Ўзбекистон | 17:14 / 23.09.2021
40271
6 дақиқада ўқилади

Меъёрдан ортиқ юк ортган юк машиналари ва бефарқ ЙПХ ходимлари: йўлларда хавфсизликни ким таъминлайди?

Кейинги пайтларда тун қоронғисида енгил автомобиллар юк автомобиллари остига кириб кетиб, аянчли якун топган автоҳалокатлар ҳақида кўп ўқимоқдамиз.

19 сентябрь куни Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида «Tacuma» русумли автомобил «Isuzu» юк автомобилининг ортига урилиши натижасида 4 киши, жумладан, бир журналист ҳалок бўлди.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Ўзим ҳам шундай даҳшатни бошимдан кечирдим. Мустақиллик байрамига оилам билан пойтахтга айлангани бориб, қайтаётганимда тунда М39 йўлидан қайрилиб олаётган, контури маркировка қилинмаган юк машинасига урилиб кетишимга бир бахя қолганди.

Худо кўрсатмасин-у, мен ҳам оила аъзоларим билан юк машинасига тўқнашиб, ўлиб кетганимда ёки майиб бўлганимда ким айбдор бўларди?

Шахсан мен йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган, аммо етарли даражада ишламаётган ва ўз хизмат вазифасига панжа орасидан қараётган органларни айблаган бўлар эдим.

Юк машиналари ва автобуслар маркировка қилиниши керак

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги «Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги №237-сонли қарори билан умумий техник регламент тасдиқланган.

Қизиғи шундаки, бу техник регламентнинг ўзбек тилидаги матни йўқ. У фақат рус тилида берилган.

Регламентнинг терминлар ва аниқлаштирувчи иборалар бўлимида контурли маркировка (контурная маркировка) учун тушунтириш берилган бўлса-да, бирор жойда контурли маркировка — транспорт воситасини ёнидан ва орқа қисмидан шаклини илғашда ёрдам берувчи ёруғлик қайтарувчи чизиқли плёнкалар қай тарзда ўрнатилиши белгиланмаган.

Боз устига, техник регламент юртимизда ишлаб чиқарилиб, муомалага чиқарилаётган янги техника воситалари учун амал қилади, шекилли. Мавжудлари ва йўлларда ҳаракатланаётганлари учун-чи? Нега уларнинг хавфсизлиги тартибга солинмаяпти?

Орқа қисми ва кузовнинг ён қисми ёруғлик қайтарувчи чизиқли плёнкалар билан таъминланмаган минглаб машиналар тунда йўлларимизда авариявий ҳолат келтириб юришибди.

Контурли маркировкани юк автомобиллари (ҳаттоки автобуслар) учун аллақачон мажбурий қилиш керак. Чунки мен билан рўй берганидек, габарити узун ёки тиркама таққан юк автомашиналари тунда ёритилмаган йўлларда қайрилиб олаётганда кўзга ташланмайди ва автоҳалокатларга сабаб бўлади.

Қуйида контурли маркировка турли автомобилларга қандай чизилиши кераклиги кўрсатилган. Бу аллақачон Европа давлатларида, Россия Федерациясида ҳам амалда.

Россия Федерацияси ҳукуматининг 2009 йил 10 сентябрдаги 720-сонли қарори билан ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланган.

Унга кўра, қуйидаги тоифа автомобилларнинг ён ва орқа қисми маркировка қилиниши шарт:

N2 — максимал массаси 3,5 тоннадан ортиқ бўлган, лекин 12 тоннадан ошмайдиган, юк ташишга мўлжалланган транспорт воситалари;

N3 — максимал массаси 12 тоннадан ортиқ бўлган, юк ташишга мўлжалланган транспорт воситалари;

О3 — максимал массаси 3,5 тоннадан ортиқ бўлган, лекин 10 тоннадан ошмайдиган тиркамалар.

О4 — максимал массаси 10 тоннадан ортиқ бўлган тиркамалар.

Яна бир муҳим жиҳат, иложи бўлса тунда асфальт йўл билан шувашиб кетиб, илғашда халақит бермаслиги учун юк автомобилларининг борт қисмлари ва тиркамалари кузовини қора ва тўқ тусга эмас, мажбурий оқ рангга бўяшни жорий қилиш керак. Албатта, тунда яхши кўриниши учун.

Иккинчи муаммо: ортиқча юк ортган юк автомобиллари

Албатта, бу ҳам жуда катта муаммолардан бири. Тўғри тушунамиз, узоқ йўл, ёнилғи қиммат, бола-чақани боқиш керак, деган важларни келтиришади. Аммо рухсат этилганидан ортиқ ва габаритдан чиқиб турувчи юк ортган автомобиллар ҳаракатини тақиқлаш керак. Бунинг учун мунтазам постларда электрон тарозиларни кўпайтириш, ортиқча юк ортган юк автомобиллари юкларининг ортиқча қисми мажбурий туширилиши лозим.

Габаритдан чиқиб, йўлларда ҳаракатланишга халақит берувчи сомон, тахта, арматура каби юкларни ортган ҳайдовчилар албатта йўл ҳаракати хавфсизлиги учун таҳдиддир.

Габаритдан ортмаган, лекин белгиланганидан ортиқча юк ортган юк автомобиллари эса ғилдирак ўқига тушувчи юкнинг ҳаддан зиёдлиги туфайли катта магистраллардан тортиб ички йўлларгача асфальт қопламаларида ариқлар (колея) ҳосил қилмоқда.

Нишабликларда ҳам ғадир-будирликлар (гармошка) ҳосил қилинмоқда.

Боз устига, ўша ўзлари ҳосил қилган 2-қатордаги ўйиқ йўлдан юрмасдан, енгил автомобиллар қатновчи, текисроқ биринчи полосага ўтиб ҳам олишади. Айрим инсофини еган шу каби ҳайдовчилар чапга бурилиш чироқчасини ёқиб олишади, «ўнг тарафимдан (яъни ўзимиз дабдала қилган ёмон йўлдан) қувиб ўт керак бўлса», деган маънода.

Айниқса, тош, қум қазиладиган карьерлар атрофидаги йўлларга қараб бўлмайди. Нега карьерлар жарақ-жарақ даромад олиши керак-да, у жойдан меъёридан ортиқча юк ортган автомобиллар қатнаши оқибатида дабдала бўлган йўл бюджет ҳисобидан тўғирланиши керак?

ДЙҲХХ ходимлари ташаббус кўрсатиши керак

Эътибор берсангиз, мунтазам ЙПХ масканларида ҳар бир юк машинасини ЙПХ ходимлари тўхтатишади. Ҳайдовчи тушиб боради, ораларида қандай мулоқот бўлиб ўтади, буни ҳаттоки тахмин ҳам қила олмайман, аммо ЙПХ ходимлари аксарият ҳолларда ортиқча юк миқдори ва машинанинг техник ҳолатига кўз юмишади ва машина йўлида давом этаверади.

Албатта, юқорида санаб ўтилганларнинг барчасини жорий этишдан мақсад — йўлларда автоҳалокатларни ва пировардида инсонлар ўлимини камайтириш. Бунинг учун кимларнидир ортиқча харажатга қўйиш лозим бўлса-да, зарур регламентларни қабул қилиш, мажбурий бажартириб, хавфсизликни таъминлаш керак.

Умид қиламанки, Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу вазиятни чуқур ўрганиб чиқади ва бу борада қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича ўз таклифларини тақдим этади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид