Александр Мишкин билан бирга келганини ёзган.

Ўша йилнинг октябрь ва декабрь ойларида Чехияда икки марта ўқ-дори омборларида портлашлар содир бўлган. Чехиялик терговчилар бу портлашлар ортида ГРУ жосуслари Александр Мишкин ва Анатолий Чепига турганини маълум қилган. Икки айбланувчи ҳам қидирувга берилган.

«Александр Петров» ва «Руслан Боширов» бир марта интервью беришган - Солсберида Скрипаллар заҳарланиши ҳодисасидан кейин RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньянга. Уларнинг иккиси ҳам фитнес-индустрия соҳасида ишлашлари, шу туфайли тез-тез Европага сафарлар қилиб туришларини айтишган. Солсберига сафарни эса диққатга сазовор жойларни томоша қилиш истаги билан изоҳлашган.

Мавзуга оид