Иқтисодиёт | 21:28 / 02.10.2021
35744
9 дақиқада ўқилади

“Мен супермен эмасман” — Ўзбекистон иқтисодий форумидан иқтибослар

29-30 сентябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Kun.uz форумда янграган айрим фикр-мулоҳазаларни келтириб ўтади.

“Биринчи навбатда банклар хусусийлаштирилиши керак” — Сума Чакрабарти

Ўзбекистон президентининг иқтисодий ривожланиш, бошқарув ва халқаро ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти давлат бошқарувида эътибор қаратиш шарт бўлган нарсалар ҳақида тўхталиб ўтди.

“2017 йилда Ўзбекистондаги реформалар бошланган пайтда кўпчиликда иккиланишлар бор эди. Аммо амалга оширилган ўзгаришлар биз кутгандан тезроқ натижа берди. Хусусан, валюта эркинлаштириш сиёсати бунинг бир кўриниши. Бундан кейинги даврда давлат бошқарувида ҳам иккита нарсага эътибор қаратиш жуда муҳим: тўғри қарор чиқариш ва уни тўғри амалга ошириш.

Ўзбекистон тараққиётда илдамлашни истаса, тўғри институционал ривожланиш бўйича ишларни жадаллаштириши керак. Мамлакатда биринчи ўринда банклар хусусийлаштирилиши керак, сабаби ўтиш даврида ислоҳотларнинг тўғри кетма-кетликда амалга оширилиши келажакда уларнинг яхши самара беришига олиб келади. Хусусан, биз ҳозир учрашиб турган Hilton меҳмонхонаси ҳам Тошкент шаҳар ҳокимиятига тегишли, уни хусусийлаштириш керак. Ўтган давр мобайнида бозор ҳам, давлат ҳам кўп нарсани ўрганди.

Ўзбекистон ЯИМнинг 30 фоизига яқинини қишлоқ хўжалиги беради ва бу йўналишда тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш керак. Бу соҳа Ўзбекистон учун бизнес карточка ҳисобланади”.

“Мен супермен эмасман” — Бо Инге Андерссон

UzAuto Motors бош директори Бо Инге Андерссон автомобилсозлик соҳасидаги муаммолар ва келажакдаги режалар ҳақида фикр билдирди.

“Автомобилсозлик саноатида Ўзбекистон ҳали жуда ёш. 1996 йилда бошланган ушбу тармоқда ҳозирги кунгача 3,6 миллион автомобиль ишлаб чиқарилди. Ўзбек бозорида автомобилга бўлган талаб жуда юқори. Мамлакатда ҳар 1000 кишига 77та автомобиль тўғри келмоқда. Таққослаш учун бу рақамлар ҳар 1000 кишига Қозоғистонда 208тани, Россияда 383тани, Германияда эса 555тани ташкил этади.

Айни пайтда компаниямизда 12 минг киши ишлайди, аммо бу тармоқда битта иш ўрни қўшимча тарзда дилерлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳам ҳисоблаганда яна тўртта иш ўрнини яратади. Бу кичик компания мамлакатда 50 минг кишини иш билан таъминламоқда.

Сизда ўз-ўзидан менинг бу ерда нима қилаётганим ҳақида савол пайдо бўлиши мумкин. Мен супермен эмасман. Раҳбарият мендан қулайроқ нархлардаги ва янги моделдаги автомобиллар тақдим қилишимни, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишимизни сўрамоқда. Дастлабки 30 кунлик иш куним давомида бу ерда жуда кўп муаммоларга дуч келдим. Бошқарув соҳасини ислоҳ қилишимиз керак ва албатта бу ишларни амалга оширамиз”.

“Ўзбекистондаги бизнес муҳитига энг катта тўсиқ – инсон капиталининг етишмаслигидир” — Анна Бьерде

oG_SaKhT8L5O7dIiYsi9-DzYE9yCUt2A.jpg (1527×977)

Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерденинг фикрларига кўра, Ўзбекистонда хусусий секторнинг ўрнини ошириш керак.

“Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг ролини кучайтириш керак. Тармоқ давлат кўмагига муҳтож, ҳукумат ер ва капиталдан фойдалана олишда уларни қўллаб-қувватлаши лозим.

Кейинги даврда хусусий секторни ривожлантириш учун аёлларни меҳнат жараёнига жалб қилиш, улар учун иш жойлари яратишнинг узоқ ва қисқа дастурлари бўлиши керак. Мамлакатда ишсизлик даражаси 10 фоиздан юқори. Шу сабаб янги ислоҳотларни амалга оширишда ўтмишдаги тажрибалардан тўғри хулоса чиқариш ва тизимли режа ва дастурлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Охирги йилларда давлатнинг инсон тараққиёти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишларини ҳам эътироф этиш лозим. Хусусан, таълимга маблағ ажратиш ошган. Масалан, республикада олий маълумот билан қамраб олиниш даражаси 3 баробарга кўпайган. Агар 5 йил олдин бу кўрсаткич 9 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир 26 фоизга яқин. Шунга қарамай, бизнес тараққиётининг энг асосий тўсиғи – инсон капиталининг етишмаслигидир”.

“Камбағалликни қисқартириш таълимни ривожлантириш орқали амалга оширилади” — Жамшид Қўчқоров

oyItDKgzsN86OPGyoCkkpgKmRmOQ1Cp2.jpg (1732×1130)

Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга кўра, ижтимоий соҳани ривожлантиришда биринчи ўринда таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тармоқларини ислоҳ қилиш ва яхши бизнес муҳити яратиш керак.

“Камбағалликни қисқартишнинг ягона ечими – иқтисодий ривожланиш. Ҳозирда мамлакат аҳолисининг 40 фоизга яқинини 20 ёшдан кичик қатлам ташкил этмоқда. Бу – келажак учун жуда катта демографик дивиденд. Ҳозирда мамлакатда 15-20 фоиз атрофида камбағаллар мавжуд. Бу рақамларни қисқартириш таълимни ривожлантириш орқали амалга оширилади. Биз ёшлар ва аёлларга янги кўникмалар беришимиз, уларни ўқитишимиз керак.

Ижтимоий соҳани ривожлантиришдаги 3та асосий йўналишимиз: таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тармоқларини ислоҳ қилиш ва яхши бизнес муҳити яратиш ҳисобланади. Охирги 5 йилда кичик бизнеснинг улуши икки баробар ошди ва одамларнинг 7-8 фоизи шу тармоқда иш билан бандлиги таъминланган”.

“Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш учун ўзаро савдо қилишни енгиллаштириш, техник регламентларни осонлаштириш керак” — Элдор Арипов

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов минтақавий ҳамкорликни ошириш учун глобал қўшма лойиҳаларда қатнашишда фаолликни кучайтириш кераклигини таъкидлади.

“Охирги йилларда Марказий Осиё мамлакатларига инвестиция кириши 40 фоизга ошди, туристлар ташрифи 2 баробар кўпайди, чегаралардаги блокпостлар олиб ташланди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун давлат раҳбарлари ўртасида маслаҳатлашув учрашувлари ўтказилмоқда.

Минтақадаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ўзаро савдо қилишни енгиллаштириш, техник регламентларни осонлаштириш керак. Шу сабаб минтақа мамлакатларининг доимий тарзда бир-бирлари билан мулоқотда бўлиб туриши муҳим ва аҳамиятлидир.

Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистоннинг тўғридан тўғри денгизга чиқиш имконияти чекланган. Шу сабаб маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқариш ва етказиб беришни осонлаштириш учун Ўзбекистон – Хитой, “Мозори Шариф – Кабул – Пешовар” темир йўлларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Масалан, “Мозори Шариф – Кабул – Пешовар” темир йўли маҳсулот етказиб бериш вақтини 3-5 кунга, харажатларни эса 2 баробарга камайтиради. Минтақа мамлакатлари глобал қўшма лойиҳаларда қатнашишда фаолликни ошириши керак”.

“Тадбиркор рискларга тайёр бўлиши керак” — Зафар Ҳошимов

Korzinka.uz бош директори Зафар Ҳошимовнинг қайд этишича, янги даврда тадбиркорларнинг ҳаммаси рисклар ва йўқотишларга чидамли бўлиши керак.

“Олдин тадбиркорларнинг кўпчилиги бозорга киришни хавфли деб билишарди, валюта билан рисклар бор эди. Биз айни пайтда реформаларнинг бошида турибмиз. Эндиликда тадбиркорларнинг ҳаммаси рисклар ва йўқотишларга чидамли бўлиши керак. Кўпчилик классик бизнес қоидалари бўйича иш қилишни афзал кўради. Бу борада ҳатто баъзи ўзбек мақоллари ҳам тадбиркорликни янада ривожлантиришдан бизни орқага тортади. Уларда чопма, секин ҳаракат қил деган ғоялар сингдирилган. Аммо бугунги кунда рискларсиз бозорга кириш ва муваффақият қозонишнинг имконияти йўқ.

Авваллари, секин юриш ва эҳтиёт бўлиш ҳақида кўп ўйлардик, буни ҳам ўзгартирдик. Охирги йилларда тадбиркорларга кўплаб қулайликлар яратилди. Кейинги босқичда четдан импорт қиладиган маҳсулотларни сертификатлаш тизимини янада осонлаштириш, давлат корхоналари ва хусусий корхоналарга бир хил имконият ва шароитлар яратиш керак, деб ўйлайман”.

“Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган технологияларни олиб киришда тадбиркорлардан солиқлар ундирилмаслиги керак” — Ден Патерсон

Silverleafe International бош директори Ден Патерсон одамларга ишонч бериш учун улар билан кўпроқ мулоқот қилиш кераклигига тўхталиб ўтди.

“Хусусийлаштириш иқтисодиётни кучайтиради. Ўтиш давр иқтисодиётида одамларда ишончни пайдо қилиш жудаям муҳим. Одамларда йиллар давомида қотиб қолган фикрлар бор, уларни йўқотиш керак. Бу борада улар билан кўпроқ мулоқот қилиш, муаммоларини ўрганиб, тизимли ечимлар ишлаб чиқиш керак. Банкларда кафолат бериш борасида муаммолар бор, уларга ечимлар излаш керак.

Кичик ва ўрта бизнесда фаолият олиб борувчи қатламни рискларни қабул қилишга ўргатиш, нима тўғри ва нима нотўғрилигини кўрсатиш керак. Шунингдек, импорт тарифларини реформа қилиш кичик тадбиркорликнинг ривожланишида муҳим омил бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган технологияларни олиб киришда тадбиркорлардан солиқлар ундирилмаслиги керак”.

Мавзуга оид