Ўзбекистон | 08:03 / 30.09.2021
3861
2 дақиқада ўқилади

Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш қандай амалга оширилиши маълум бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш тизимини жорий қилиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Shutterstock

Қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:

  • давлат органларининг хусусий секторга ўтказилиши мумкин бўлган давлат функцияларини танлаб олиш;
  • хусусий секторга ўтказилиши мумкин бўлган давлат функцияларининг ягона реестрини шакллантириш, юритиш ва янгилаб бориш;
  • давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш борасида хусусий сектор субъектларининг таклифларини ўрганиш ҳамда бозор тайёрлигини таҳлил қилиш;
  • давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш тартиб-таомиллари;
  • хусусий секторга ўтказилган давлат функциялари амалга оширилиши самарадорлиги ва сифатини баҳолаш ҳамда уларни мониторинг қилиш тартиби;
  • давлат функциялари хусусий секторга ўтказилиши муносабати билан тегишли давлат органларининг штат бирликларини мақбуллаштириш.

 
Белгиланишича, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳар йили 15 февралга қадар манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уларнинг давлат бошқарувидаги самарасиз ҳамда эксклюзив функцияларини тўлиқ хатловдан ўтказади. Шундан кейин 20 мартга қадар Адлия вазирлиги ва манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш имконияти холисона таҳлил қилинади ва 20 майга қадар унинг якуний рўйхатини шакллантиради.

1 июлга қадар Савдо-саноат палатаси ҳамда функциялари хусусий секторга ўтказилиши таклиф этилаётган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади, шунингдек, ушбу давлат функцияларига ўхшаш бўлган фаолият тажрибасига эга хусусий сектор субъектларининг дастлабки рўйхати шакллантирилади.

1 октябрга қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқулланган давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Мавзуга оид