Спорт | 19:54 / 05.10.2021
49641
7 дақиқада ўқилади

Мбаппе очиқ интервью берди: «Реал», ирқчилик, Франция термасидан кетишга тайёрлиги ва «пиёда» Месси ҳақида

Килиан Евро-2020дан кейинги ҳақоратларга қандай муносабатда бўлган ва унинг «Реал»га трансфери нега барбод бўлган?

Фото: AURELIEN MEUNIER/GETTY IMAGES

Франциянинг L’Equipe нашри «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе билан катта интервью уюштирди. Евро-2020даги муваффақиятсизлик ва «Реал»га ўтиши амалга ошмаганидан кейин Килиан журналистлар билан ҳали бундай очиқ суҳбатлашмаган эди. Интервьюда 22 ёшли футболчи «Реал»га ўтиш истаги, «ПСЖ»даги келажаги, Франция миллий жамоасидаги муаммолар ва яна бир қатор мавзуларга тўхталиб ўтган.

«Реал»га ўтиш истаги
- Ёзги трансфер ойнаси вақтида «ПСЖ» раҳбариятига очиғини айтдим. Мен ўзгаришларга эҳтиёж сезаётгандим. Евро-2020 олдидан шартномамни узайтиришни хоҳламадим, чунки кетишга қарор қилгандим. Менинг трансферимдан барча манфаатдор бўлишини истагандим. Шунда «ПСЖ» ҳам ўрнимга бошқа футболчи олиб келиши мумкин бўларди ва мен ўз йўлимда хотиржам давом этардим. 

Париждаги саргузаштларим якунига етди, деб ўйлагандим. Бошқа бир жойда ўйнашни жуда ҳам истагандим. Бу ерда бир неча йил тўп тепдим, қатор ютуқларга эришдим ва янги клубга ўтиш фаолиятимдаги янги қадам бўлиши керакдек эди. Ҳа, Парижга қаттиқ боғланиб қолганман, лекин «Реал»да ўйнамоқчи эдим.

Эркин агент сифатида кетмоқчи эмасдим. Аммо клуб якунда мени сотиб юбормасликка қарор қилди. Майли, ҳеч қандай муаммо йўқ, мен тўрт мавсум бахтли бўлган жамоамда ўйнашда давом этаман. Бу яхши ўйлаб кўрилгач, қабул қилган хулосаларим.

Ҳа, бундан бироз ранжидим, бироқ ушбу воқеа ҳақида ўйлашга кўп вақтим бўлмади. Европа чемпионатидан қайтгач, барчасини бошдан кечирдим ва тез орада буни эсдан чиқардим. Шу билан ҳаммаси тугади. 

«ПСЖ» билан шартномани узайтириш ҳақида
- Мен иккиюзламачи эмасман. «Келажакда нима бўлишини билмайман», дея вазиятдан чиқиб кетишни ёқтирмайман. Якунига етган ёзда мен кетишни хоҳлашимни ва бу ишни клубга фойда келтирган ҳолда амалга оширмоқчи эканлигимни намойиш қилдим. Энди келажагим ҳақида ўйлаб кўп вақт сарфламоқчи эмасман. Шундоқ ҳам ёзда бунга кўп куч сарфладим.

Ҳозир чиндан ҳам бахтлиман. Клубни ва ўзимни ҳурмат қиламан. Шунинг учун ҳам, ҳеч бир ўйинда сустлашишга ҳақим йўқ. Кетмоқчилигимни айтганимдан кейин роппа-роса икки ойдирки, шартномани узайтириш ҳақида гаплашмадик. Аммо яхши биласизки, кеча бўлиб ўтган воқеа айнан бугун ёки эртага такрорланмайди. Футболда барчаси тез ўзгаради. Мисол учун, бунгача менга Мессининг «ПСЖ»да ўйнашини айтишганида ишонмаган бўлардим. Шундай экан, келажагим борасидаги савол ҳали-ҳамон очиқ ва мен хоҳлаган йўлимдан кета оламан. Ҳар бир футболчининг ўзига яраша интилишлари бор. Футболчилар фаолияти у қадар осон эмас.

Мухлислар билан мунозаралар ҳақида
- Биласизми, уларнинг ўрнида мен ҳам ўзимни шундай тутган бўлардим. Одамлар хабарларни ўқишади, лекин барча ҳақиқатни билишмайди. Шунинг учун ҳам улардан хафа бўлиш, нега менга ҳуштакбозлик қилишди, деган саволлар менда бўлмади. Буни нормал қабул қилдим. Улар кетишимни исташмади, бу жуда муҳим. 

Миш-мишлар ҳақида: «Ҳаммаси ёлғон»
- Миш-мишлар ҳақида гапирадиган бўлсам, клубнинг шартномани узайтириш борасидаги 6-7та таклифини гўёки рад этган эмишман. Ҳаммаси ёлғон. Леонардо билан гаплашишни хоҳламаганимни ёзишди, бу ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Клуб раҳбарияти билан гаплашиб олишдан ҳеч қачон ўзимни тортмаганман. 

Ёзги трансферлар ойнаси ва Мессининг Парижга келиши ҳақида
- Жуда зўр трансферлар ойнаси! Биз ҳар жабҳада кучайдик ва олдимиздаги барча титуллар учун курашишга тайёрмиз. Бир қатор жароҳатланганлар бор. Кўпчилик футболчилар миллий жамоалар йиғинига кетди. Кичик муаммо ва камчиликлар сабабли доим ҳам тўлиқ таркибда бўлмаймиз. Фақат «Манчестер Сити»га қарши беллашувда ҳамма ўз даражасида ўйнай олди. 

Мессининг жамоага келиши олдидан жуда ҳаяжонландим. Жамоада фақат у ҳақида гаплашардик, Леодан ташқари ҳам бир қатор кучли футболчилар таркибимизга келиб қўшилди. Доим айтиб келганман, мен мана шундай футболчилар билан ўйнашни истайман, мана энди ўзим хоҳлагандек кучли футболчилар билан футбол ўйнаяпман. Энди бизнинг вазифамиз аниқ - эътиборни жамлаш, бир жамоа бўлиб ишлаш ва совринлар қўлга киритиш.

Жамоада бу қадар кўп кучли футболчилар бор пайтда улар ўртасида мутаносибликни топа билиш муҳим. Ҳеч қачон битта юлдуз бўлмайди. Барча бирга бўлиши керак. Лекин таркибингизда Месси бор экан, унга камроқ югуришга имкон бериб, ҳужумларни якунлашдаги креатив ғояларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу муаммо эмас, шунчаки оддий қонуният. Месси майдонда юрган пайтда мен югуришдан хурсанд бўламан. Ахир бу - Месси! У ёнимда бўлган ҳар бир сониядан роҳатланмоқдаман. Бу ҳақиқий мўъжиза.

Франция миллий жамоасидаги танқидлар
- Франция миллий жамоасида ўйнаганим учун бир евро ҳам олмаганман. Миллий жамоа учун текинга ўйнашда давом этаман. Ва ҳеч қачон муаммоларга сабаб бўлишни хоҳламайман. Лекин шундай вақтлар бўладики, мен ўзимни жамоанинг муаммосидек ҳис қила бошлайман ва мухлисларда ҳам шундай ҳиссиёт бўлади. Уларнинг фикрича, миллий жамоа мени деб мағлуб бўлаётган эмиш, менинг кўпроқ нарса хоҳлашим жамоанинг мағлубиятига сабаб бўлар ва менсиз Франция ғалаба қозониши мумкин экан. 

Энг муҳими бу - Франция. Агар миллий жамоа менсиз бахтлироқ бўлса, кетишга тайёрман. Франция футбол федерацияси президенти Ноэль Ле Гре билан гаплашдим ва бу вазиятни муҳокама қилдик. Пенальтини ура олмаганим учун мени маймунга чиқаришганидан норози бўлдим. Шок ҳолатида эдим. Инкор этмайман, пенальтини уролмаганим - менинг айбим. Лекин мухлислардан кўпроқ қўллаб-қувватлашни кутгандим. Албатта, бунга лойиқ иш қилмадим. Тушунаман, мағлубиятдан кейин барчанинг ҳафсаласи пир бўлди. Мен айнан «маймун» деб камситишларини қабул қила олмайман. Ҳозир барчаси ортда қолган, мен Францияни яхши кўраман, - дейди Мбаппе суҳбат якунида.

Мавзуга оид