Жаҳон | 09:34 / 04.10.2021
7034
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Жануб билан ҳарбий линия бўйича алоқани тиклади

Шимолий Корея Жанубий Корея билан ҳарбий линия бўйича алоқани тиклади. Ушбу алоқа Пхеньян томонидан 2020 йил июнда узиб қўйилганди.

Yonhap нашрининг маълум қилишича, алоқа маҳаллий вақт билан соат 9да тикланган. Пхеньян Сеулнинг қўнғироғига жавоб берган ва икки давлат ўртасида 2 ой ичида биринчи суҳбат бўлиб ўтган.

Жанубий Корея ҳукумати алоқа тиклангандан кейин Кореялараро музокаралар ҳам тез орада яна давом эттирилишига умид билдирган.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 30 сентябрда парламентнинг навбатдаги сессиясидаги нутқида Жанубий Корея билан октябр бошида алоқа линиясини тиклашга тайёрлигини маълум қилган.

Пхеньян Жанубий Кореядаги ноҳукумат ташкилоти фаоллари томонидан Шимолга ташвиқот варақалари бириктирилган пуфаклар учирилганига жавобан 2020 йил 9 июнда Сеул билан барча алоқа линияларини узиб қўйганди. Шимолий Корея ушбу хатти-ҳаракатларни икки томонлама келишувларни бузувчи душманона ҳаракат деб баҳоланган. У жавоб тариқасида икки давлат ўртасидаги алоқа офисидаги барча телефонларни, жумладан ҳарбийлар ўртасидаги алоқа линиясини ҳамда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги “қайноқ” линияни ўчириб қўйган. Кейинроқ Шимол чегарадаги Кэсон шаҳрида жойлашган алоқа офисини портлатиб юборган.

Икки давлат ўртасидаги алоқа линиялари 2021 йил июл охирида тикланган, бироқ августда Пхеньян Жанубий Корея ва АҚШ биргаликда ҳарбий машғулотлар ўтказишни режалаштираётганига норозилик сифатида Сеулнинг қўнғироқларига яна жавоб бермай қўйган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид