Жамият | 15:50 / 22.09.2021
21885
14 дақиқада ўқилади

Мафкура – миллат маёғи. Бизда миллатни бирлаштирадиган мафкура борми?

Охирги вақтларда Ўзбекистонда «миллий мафкура», «миллий ғоя», «маънавият» сўзлари шу вақтгача аҳамиятсиз сўз бўлгани танқид қилина бошланди. Чунки одамлар бу сўзлар замирида берилган ғояларни реал ҳаётда акс этганини кўришмади. Оқибатда кўпчилик бу сўзларни эшитиб, юзини бурадиган бўлди.

Мафкура нима ўзи? У муайян миллат, халқ, ижтимоий қатламни илҳомлантирадиган ғоялар, қарашлар мажмуаси. Бир қарашда шундай тасаввур пайдо бўлади: мафкура, ғоя ва маънавиятсиз ҳам бинойидек яшаяпмиз. Ундан кўра реал амалга ошадиган соҳаларга эътибор қаратганимиз маъқул. Аслида ҳам шундайми? Ўзи бизга мафкура керакми?

Ҳайрат

Туркияга борсангиз, кўчада ҳар ерда мамлакат байроғига кўзингиз тушади. Уйлар, одамларнинг қўлида, ҳатто бутун бошли автомобил байроқ рангида, ярим ой ва юлдуз тасвири туширилган. Миллий байроғига нисбатан туркларнинг ҳурмати нима сабабдан бунчалик баланд? Ватанни шунчалик кучли севиш мумкинми?

Анқарадаги Отатурк қароргоҳига борганимизда, турк оиласининг суҳбатини эшитиб қолдим: ота қизига Туркия асосчиси бўлган Камол Отатуркнинг юрт учун қилган ишлари ҳақида фахр билан сўзлаб беряпти. Улар шунча йиллар ўтса-да, мамлакат асосчисининг юрт учун қилган ишларидан фахр туйғусини ҳис қилишяпти.

Одамлар уйининг тўрига байроқ илишдан, ўз Ватанини севишидан мағрурланади. Фақат байрамларда эсга оладиган бизлардан фарқли ўлароқ, улар Ватанни ҳар он ёдда тутишади. Турклар шу юрт меники, деган мафкура билан яшайди. Сўзимни бежизга байроқдан бошламадим. У ҳам мафкурани акс эттирувчи кучли воситалардан бири.

Хўш, қандай мафкура туркларни ўз Ватанини севишга ундаяпти? Унинг асоси нимада? Қандай ғоя туркларни жипслаштириб, ягона умуммиллий мақсад сари элтмоқда? Бизда шундай ягона миллий мафкура борми? Ўзи миллий мафкура Ўзбекистон халқига керакми ёки шунчаки баландпарвоз гапми? Саволларга жавоб олиш учун мутахассислар фикрини билишга ҳаракат қилдик.

«Мафкура жамиятдаги турли тебранишларга, ташқи таҳдидларга жавоб бера олиши зарур»

Завқиддин Гадоев, социолог:

«Ислом Каримов мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучлироқ деганди. Агарда қаерда бўшлиқ ҳосил бўлса, ўзга мафкура келиб жойлашади. Бугун ривожланган дунёнинг ҳар жабҳасида мафкура машинаси ишлаётганига гувоҳ бўламиз. Дунёда мафкуравий таҳдид, оккупация учун жуда кўплаб илмий текшириш институтлари фаолият олиб боради. 

Биргина Ҳолливудни олинг: ушбу йирик киносаноатни АҚШнинг мафкуравий машинаси деб биламан. Фантастик фильмларда деярли бир хил сюжет бўлади: Ер сайёрасига метеорит ёғилади-ю, ерлик оддий муҳандис ёки АҚШ ҳарбийси Ерни қутқариб қолувчи қаҳрамонга айлантирилади. Жуда кўп фильмларда мана шу ғоя акс этади. Бу АҚШнинг буюклигини ҳар дамда одамлар онгига сингдириш усули. Ҳаттоки мультфильмларда ҳам шу нарса сингдирилган. 

Хитой ҳам ўз ғояларини бутун дунёга сингдиришнинг бошқача йўлидан бормоқда. У ўз маҳсулотлари орқали онгни эгаллашга уринмоқда. Бугун уйимизда ҳеч бўлмаганда бир дона бўлса ҳам Хитойда ишлаб чиқарилган буюм бор. Бу ҳам мафкуравий таъсирнинг бир кўриниши. Мафкура бирор шакл ёки ғоя эмас, балки моддиятда ҳам экс этиши мумкин.

Мафкура маълум халқ, миллатнинг эзгу мақсадларини, манфаатларини ўзида ифода этиб, халқни жипслаштириши керак. Бу мафкурани ишлаб чиқишга етарлича тажрибамиз, кучимиз бор, аммо ҳукуматни ҳозир бу нарса ўйлантираётгани йўқдек.

Олий ўқув юртларида гуманитар фанлар – социология, миллий ғоя ва мафкура, сиёсатшунослик, диншунослик фанлари ўқув режадан бутунлай чиқариб юборилди. Фалсафа фани қолдирилди, холос. Кадрлар онгини мафкуравий жиҳатдан тўйинтиришни ўйламаяпмиз. Ушбу фанларсиз қандай кадрлар етишиб чиқади? Тафаккур қилолмаган шахс ҳеч қачон ватанпарварликни ўз танасида ҳис қилолмайди.

Биз етиштираётган кадрларга инглиз тили, математикани ўрганишни биринчи даражага қўйдик. Аввало, у ўз мақсадларини Ватани билан уйғунликда кўра олиши керак. Қимматли кадрларимиз хорижга оқиб кетаётгани ҳам бежизга эмас.

Мафкурасиз яшаш қийин, чунки у жамият аъзоларини бирлаштириш вазифасини бажаради. Ҳар бир ҳаракатда, ҳар бир жабҳада инсон ўзи туғилиб-ўсган юрти учун озгина бўлса-да ватанпарварлик ҳиссини сезади ва шунга қараб ҳаракат қилади. Бизга шундай мафкура керакки, у жамиятдаги турли тебранишларга, ташқаридан бўладиган таҳдидларга жавоб бера олиши зарур».

«Турклар турк сўзининг маъносини, аждодлари ким эканлигини жуда яхши билади»

Жумали Шабанов, Тошкент давлат шарқшунослик университети туркшунослик факультети декани, профессор:

«Ҳеч бир халқнинг ғояси бирданига шаклланиб қолмайди, унинг тарихий илдизлари бўлади. Айнан Туркия ҳақида гапирсам, мамлакатнинг миллий мафкураси Ватан ва миллат бирлигига асосланган. Ўзбекистонда паспортга қайси миллат вакили бўлсангиз, ўша ёзиб қўйилган. Туркияда аксинча, миллати ёзилмайди, фуқароларга қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, паспортда «Туркия ватандоши» деган сўз қайд этилади. Туркияда жуда кўп миллат ва элат вакиллари яшайди ва улар битта ажралмас Ватаннинг бўлаги эканлиги ғояси атрофига бирлашган.

Туркларда мафкура шунчалик кучлики, аскар жангда ҳалок бўлса, унинг яқинлари бундан фахрланишади. Фарзандининг Ватан учун шаҳид кетиши ота-она учун катта ғурурдир. Байроққа бўлган муҳаббати эса ўзгача: аскарларни байроққа ўраб кўмишади.

Улар миллий мадҳияни ўзгача ҳурмат қилишади. Мадҳия янграса, нима иш қилаётганидан қатъи назар ҳайкалдек тўхтаб жон дили билан тинглайди. Ҳар бир мамлакат фуқароси мадҳияни ёддан билади. Турк мактабларида ҳар йили мадҳияни чиройли куйлаш бўйича республика миқёсида мусобақа ўтказилади. Болалар жуда катта тайёргарлик кўришади. Бу ташаббус ҳам мадҳияни аҳоли орасида кенг ёйиш ва унинг маъносини ёшларнинг онг-шуурига сингдиришда катта рол ўйнайди.

Уларда ҳам биздаги каби Ватан ҳимоячилари куни нишонланади. Ўша куни имконияти чекланганлар бир кунга ҳарбий хизматга чақирилиб, аскарлар либосини кийишади, қўлига автомат тутишади. Улар ҳам ҳаётида бир марта бўлса-да, Ватан қанчалик муқаддаслигини юрагидан ҳис қилиб кўради.

Бизда болалар нимадандир қўрқитиб тарбияланади: ота-онангдан қўрқ, боғча опангдан қўрқ, устозингдан қўрқ, мактаб директоридан қўрқ, домладан қўрқ. Фикримча, туркларда аксинча ҳолат: Ватанни, ота-онани, табиатни, одамларни сев, деган руҳда тарбиялашади.

Мафкуранинг асоси қадриятларга бориб тақалади. Қайси миллат ўз қадриятларини севса, тарихини чуқур билса, ўзлигини англайди. Ўзликни англаса, ўз халқини, тупроғини ҳаммадан кўра кўпроқ севади. Туркияга биринчи марта 1988 йилда борганимда, 9-синф ўқувчиларига дарсга кирганман. Совет давлатидан, фазогир Юрий Гагарин мамлакатиданман, деганимда, ўқувчилардан бири бизга Гагаринни кимлиги эмас, нима иш қилгани қизиқ, деганди.

Ўзбекистонда биз аждодларимиздан фахрланамиз-у, қандай қилиб улардай бўлишни болаларимизга ўргатмаймиз. Беруний, Мирзо Улуғбек, Навоий ҳақида чуқур биладиган, асарлари маъносини тушунадиган ёшлар жуда кам. Тарихни тўғри талқин қила олган, аждодлари кимлигини, ўзлигини, қаердан келиб чиққанини билган инсонгина туғилиб ўсган юртини бошқача қадрлайди, деб ўйлайман.

Туркларнинг ҳаётида миллий мафкура қанчалик аҳамиятга эга? Ҳар бир туркиялик турк сўзининг маъносини жуда яхши билади. Турк деганда кўз олдига Гўрўғли ёки Усмон келади. Бутун халқ битта байроқ остида бирлаша олган. Туркларнинг кўпчилиги қилаётган иши орқали жамиятга қандайдир фойда келтиришни ўйлайди. Жамиятда адолат асосий принцип деб қабул қилинган. Булар миллий мафкурасиз амалга ошмаган бўларди.

Германияда расмий равишда 5 миллиондан ортиқ турклар бор. Бошқа Европа давлатларида ҳам турклар кўп. Лекин ҳаммасининг уйи Туркияда. Улар буни жуда яхши ҳис қила олган. Улар Ватанидан узоқда бўлса-да, топган пулини Туркияга тикади: мактаб, боғча қуради. Бизда вазият қандай? Ёшлар хорижга кетиш ва ўша ерда қолиб кетишни ўйлашади. Тўғри, кетиш керак, у ернинг тажрибасини ўрганиш керак. Лекин қайтиб келиб Ўзбекистон ривожланишига ҳам ҳисса қўшиш керак. 

Ёшларга Ватанни севишни ўргатадиган энг катта восита бу армияда хизмат қилишдир. Ватанни ҳимоя қилиш қанчалик машаққатли эканини ўз кўзи билан кўрган, танасида ҳис қилиб кўрган одам борки, Ватан қадрини кўпроқ ҳис қилади. Ҳатто қизларниям армия таркибига эркин олишимиз керак. 

Туркияда ҳар йили 23 апрелда болалар куни нишонланади. Ўша куни президентликдан тортиб бошқа юқори лавозимлар болалар бошқарувига берилади. Президентлик лавозими учун энг кучли ва салоҳиятли бола саралаб олинади. Бир кун бўлса-да мамлакатни ёш бола бошқаради. Уларда давлат бошқарувини ўргатадиган алоҳида мактаблар бор. Маданиятимиз ва тарихий илдизимиз бир бўлган турклардан ўрганадиганларимиз жуда кўп ва уларни кўр-кўрона эмас, ўзимизга мослаштириб ўзлаштирсак мақсадга мувофиқ бўларди».

«Мафкура – маёқ, мафкура – миллатнинг ҳаёт-мамот масаласи. У инсон табиатига мос, халқона бўлиши керак»

Олим Тошбоев, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

«Мафкура арабчадан таржима қилинганда фикрламоқ деган маънони билдиради. Миллий мафкура деганда миллатнинг фикрий бирлиги, ғоявий якдиллиги тушунилади. Икки-уч одамнинг боши қовушган жойда, албатта, муайян ғоя, фикр бўлади. Ҳатто жиноий гуруҳлар ҳам маълум бир ғоя атрофида уюшади.

Мустақиллик мафкураси, миллий истиқлол ғояси атрофида бутун жамият бирлашган эди, десак ёлғон бўлади. Одамлар ёлғон ғояга ишонди, саробга эргашди, аммо миллий истиқлол мафкурасига юрагини бермади. Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ миллий мафкурани шакллантириш масаласи қўйилган эди.

Лекин бозор иқтисодиёти, пул ва манфаат маънавият, мафкура ва маърифат истеҳкомларини емириб ташлади. Мутахассислар томонидан тайёрланган «Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» рисоласидаги бирор-бир гапни инкор эта олмайсиз. Сўз бошқа, амал бошқа бўлган жойда донишмандларнинг юзи шувут бўлади. Халқнинг ночор турмуши некбин ғояларни йўққа чиқарди. «Ўзбекистон — келажаги буюк давлат» деган шиорга кўзи тушган одамнинг энсаси қотадиган бўлди.

Ўзбекистон ислом дини ривожига бемисл ҳисса қўшган улуғ алломалар, мутафаккирлар юрти. Аҳолиси асосан мусулмонлардан ташкил топган мамлакатнинг ғоявий йўналиши, жамият мафкураси, албатта, Қуръон ва ҳадисга таянмаслиги мумкин эмас. Совет тузуми даврида Лениннинг «Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш» деган гапи ҳар бир мактаб пештоқига, синфхоналарга ёзилган бўларди. Бугун ҳам бу ибора беихтиёр ёдга тушади, мияга сингиб кетган.

Чунки халқимиз руҳиятидаги исломий ақида, Қуръон кўрсатмаси – ўқишга бўлган рағбатга йўқсиллар доҳийсининг гапи жуда уйғун эди. Айтмоқчиманки, миллий мафкура халқнинг миллий менталитетига мос бўлмаса, унинг руҳияти, тафаккурига таянмаса у ҳар қанча чиройли ва жозибадор шиорлар билан безатилмасин, таъсири бўлмайди. Биз буни яқин тарихда кўрдик.

Ватанпарварлик улуғ тушунча. Дастурхони тўкин бўлмаса-да, туғилган юртини ҳамма нарсадан азиз биладиган, иззаи мўмин – ҳаромлигини чуқур англаган инсонларга қуллуқ. Лекин, минг афсуски, сохта ватанпарварлар туфайли бу тушунча бошқача маъно англатаётгани ҳам рост.

Ўн йилча илгари бир машҳур яллачининг суҳбатида бўлиб қолдим. Ўшанда у кибр билан «Окахонлар этишвотти. Народний олишим учун ватан ҳақида битта-иккита қўшиқ этишим керак экан. Қўшиқ тайёр. Клипга доданинг қайси расмини қўйсам. Шуни ўйлавомман», деган эди.

Бундан бир-икки йил аввал янги миллий мафкура ишлаб чиқиш устида бир қанча йиғилиш ва муҳокамалар ўтказилди. Лекин бугун бу ҳақда ОАВ, ижтимоий тармоқлар, расмий минбарларда муҳокама–мунозара садоси эшитилаётгани йўқ. Балки, миллий мафкура шартми, деганлар палласи тарозида оғир келаётгандир?

Мафкура – маёқ, мафкура – миллатнинг ҳаёт-мамот масаласи. У инсон табиатига мос, халқона бўлиши шарт. Халқона қарашлар ўқтомири эса ислом дини билан чамчабарчас боғлиқ. Инсоннинг қандай мавжудотлиги, унинг феъли, табиати Қуръонда аниқ-тиниқ тасвирланган. Яратганнинг хоҳиш-иродасига зид, ҳаётдан узоқ, инсон феъл-атворига мос тушмайдиган ғояни жимжимадор сўзлар билан минг безамайлик – бефойда».

Сўнгсўз ўрнида

Халқларни жипслаштириб, биргаликда ривожланишга ундайдиган кучли мафкура Ўзбекистонга айни дамда жуда керак. Афсуски, жамоатчилик бу ҳақида ҳозирча гапирмаяпти. Мафкура, маънавият, миллий ғоя ҳақида гапирсангиз, одамларнинг энсаси қотади. Тўғри, илгари мафкура амалий ҳаётда ўз аксини топмади, аммо янгисини яратишга нима тўсқинлик қиляпти?

Одамларни тушкун кайфиятдан чиқариш учун пандемия узайишига хизмат қилаётган кераксиз, чиқимли фестиваллар ташкил қилишдан кўра, кучли мафкурани яратиш биз учун фойдалироқ бўларди. Мафкура инсонлар орзу-умидини ўзида мужассам этмаяптими, уни ўзгартириш керак, бутунлай йўқ қилиш эмас. Қачонки одамларимиз Ватанни севишини фақатгина расмий давраларда кўрсатмасдан оддий ҳаётида ҳам ҳис қила олса, демак, биз кучли мафкурага эришган бўламиз.

Муҳаббат Маъмирова тайёрлади

Мавзуга оид