Спорт | 10:26 / 02.09.2024
9796
14 дақиқада ўқилади

Мбаппе «Реал»да илк голларини урди, «Ливерпул» «МЮ»ни яксон этди

Европа футболида шанба куни рўй берган асосий воқеалар.

Фото: Getty Images

Англия: «Челси» қоқилди

«Челси» — «Кристал Пэлас» 1:1
Голлар:
Жексон (25) — Эзе (54).
«Челси» – Санчес, Кукуреля, Колуилл, Фофана, Гюсто (Мудрик, 74), Фернандес, Кайседо, Палмер, Нету (Жоау Феликс, 58), Мадуэке (Нкунку, 86), Жексон.
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Ричардс, Геҳи, Клайн, Эзе, Камада (Шлупп, 88), Митчелл, Мунйос, Ҳюз (Дукуре, 50), Уортон, Матета (Сарр, 69).
Огоҳлантиришлар: Нету (8), Ҳюз (14), Фофана (32), Жексон (63), Мунйос (89), Палмер (90+1).

Ҳозирги «Челси» барқарор эмаслиги билан ажралиб туради. Ҳатто ўзи қаторасига ўн уч ўйинда мағлуб этган ва дастлабки икки турда ютқазиб, фақат битта гол урган рақибни ўз уйида қабул қилганида ҳам. Жамоада Палмер бор, у уч турда тўртта голли узатма билан, бу борада АПЛда энг яхши кўрсаткични қайд этган. Тез-тез гол уриб турувчи Жексон бор. Якунда эса фақат дурангга эришилди. Бу натижани «Кристал Пэлас»га Эзе олиб келди, у жарима майдонидан қайтган тўпни ўзига бўйсундириб, чиройли зарба билан узоқ бурчакка жойлаштирди. Бу ушбу вингернинг йил бошидан буён бешинчи бор узоқдан гол уришидир. Бу кўрсаткич борасида у билан фақат ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилган Фоден тенглаша олади.

«Нюкасл» — «Тоттенҳэм» 2:1
Голлар:
Барнс (37), Исак (78) — Берн (56, автогол).
«Нюкасл» – Поуп, Келли (Ҳолл, 68), Берн, Крафт, Ливраменто, Бруно Гимараэс, Лонгстафф (Тонали, 68), Жоэлинтон, Барнс (Мёрфи, 61), Исак, Гордон (Алмирон, 90+4).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Удожи, Ромеро, Дрэгушин, Порро, Мэддисон (Бергвалл, 82), Биссума (Бентанкур, 82), Сарр (Жонсон, 46), Кулусевски, Сон, Одобер (Вернер, 74).
Огоҳлантиришлар: Келли (28), Сарр (34), Лонгстафф (41), Жоэлинтон (45+2), Биссума (48), Гимараэс (58), Мэддисон (68), Бентанкур (84).

Етакчилар гуруҳига қўшилиш учун баҳсда «Нюкасл» ғалаба қозонди. Бу ўйинда дисквалификация муддатини ўтаб қайтган Тонали ҳам иштирок этди. Италиялик футболчи ҳисоб 1:1 эканида майдонга туширилди. Ўйинда ҳисобни қанотдан берилган узатмага рақибдан олдинроқ етиб келган Барнс муаллифлик қилди, «шпорлар»нинг жавоби кулгили ҳолатда бўлди, бу вазиятда Поуп иложсиз аҳволда қолди. У Мэддисоннинг мураккаб зарбасини амаллаб қайтарганди, аммо қайтган тўпга етиб келган Жонсон уни дарвозабон ҳудудига йўналтирди, «қарғалар» ҳимоячиси Берн эса уни дарвоза тўрига йўналтириб юборди. Ва мезбонлар барибир ғалабани илиб кетишди, захирадан майдонга тушган яна бир футболчи Мёрфи бўш дарвоза қаршисида очилган Исакни тўп билан таъминлади. «Нюкасл» энди очколар сони бўйича «Арсенал» ва «Брайтон» билан тенглашиб олди, Ангелос Постекоглу шогирдларида сафар ўйинларида муаммо сақланиб қолмоқда. Охирги олти сафар ўйинидан тўрттасида мағлубиятга учралган. Қолаверса, лондонликлар «Нюкасл» майдонида қаторасига учинчи бор ютқазди, бундан олдинги сафарларда 1:6 ва 0:4 ҳисобларидаги мағлубиятлар қайд этилганди.

«Манчестер Юнайтед» — «Ливерпул» 0:3
Голлар:
Диас (35, 42), Салоҳ (56).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Мартинес, де Лигт (Магуайр, 69), Мазравий, Майну, Каземиро (Коллиер, 46), Фернандеш, Рэшфорд, Гарначо (Диалло, 69), Зиркзе (Эриксен, 86).
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон (Цимикас, 83), ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд (Брэдли, 76), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Собослаи, Диас (Гакпо, 66), Салоҳ, Жота (Нунес, 76).
Огоҳлантиришлар: Зиркзе (23), Мартинес (40), Майну (45+1), ван Дейк (55), де Лигт (65).

«Арсенал»нинг Арсен Венгер кетганидан кейинги муаммолари Микел Артета тайинлангунига қадар давом этди. «МЮ»да эса ҳамон Алекс Фергюсон даврини соғинч билан эслашади, «Ливерпул» эса тизим қандай бўлишини намойиш этмоқда. Юрген Клоппга муносиб ўринбосар топилиши осон бўлмайдигандек кўринганди. Арне Слот эса аллақачон қизиллар клуби тарихига кириб бўлди — жамоанинг 88 йил ичида «Қизил иблислар» майдонидаги илк ўйинида ғалаба қозонган илк мураббий сифатида.

Ўйиннинг асосий қаҳрамони доимгидек Муҳаммад Салоҳ бўлди. У Диасга юмшоқ узатма оширди — биринчи гол урилди. Кўп ўтмай жарима майдони марказида турган колумбияликка яна бир нозик узатма — ва «Юнайтед» нокдаун ҳолатида. Мисрлик ҳужумчининг яқин бурчакка йўллаган зарбаси билан эса рақиб нокаутга учратилди. Ва АПЛ рекорди ўрнатилди, чунки бунга қадар ҳеч ким «МЮ»га бу қадар азоб бермаган (12 гол ва 6 узатма). Табиийки, Муҳаммад Салоҳдан бошқа ҳеч ким манкунианликлар майдонида икки ўйинда камида учта самарали балл ишламаган. Турнир жадвалида барчаси одатдагидек. «Ливерпул» ҳам юз фоизлик натижа билан «Манчестер Сити» билан ёнма-ён кетмоқда, Эрик тен Ҳаг бошқарувидаги «МЮ» уч турда атиги бир ғалабага эришган. Бу эса антирекорд.

Испания: Папендан юқорида

«Реал» — «Бетис» 2:0
Голлар:
Мбаппе (67, 75 пеналти).
«Реал» – Куртуа, Менди (Фран Гарсия, 65), Рюдигер, Милитао, Карваҳал, Себаллос (Браим Диас, 65), Чуамени, Валверде, Винисиус, Мбаппе (Модрич, 84), Родриго (Эндрик, 89).
«Бетис» – Руй Силва, Перро, Натан, Лоренте, Сабали, Вилям Карвалю (Кардозо, 57), Рока, Форналс (Лосада, 83), Санчес (Диао, 72), Эззалзули (Ҳуанми, 83), Руибал (Роке, 57).
Огоҳлантиришлар: Винисиус (59), Карваҳал (65).

«Реал» мавсумни қийин бошлади. Ҳатто «Валядолид»га қарши 3:0 ҳисобидаги ғалабага ҳам ўйин охиридаги голлар билан эришилди. Ҳафта ўрталарида «Лас-Палмас» билан ўйинда ҳисобда қувишга тўғри келди (1:1), «Бетис» эса жамоа учун ноқулай рақиб саналарди — Мадриддаги сўнгги етти ўйинда андалусияликлар фақат биттасида гол ўтказиб юборишган. Ва ушбу рақиб етти йил олдин қаймоқранглиларнинг 73 ўйиндан иборат голли сериясини тўхтатганди. Шу туфайли ҳар бир хато зарба Мбаппе Флорентино Перес даврининг ла лигадаги илк тўрт учрашувида гол ура олмаган илк юлдузи сифатида тарихга кириш имкониятини оширарди.

Аммо иккинчи бўлимда Килиан Валверденинг товонда узатган чиройли пасидан кейин бундай гумонларга чек қўйди. Французнинг Испания пойтахтидаги иккинчи голи эса — чиройли тарихга айланди. Пеналти ишлаган Винисиус Жуниор тўпни янги жамоадошига узатди ва зарба олдидан трибуналарни қиздиришга ҳаракат қилди. Америка Кубогида, бразилиялик қадрдон дўсти Лукас Пакетани қўллаб-қувватлагани каби. Мбаппе эса зарбани голга айлантириб, голлари сонини 334 тага етказди, бу унга француз тўпурарлари рўйхатида Жан-Пиер Папендан ўзиб кетиш имконини берди.

Италия: туринликлар энг яхши даврларини эслади

«Ювентус» — «Рома» 0:0
«Ювентус» – Ди Грегорио, Кабал (Копмейнерс, 46), Бремер, Гатти, Савона, Фажиоли (Дуглас Луис, 67), Локателли (Маккенни, 67), Камбиязо, Мбангула (Франсишку Консейсау, 46), Йилдиз, Влаҳович (Гонсалес, 83).
«Рома» – Свилар, Анҳелинио, Ндика, Манчини, Челик, Пизилли (Коне, 72), Кристанте, Салемакерс (Залевски, 62), Пеллегрини (Балданзи, 82), Соуле (Дибала, 61), Довбик (Шомуродов, 82).
Огоҳлантиришлар: Фажиоли (2), Салемакерс (44), Манчини (85), Бремер (85).

«Ювентус» — А сериянинг дастлабки турларидаги кашфиёт жамоага айланди, Тиаго Мотта эффекти дарҳол сезилди. Биргина «Кекса синиоралар» стартни очко йўқотмасдан ўтказишди. Шу билан бирга тан олиш керакки, «Комо» ва «Верона» — жиддий хулосалар чиқариш мумкин бўлган рақиблар эмасди. «Рома»га қарши ўйин эса анча қийинроқ кечди. Қолаверса, дастлабки икки турда биргина очко олган «бўрилар»дан бор кучи билан ўйнаш талаб этиларди. Биринчи бўлимда бянконериларда гол уриш учун биргина имконият бўлди, аммо Свилар Влаҳовичнинг қийин зарбасини қайтарди.

Туринликлар иккинчи бўлимда икки дебютантини майдонга ташлади — танаффусдан кейин Копмайнерс ва Франсишку Консейсау майдонга тушди, уларнинг иккинчиси отаси Сержиу Консейсаунинг Апеннин оролларидаги охирги ўйинидан 7539 кун ўтиб А серия ўйинида майдонга тушди. Ўйин охирида эса Нико Гонсалеснинг Туриндаги дебюти амалга ошди, аммо бу ўзгаришларнинг ҳеч бири жамоа ғалаба қозонишига ёрдам бермади. Шу билан бирга, жамоа қаторасига уч ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, бунақаси охирги бор ўн йил муқаддам — жамоа чемпионатда мутлақ устунлик қилган даврларда рўй берганди.

Германия: Компанининг уйдаги премьераси

«Бавария» — «Фрайбург» 2:0
Голлар:
Кейн (38, пеналти), Гнабри (78).
«Бавария» – Нойер, Геррейру, Ким Мин Чжэ, Упамекано (Горетцка, 90), Киммиҳ, Павлович (Палиня, 74), Олисе (Мюллер, 59), Тел (Коман, 59), Мусиала (Лаймер, 74), Гнабри, Кейн.
«Фрайбург» – Мюллер, Гюнтер (Макенго, 81), Линҳарт, Розенфелдер, Кюблер (Огбус, 81), Эггештайн, Остерхаге (Ҳелер, 72), Грифо (Шаллаи, 63), Рел (Динкчи, 63), Доан, Адаму.
Огоҳлантириш: Упамекано (31).

Венсан Компанининг Мюнхендаги премьерасида қийин ғалабага эришилди. «Бавария» босим ўтказди, аммо VAR аралашувигача гол ура олмади. Биринчи бўлим охирларида видеотакрордан кейин Кейннинг «иккинчи қават»дан қилган ҳужумидан кейин тўп Гинтернинг қўлига теккани маълум бўлди, пеналти тепиш ҳуқуқини қўлга киритган Ҳарри эса гешталтни ёпди — «Фрайбург» бундеслиганинг ушбу инглиз ҳужумчисидан гол ўтказмаган ягона жамоаси бўлиб турганди. Кейн гол урган жамоалар сони 17 тага етди. Иккинчи бўлимда эса Мюнхен Мюллерни олқишлар билан қарши олди, у «Бавария» сафида 710-расмий ўйинини ўтказиб, афсонавий дарвозабон Зепп Майернинг рекордини янгилади. У бу тарихий натижани голи билан нишонлади. Фахрий ҳужумчи Гнабрининг пасидан кейин тўпни ҳавода тўхтатиб, бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлдан олди ва дарвозабонга имкон қолдирмади. Агар унинг голи бўлмаганида ўйинда сенсация қайд этилиши мумкин эди. Қўшимча дақиқаларда «Фрайбург» пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди, аммо Ҳелернинг зарбасидан кейин тўп трибуна томонга қараб кетди.

Франция: идеал «ПСЖ»

«Лилл» — «ПСЖ» 1:3
Голлар:
Жегрова (78) — Витиня (33, пеналти), Барколя (36), Коло-Муани (90+2).
«Лилл» – Шевале, Алессандро, Манди (Менье, 65), Диаките, Ҳаралдссон (Саҳрауи, 46), Жегрова, Гудмундссон, Сантуш (Кабелла, 85), Гомес (Мукау, 46), Андре, Байо (Дэвид, 65).
«ПСЖ» – Доннарумма, Бералдо, Пачо, Маркинос, Ҳакими (Меюлю, 84), Жоау Невеш (Фабиан Руис, 65), Витиня, Заир-Эмери, Барколя (Ли Кан Ин, 74), Асенсио (Дуэ, 65), Дембеле (Коло-Муани, 74).
Огоҳлантиришлар: Бералдо (24), Алессандро (31), Мукау (47), Доннарумма (84), Диаките (90+1).

«Лилл» «ПСЖ» йўлига тўсиқ қўйиши мумкин бўлган жамоадек кўринганди. Ва бундай сценарий реал эди, аммо Доннарумма ўз реакцияси ва устун ёрдамида Диакитенинг зарбасини қайтарди, кейин эса рақибнинг энг фаол футболчиси Жегровага гол уришга имкон бермади. Ўз навбатида, парижликлар ҳужумида барчасини савия ҳал этди. Аввалига — Дембеле жарима майдони ичида чиройли финт билан ҳимоячини ўзига фол ишлатишга мажбур қилди. Кейин — Барколя учинчи турда тўртинчи голини урди. Парижликлар клуби тарихида бу оралиқда бундан юқори натижани фақат Неймар қайд этган (5 гол).

Лекин бу икки голнинг ўзи чемпион учун барчасини ҳал қилиб бермади. Доннарумма қутқаришда давом этди, аммо ўйин охирларига бориб Жегрованинг зарбасини ўтказиб юборди. Натижада Луис Энрике жамоасида саросима бошланди, Тиагу Сантушнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди. Бу ҳолат Дэвид билан ҳам такрорланди. Қўшимча дақиқаларда эса жокерлар мезбонларни таслим этишди — Дуэ идеал узатма берди, Коло Муани бош билан зарба бериб, якуний натижани ўрнатди. «ПСЖ» — Франция чемпионатида уч турда уч ғалабага эришган ягона жамоа.

Кун статистикаси

«Фиорентина» 1-бор мавсумни беш дуранг билан бошлади.

Арне Слот АПЛдаги фаолиятини учта қуруқ ўйин билан бошлаб, бу борада Жозе Моуринио (2004) ва Свен-Йоран Эриксен (2007)дан кейинги 3-мутахассис бўлди.

Бавариялик Мюллер бундеслигада 16 мавсумдан буён гол урмоқда. У Ҳолгер Фаза, Маттс Ҳуммелс, Бернд Никел, Олаф Тон ва Михаэл Цоркнинг натижасини такрорлади.

Салоҳ 33 ўйиндирки майдонни гол ва голли узатмасиз тарк этмаяпти. «Ливерпул» форварди бу борада Тиерри Анридан ўзиб кетди ва фақат Уэйн Рунидан ортда (36).

ПСВ Нидерландия чемпионатида қаторасига 54 ўйинни голсиз тарк этмасдан, клуб рекордини такрорлади.

Мавзуга оид