Ўзбекистон | 15:28 / 05.10.2021
4509
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Ашхобод Афғонистонда барқарорлик ва тинчлик қарор топишидан манфаатдор — Шавкат Мирзиёев

Фото: KUN.UZ

Президент Шавкат Мирзиёев туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашувда муҳокама қилинган мавзулар ҳақида маълумот берди.

«Сизга меҳмондўст Ўзбекистон заминига хуш келибсиз дейман. Туркманистон бизнинг яхши қўшнимиз, стратегик ҳамкоримиз ҳисобланади. Сўнгги йилларда ўртамиздаги товар айирбошлаш уч баробар ортди, ҳатто пандемия даврида ҳам бу кўрсаткич 25 фоизга кўтарилди.

Тор доирада биз ҳурматли Гурбангули Маликгулиевич билан барча масалаларни муҳокама қилдик. Иқтисодий форум якунларига кўра 400 млн долларлик шартномалар имзоланди ва бу фақат бошланиши. 

Айниқса чегараолди савдога жиддий эътибор берилди. Логистика марказлари, ҳамкорликдаги ишлаб чиқаришни ривожлантиришимиз зарур. Ҳар икки давлат учун жуда муҳим бўлган сув масаласига алоҳида тўхталдик.

Маданий алоқаларимизни янада кучайтиришимиз зарур. Пандемия бу борадаги ишларимизни чеклаб қўйди, лекин тиклаш вақти келди. Ўзбекистонда яшовчи 200 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб аҳоли биз билан ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Тошкентдаги «Ашхобод» истироҳат боғи жуда гавжумлигини биласиз. Энди Ашхободда «Тошкент» боғи барпо қилинаётгани ўзаро муносабатларимиз нақадар дўстона эканлигидан дарак беради.

Албатта, биз Афғонистон масаласини алоҳида муҳокама қилдик. Биз, ҳар икки давлат ҳудудда барқарорлик ва тинчлик қарор топишидан манфаатдормиз», дея Ўзбекистон раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон афғон халқига зарур инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни давом эттиришга, ушбу мамлакатда муҳим ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда туркманистонлик шериклар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлиги айтиб ўтилди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга сўз берди.

«Ҳурматли Шавкат Миромонович, самимий меҳмондўстлик ва расмий ташриф учун туркман халқи томонидан қардош ўзбек халқига миннатдорлигимни қабул қилинг. Биз сиз билан сиёсий, иқтисодий, инвестицион ва маданий масалаларни муҳокама қилиш учун учрашмоқдамиз. Биз ҳудудда барқарорлик бўлиши учун биримизни қўллаб-қувватлаган ҳолда халқаро аренадаги ҳаракатларимизни мувофиқлаштириб борамиз. 

Туркманистон ва Ўзбекистон Марказий Осиё ва қўшни ҳудудларда зиддиятлар бўлмаслиги бўйича қатъий позицияга эга», деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид