Жамият | 17:11 / 05.10.2021
49909
38 дақиқада ўқилади

Шайбонийхон шахсияти нега эътиборсиз қолмоқда? Ўзбек тарихининг энг зиддиятли нуқтаси ҳақида мулоҳазалар

Бадиий асарларда, илмий мақолаларда ва тарихий фильмларда Шайбонийхон ва унинг сулоласи салбий бўёқларда тасвирланиб келган. Ҳар нарсанинг ўзига яраша сабаби, илдизи бўлади. У ва ундан кейинги ўзбек хонликларига салбий муносабат ўзбек тарихчилигида ва маданиятида қандай шаклланиб қолган? Тарихчи олим, ЎзР ФА Миллий археология маркази кичик илмий ходими Элдор Асанов шу хусусда фикр юритади.

Фото: Википедия

Мактабда ўтилган тарих дарсларида шу соҳага бўлган қизиқишим, умумий қарашларим шаклланганига қарамай, ҳафтасига бир-икки марта ўтиладиган бу дарслар тарихий билимга бўлган чанқоғимни қондиришга камлик қиларди, шу боис ўша йилларда мавжуд бўлмиш имкониятлардан фойдаланиб, баҳоли қудрат китоб ва мақолаларни топиб, кўпроқ маълумот олишга интилардим. Ҳаётимга интернет кириб келиб, мутолаа ва мулоҳаза учун манба кўпайгач, баъзи тарихий масалалар борасидаги фикрим ўзгара бошлади; тарих дарсларида ўргатилган ёндашув мутлақ эмаслигини англадим. Тарих фақат фактлар ва саналар йиғиндиси эмас, фараз ва концепциялар тўқнашадиган майдон ҳам эканини билдим.

Мана шу изланишларим мобайнида Шайбонийхон шахсияти диққатимни кўп тортди. Бир қарашдаёқ катта ишлар қилгани, улкан тарихий ўзгаришларга сабаб бўлгани кўриниб турган бу шахс ўзбек тарихчилигида очиқ қораланар эди десам, хато бўлади, лекин энг камида унинг фаолиятига нисбатан бефарқликни кузатардим. Бадиий асарларда (Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи – доим келтириладиган классик мисол) ва илмий-оммабоп матнларда Шайбонийхон салбий бўёқларда тасвирланар, илмий ишларда эса Темурийлар салтанатини қулатган босқинчи деб кўрсатилар эди. Унинг юришлари натижасида юзага келган сиёсий статус-кво – ўзбек қабилаларининг ҳукмронлиги ўрнатилиши ва кейинроқ хонликлар тизимининг шаклланишига келганда, ўзбек тарихчилари (ҳарқалай, ўша йилларда) бир овоздан Марказий Осиё тушкунликка юз тутганини, сиёсий бошбошдоқлик авж олганини таъкидлар эди.

Аммо Шайбонийхоннинг фаолияти билан яқиндан танишганим сайин бу концепцияларга ишончсизлигим ортди. Қарашларимни турли давра ва даражаларда – тарихга қизиқувчи таниш-билишлар гурунги-ю интернетдаги форумлардан тортиб университетдаги олимлар суҳбатигача текширганимда, жуда кўплар унга салбий муносабатда эканини, уни Темурийлар салтанатининг ҳалокатида айбдор деб билишини тушундим. Кўп ҳолларда бу қарашлар рационал аргументация доирасидан чиқиб, стереотипик кўникмага айланган эдики, оддий илмий муҳокама билан олим ва тадқиқотчиларнинг фикрини ўзгартириб бўлмас эди.

Шунга қарамай, сайтларда, ижтимоий тармоқларда, кейинчалик эса ўзимнинг блогимда бу масалани қайта-қайта кўтариб келдим. Секинлик билан бу мавзуда ҳаммаслакларим кўпайиб бораётганига гувоҳ бўлдим: кимлардир менинг мақолаларимни ўқиб, ўзига яраша хулосалар қилган эса, яна кимлардир мен босиб ўтган йўлдан юриб, ўхшаш нуқтайи назарда тўхтаган эди.

Нима бўлганда ҳам, ўзбек тарихчилигидаги энг жиддий муаммолардан бири – Шайбонийхон шахсияти масаласи икки-учта тарихга қизиқувчи ҳаваскор доирасидан чиқиб, расмий медиага, газета-журнал ва сайтларга етиб келгани, баҳсларга сабаб бўлаётгани силжиш борлигидан далолат. Айнан мана шундай баҳсларда янгича қарашлар асосланади ва сайқалланади. Бир кун келиб Шайбонийхон атрофидаги мубоҳасалар медиадан тарихчи олимлар ва сиёсатчиларгача етиб боради деб умид қиламан.

Юқоридаги оптимистик сўзларни ёзишимга сабаб тарихчи Бахтиёр Алимжановнинг “Ишонч” газетасида, ундан кейин эса ЎзАда нашр этилган “Муҳаммад Шайбонийхон даврни ўзгартирган сиёсий лидeр эди(ми?)” сарлавҳали мақоласи бўлди. Лекин ушбу матн ҳақида фикр айтиш, у билан баҳсга киришиш ёки ундаги постулатларни ҳимоя қилиш ниятим йўқ: материалнинг моҳияти менга асослидай туюлди, асоссиз кўринган жиҳатлар билан баҳсга киришиш учун эса шошилмай, муаллиф ўтказган тадқиқотга тенг тадқиқот ўтказиб, кейин муносабат билдириш керак бўлади. Қуйида мен ўзбек медиасида Шайбонийхон мавзуси кўтарилганидан фойдаланиб, бу борадаги айрим мулоҳаза ва қарашларимни келтириб ўтмоқчиман.

Аввало сабабларга юзланмоқчиман. Ҳар нарсанинг ўзига яраша сабаби, илдизи бўлади. Шайбонийхонга ва у яратган сиёсий муҳитга – ўзбек хонликларига нисбатан салбий муносабат ўзбек тарихчилигида ва маданиятида қандай шаклланиб қолган?

Совет тарихчилиги хонликларни нега ёмон кўрган?

“Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги хон замонларидан белгуладим”.

Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи киришидан олинган бу парча ўзбек китобхонига яхши таниш. Хон замонларини кирлик, қора кунлар деб таърифлаш роман битилган 1920-йилларда ўзига хос “тренд” эди: яқиндагина қулаган давлатни қоралаб, янги ўрнатилган ҳокимиятнинг устунликларини самимий ёки носамимий мадҳ этиш оддий ҳол эди. Абдулла Қодирий бу мадҳиябозлик парадига қўшилмаган оз сонли зиёлилар қаторида эди; шунга қарамай, балки ўз асарининг хавфсиз келажагини таъминлаш мақсадида унинг кириш қисмига сиёсий конъюнктурага мос бу хатбошини киритгандир. Бошқа томондан эса, Қодирий, жадид зиёлиларнинг кўпчилиги сингари, ҳеч қандай совет идеологиясисиз ҳам хонлик замони тартибларига мухолиф, янгилик, прогресс тарафдори эди. Нима бўлганда ҳам, хонлик замонининг кирликларини тасвирлаган бу романнинг тақдири чиройли бўлди: қатағонлардан омон чиқиб (муаллифидан фарқли ўлароқ), ўзбек адабиётининг дурдонаси дея эътироф этилди, китобдан экранларга кўчди.

Хонлик замонини танқид остига олиш аслида Қодирий ижодигагина хос эмас. Ўзбек адабиётини, Ўзбекистонга бағишланган рус ориенталистикасини кўздан кечирсангиз, “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги хон замонлари” ҳақида яна бир қанча китоб топасиз: Акмал Икромовнинг ўғли Комил Икромов муаллифлигидаги “Пехотный капитан” романи Оллоқулихон замонидаги Хива хонлигини фош этади; Евгений Березиковнинг “Красная Бухара” романида XX асрнинг 10-йилларидаги Бухоро амирлиги қора бўёқларда тасвирланади; Миркарим Осимнинг хонликларга бағишланган қисса ва ҳикояларидан негатив уфуриб туради.

Совет ўзбек тарихчилигидаги парадигмалар ҳам адабиётдагидан сезиларли фарқ қилмайди: хонликлар даври сиёсий бошбошдоқлик, қолоқлик, хонлар диктати билан характерланади.

Мен ўзбек хонликлари ривожланган, кучли давлатлар бўлган демоқчи эмасман; улар айниқса мавжудлигининг охирги бир-икки асрида анча орқада қолиб кетгани бор гап. Лекин совет тарихчилигининг ўзбек хонликларига кескин салбий муносабатига бошқа, шахсийроқ сабаб бор: СССРнинг Марказий Осиёдаги республикалари ўзбек хонликларининг “тиригини” кўрган, уларга қарши курашиб, уларни қулатиб, харобаларида тузилган давлатлар эди. СССР ва ўзбек хонликлари ўртасида конкрет идеологик мухолифат, қарама-қаршилик мавжуд эди. Хонликлар тарихини ёзган совет фани ўтмишни ҳис-туйғусиз ёритишга эмас, идеологик рақибини тошбўрон қилишга уринарди. Бу хонликлар даврига холис ёндашишга, айрим арзирли воқеалар, ютуқлар, шахсларга тадқиқий эътибор қаратишга тўсқинлик қиларди. Ўзбек тарихининг қаҳрамонлари, арбоблари асосан XVI асргача бўлган даврда яшаганига ҳеч эътибор берганмисиз? Бу XVI асрдан сўнг йирик арбоблар чиқмаганидан эмас, уларга эътибор қаратилмаганидандир.

Мустақил Ўзбекистон тарихчилиги совет даври парадигмаларидан чиқиб кета олмаяпти: совет мактаби яратган умумий қараш скелети, даврлаштириш тўлалигича сақлаб қолинган, тарихий шахслар пантеони деярли ўзгармаган (Амир Темур қўшилган), ёндашувлар деярли алмашмаган. Хонликлар даврига қайта баҳо беришга, уларнинг тарихини такроран ёзишга ҳаракат қилинмаяпти, умуман, бу мавзуга айтарли қизиқиш йўқ. Ўзбек миллати, Марказий Осиёнинг бугунги этник, сиёсий ва маданий қиёфаси шаклланишида ҳал қилувчи роль ўйнаган ўзбек хонликлари қолиб, улардан олдинги замонларга кўпроқ урғу берилади, хонликларга келганда эса Темурийлар давлати йўқ қилиниб, бунинг оқибатида қолоқлик ва тушкунлик бошлангани уқтирилади.

Хонликлар даврининг умумий танқиди асносида Шайбонийлар давлати ҳам мана шу “қолоқлар фазаси” доирасига киритиб юборилади. 2001 йилда рус тилида чиққан “Очерки по истории государственности Узбекистана” китобининг ўзбек хонликларига бағишланган бобида Шайбонийлар даври қуйидагича тавсифланади: “Кейинчалик фақат баъзи Шайбоний ҳукмдорларгина вилоятлар ноибларининг эътирофини қозониб, марказий ҳокимиятни кучайтиришда маълум муваффақият қозона олган” [1]. Ваҳоланки, Шайбонийлар даври чегаралари ва сиёсий тузилиши жиҳатидан кейинги асрлардаги хонликлардан фарқ қилади. Шайбонийларни замонасининг қолоқ ва кучсиз сулоласи деб билиш адолатсизлик бўлади.

Ўзбек тарихчилигида Шайбонийхон ва Шайбонийларга нисбатан ёппасига бефарқлик ёки беписандлик ҳукм суряпти десам, хато қиламан. Умумий манзара ўзгармаётгани билан, янгича кўз қарашларни илгари сурадиган тадқиқотчилар етарлича топилади; Шайбонийхон шахсиятини қайта баҳолашга хайрихоҳлар ҳам кўпайиб бормоқда. Мисол келтираман.

“Ўзбекистоннинг янги тарихи” фундаментал нашрининг юқоридагидан бир йил олдин чоп этилган биринчи китобида ҳам Шайбонийлар ҳақида стандарт парадигма такрорланади: “Қарийб бир асрга яқин давом этган Шайбонийлар ҳукмронлиги даврида ҳам тинчлик бўлмади, қирғинбарот урушлар, ўзаро ички курашлар давом этди” ва ҳ.к. [2]. Аммо Шайбонийхон ва Бобурнинг ўзаро курашлари ҳақида гап кетганда, китоб муаллифлари “бу икки ўзбек саркардаси, икки шоир ва давлат арбоби иттифоқлашиб, Темурийларнинг бутун Шарқ ва Ғарбга ёйилган шуҳратини барқарор этиш, Соҳибқирон Амир Темур асос солган қудратли давлат шукуҳини янада тиклаш ўрнига ўзаро кураш, уни эгаллаш билан банд бўлишди”, деб таъкидлайди [3].

Бобур, Шайбонийхон ва ўзбек миллий тарихининг ёзилиши

Ҳар қандай миллий тарих, маълумки, моҳиятан конструктдир. Бугунги антрополог ва тарихчиларнинг аксарияти бундай қарашда собитдирлар. Тарих – жуда мураккаб, кўп сатҳли жараёндир; миллий тарих эса ундан фақат ўзига керакли сатҳларни, фактларни, шахсларни суғуриб олиб ёзилади ҳамда маълум давлатнинг ёки миллатнинг тарихи ўлароқ тақдим этилади. Миллий тарих ўтмишнинг реал картинасини холис ва методик тиклашга эмас, балки ўтмиш орқали ўзини тушунишга, муайян миллат ва давлат мавжудлигининг сабабларини ва асосларини қидиришга уринишдир. Шунинг учун миллий тарих фақат миллат учун аҳамиятли шахсларни, воқеаларни ва жараёнларни тан олади. Муаммо шундаки, миллат нималигини, унинг қадриятларини, ўтмишини, келажагини ҳар бир зиёли, сиёсатчи, қўйингки, бу масалаларга қизиқувчи ҳар қандай инсон ўзича тушунади.

Ўтмишда тарихни тор доирадаги тарихчилар ҳукмдорлар учун ёзган ва ўрганган; саройдан ташқарига чиқмаган бу “протомиллий” тарих, табиийки, кенг оммага етиб бормаган ва катта баҳслар келтириб чиқармаган. Омма таълим ва билим олиши одат тусига кирган, китоблар, мақолалар, бошқа турдаги манбалар кўпайган, ўрта статистик зиёли билан ўрта статистик ҳаваскор орасидаги интеллектуал фарқ қисқарган модерн асрида миллий тарих ёзилиши ва мактабларда мажбурий ўқитилиши муқаррар идеологик тўқнашувлар келтириб чиқаради: ҳозир ўқимишли, савияли одам кўп, идеология ва қарашлар ҳам шунга яраша, барчани қониқтирадиган тарихий дискурс яратиш деярли имконсиз. Ҳамма тарихдан ўзи хоҳлаган нарсани топишга уринади ва бу саъй-ҳаракати билан маълум маънода тарихни ўзгартиради, ўз қадриятлари ва қарашларига мослайди.

Ўзбек миллий тарихи модели мана шундай идеологик курашлар асносида XX асрнинг 30–50-йилларида ишлаб чиқилган. Ўзбек тарихининг даврий ва географик чегаралари, шахслар пантеони, асосий концепциялар ўшандан буён унча ўзгаргани йўқ. Лекин аввалбошда олимлар орасида кескин тортишувлар рўй берган: Ўзбекистоннинг биринчи тарихи ёзилиши ҳақиқий драмага айланиб кетган эди. Россиялик тарихчи Сергей Абашин Ethnogenesis and Historiography: Historical Narratives for Central Asia in the 1940s and 1950s сарлавҳали мақоласида бу борадаги ҳиссиётли академик баҳсларни батафсил таҳлил ғалвиридан ўтказади [4]. Диққатга сазовор жиҳати, “История народов Узбекистана” нашрининг иккинчи китоби 1947 йилда – биринчи китобидан уч йил олдин чоп этилган эди. Негаки XVI–XIX асрлар тарихини қамраб олувчи бу китоб ўша кезларда қизғин баҳсларга сабаб бўлиб турган масалаларни – ўзбек халқи этногенези ва, хусусан, унда кўчманчи ўзбекларнинг ролини ёритарди. Томнинг асосий муаллифи бўлмиш Александр Семёнов эски колониал шарқшунослик намояндаси ўлароқ совет тарихчилигининг марксистик парадигмасини қабул қилмас, янги миллий қарашларни шубҳа остига олар эди. Баҳс юритаётганимиз бу китобда бу яққол намоён бўлади – у ерда баён этилган Ўзбекистон тарихи кейинги баёнлардан жиддий фарқ қилади. Масалан, унинг биринчи боби “Образование узбекского государства и завоевание узбеками Маверауннахра” (Ўзбек давлатининг ташкил топиши ва ўзбеклар Мовароуннаҳрни босиб олиши) деб аталади. Яъни муаллиф ўзбек давлатчилигини XVI асрдан бошлайди. Бобда Дашти қипчоққа, Ўзбек улусига, Абулхайрхонга кўп урғу берилади; Шайбонийхон салбий бўёқларсиз, йирик давлат арбоби сифатида тасвирланади, ҳатто у ҳақдаги ривоятлар келтирилади; Бобур баённинг марказига қўйилмайди [5].

Бизга яхши таниш ўзбек миллий тарихи модели кейинроқ, 50-йилларда бутунлай ишлаб чиқилиб, расмий тус олган ҳамда китоблардан, дарсликлардан ўрин ола бошлаган. Бизга бугун мактабларда ўргатиладиган тарихий шахслар ҳам 40–50-йилларда саралаб олинган. Бунда асосан X–XV асрларга урғу берилган – айнан шу даврда Ўрта Осиёда маданий ва сиёсий юксалиш бўлган, деб қаралган. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ватанпарварлик руҳини ошириш мақсадида бошқа даврларда яшаган айрим шахслар – қўзғолончилар, босқинчиларга қарши курашган арбоблар расмий пантеонга киритилиб, тарғиб қилинган.

Қизиғи, Бобур бобокалони Темур сингари бошида бу рўйхатдан тушиб қолган. Ўзбек зиёлилари Темурийлар даврига катта эътибор қаратганига қарамай, Темурий ҳукмдор ва саркардалар феодал элита вакиллари сифатида миллий қаҳрамонлар пантеонига киритилмаган. Мирзо Улуғбек каби олимлар, Алишер Навоий сингари шоирларгагина рухсат берилган.

Кейинчалик Бобурни машҳур қилиб юборган ўзбек ёзувчиси Пиримқул Қодиров 50-йилларнинг охирида ёзилган “Уч илдиз” романида ўша давр университет таълимида Бобур золим босқинчи қилиб кўрсатилганини қистириб ўтган.

Кейинги ўн йилликларда Бобурнинг номи реабилитация қилинди. У адабиёт антологияларига киритилди, китоблари чоп этилди. Лекин бунинг оқибатида Шайбонийхоннинг имижи янада негативлашди – у энди дилбар шоир, ҳассос инсон Бобурнинг душманига айланди. Уни қувиб юборган, Темурийлар давлатини қулатган босқинчи номини олди.

Ўзбек миллий тарихининг модели мана шундай босқичлардан ўтиб, шаклланди; бу модель бугунги кунгача катта ўзгаришларга учрагани йўқ. Фақат Темур номининг реабилитация қилинганини ҳамда шу модель муаллифлари бўлмиш советларнинг ўзи қайта баҳоланиб, хонликлар қаторида тарихнинг қора саҳифасига айланганини жиддий ўзгариш деб талқин қилиш мумкин.

“Бобом ёмон, демак, бобом эмас”. Шайбонийхонга қарши эътирозлар асослими?

Бахтиёр Алимжановнинг тилга олинган мақоласининг ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларига эътибор берсангиз, қарши аргументлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бу аргументлар зиёли қатлам, тарих иштиёқмандлари нега Шайбонийхонни муҳим тарихий шахс сифатида тан олгиси келмаётганини очиқлайди: Темур салтанатини қулатган, мустаҳкам давлат ярата олмаган, “маънавиятли”, бағрикенг инсон бўлмаган, бу юртга бостириб келган, кўчманчи, демакки, “ёввойи” бўлган. Шунингдек, қиёсий аргумент кўп илгари сурилади: Бобур буюкроқ бўлганми, Шайбонийхонми? Шайбонийхон Темурчалик буюк бўлганми?

Алимжановга раддия тарзида ёзилган постлардан биридаги фикрлар диққатга сазовор: “Аслида Шайбонийхон Бобур каби билимдон, маънавияти бой, бағрикенг бўлганмиди? Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Шайбонийхоннинг қилган ишларини тарих параллелида солиштириб кўрадиган бўлсак, Бобурнинг тоши рақибиникидан анча оғир келади”. Бу ўзбек академик доираларида энг кўп янграйдиган аргументдир. Бир замонлар, PhD’да ўқиб юрганимда Амир Темур даврини ўрганувчи бир профессордан “нега Шайбонийхон шахсиятига етарли эътибор беришмайди?” деб сўраганимда, зарда билан “у Темурнинг олдида ҳеч нарса бўлмаган!” деган эди.

Бир шахсга баҳо бериш учун уни бошқа шахс билан қиёслаш тўғри хулосалар келтириб чиқармайди: ҳамма бирдай буюк, бирдай кучли бўла олмайди, илло ҳар кимнинг тарихда ўз ўрни бор. Шайбонийхон Темурчалик катта ишлар қилмагандир, лекин Темур ҳам Чингизхончалик катта ишлар қилмаган. Қиёснинг охири йўқ. Чамамда, баъзи тадқиқотчилар Шайбонийхон образини бўрттириб кўрсатиш Бобур образига путур етказади, деган хавотирда бўлса керак, зеро Бобурнинг идеаллаштирилиши жараёнида Шайбонийхоннинг роли пасайтирилган.

Бироқ академик тарихнинг вазифаси тарихий зиддиятларда у ёки бу тарафда туриш, ким ҳақ, ким ноҳақ эканини аниқлаш эмас; тарихчи ҳар бир томоннинг нуқтайи назарига, қадриятларига, тарихда қолдирган изига холис баҳо бериб, хулосалар қила олиши лозим. Ўтмишдаги икки душман бугунги авлодлар учун бирдай аҳамиятли бўлиши мумкин; қолаверса, бирининг “тош босиши” бошқасининг аҳамиятини туширмаслиги керак. Агар фақат “нисбатан кўп тош босадиганлар”ни қадрлайдиган бўлсак, ўзбек адабиётида Навоийдан бошқа ҳеч ким қолмаслиги керак эди. Нега барча шоирларни бирдай ўрганган каби барча давлат арбобларини бирдай ўрганиш, хотирасини ардоқлаш мумкин эмас?

Мен тўхталиб ўтмоқчи бўлганим кейинги аргумент Шайбонийхоннинг кўчманчилиги ва босқинчилигидир. Кўчманчиликка нисбатан стереотипик муносабат совет тарихчилигидаёқ шаклланиб бўлганди, лекин мустақилликнинг дастлабки йилларида Ислом Каримов буни мустаҳкамлаб, норасмий равишда мустақил Ўзбекистон тарихчилигининг бош парадигмасига айлантирди. Унинг сўзларини келтираман: “Биз ўзбеклар ҳам ўша Аттиланинг авлодлари, ворислари эмишмиз. Бу билан фахрланишимиз керак экан. Биринчидан, бундай ўта жиддий хулоса чиқаришга ҳозирча ҳеч қандай асос ёки замин борлигини ҳеч ким исбот қилолмаса керак. Иккинчидан, босқинчига ворис бўлиш фахрли мартаба эмас, иснод-ку! Бу иғвога учсак, эрта Европа биз тўғримизда нима дейди? Бу гап қаердан чиқди, кимга керак бу сохта обрў?!”[6].

Кўчманчилик бугунги фанда ёввойилик ёки маданиятсизлик эмас, цивилизациянинг бир кўриниши сифатида талқин қилинишини қўятурайлик. Лекин ота-боболарни қилган ишига, босқинчи-босқинчи эмаслигига қараб танлаш миллий тарихнинг нима эканини яққол кўрсатиб берадиган феномендир: ким бизга ёқса, уни бобомиз деб тан оламиз, дарсликларимизга киритамиз, ҳайкалларини ўрнатамиз, ёқмаганларни унутишга ҳаракат қиламиз. Миллий тарих академик фандан узоқ, муаллифларининг кайфиятига ва маънавий приоритетларига қараб ишлаб чиқиладиган идеологик конструкт эканини мана шу ёндашувдан ҳам билса бўлади.

“Чиғатой эл мени ўзбек демасун”

Биз юқорироқда эсга олган Семёнов “История народов Узбекистана”нинг иккинчи китобида Шайбонийхон Мовароуннаҳрни осон эгаллашини қуйидагича тушунтиради: “Кўчманчи ўзбеклар мусулмон эди ва Темурийлар давлати аҳолисига тушунарли тилда гапирарди. Уларнинг раҳнамоси Шайбонийхон ўша пайтдаги мусулмон маданияти савиясидаги одам эди, икки маҳаллий тил – форсий ва туркийни мукаммал биларди, маърифат ва фанни яхши кўрувчи ўқимишли инсон эди”.

Олтин Ўрда ва Чиғатой улуси Чингизхон асос солган мўғул империясининг қисмлари бўлиб, қатъий чегараларга эга эмас эди; кўп ҳолларда бу улусларда мустақил давлатлар ҳукм сургани билан, хонлар, чингизий шаҳзодалар у улусдан бу улусга ўтиб турар, бир-бирининг ерига даъвогарлик қилар эди. Темур ҳам Чиғатой улуси билан чекланмай, Олтин Ўрдани ўз назорати остида тутиб туришга уринган ҳамда бошқа мўғул улусларига даъво қилган: Хуросон, Эрон, Ироқ, Кавказнинг Элхонийлар давлатига қараган кенг ҳудудларини эгаллаган, тўртинчи мўғул улуси бўлмиш Юань Хитойига юриш чоғида вафот этган.

Замонавий илмий қарашлардан келиб чиқиб тушунтирадиган бўлсам, бу тўрт улус ягона дунё-иқтисодиётни ташкил қилган ва бир-бирига ҳар жиҳатдан боғлиқ бўлган. Уларнинг чегаралари бироз ўзгариб туриши, унисидан бунисига сулолалар, элита, ҳатто аҳоли кўчиб ўтиши одатий ҳол бўлган: Темур Олтин Ўрданинг бир бўлаги бўлмиш Шимолий Хоразмга чиғатой қабилаларини кўчириш сиёсатини юритган; ўзбек хонлари Шайбонийхондан анча олдин Тошкент ва Сирдарё бўйидаги шаҳарлар устидан назорат ўрнатган.

Шайбонийхон ҳам типик кўчманчи аристократия вакили эди: бир ерда ҳокимиятни қўлдан бой бергач, буюк бобосининг (Чингизхоннинг) мероси таркибига кирувчи бошқа минтақада бахтини қидирган. Эсингизда бўлса, ундан 265 йил олдин Жалолиддин Мангбурни шу ишни қилган – Мовароуннаҳр ва Хоразм қўлдан чиққач, Эрон ва Ироқда ўз давлатини тузишга уринган эди.

Қолаверса, икки улуснинг туркий тилли аҳолиси келиб чиқиши, тили ва маданияти жиҳатидан яқин бўлган: бир тилда гапирган, бир динга эътиқод қилган, бир хил қабилалардан иборат бўлган. Алишер Навоий ўзининг машҳур мисраларида Хитойдан Хуросонгача яшовчи аҳолини ягона турк эли деб билишини таъкидлаб ўтади:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,

Муайян турк улуси худ менингдур.

Олибмен тахти фармонимға осон

Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Шайбонийхоннинг чиғатойларга машҳур мурожаати унинг учун этник тафовут бўлмаганидан далолат беради:

Чиғатой эл мени ўзбек демасун,

Беҳуда фикр қилиб, ғам емасун.

Шайбонийхоннинг Туркияда нашр этилган девони

XIV–XVI асрларда ўзбек, чиғатой каби ўзликлар сиёсий характерга эга бўлиб, қабилавий иттифоқ деб тушунилган, қабилалар бир иттифоқдан бошқасига осон қўшилиб кетаверган, бир-бирини этник томондан фарқлаб, ажратмаган. Бобур Исмоил Сафавий билан иттифоқликда Мовароуннаҳрга кириб келиб, шиалик тартибларини ўрната бошлаганида чиғатой ва мўғул қабилалари ёппасига ўзбеклар томонига ўтиб кетганини, кейинги йилларда эса ўзбекларнинг қабилавий иерархиясига кириб кетганини эсга олайлик. Хоразм аҳолиси шиаларга қарши курашда раҳбарлик қилишлари учун Шайбонийларнинг бошқа тармоғидан бўлмиш чингизий шаҳзодалар Элбарс ва Бейбарсни ўзлари чақириб олган эди. Ўзбеклар, чиғатойлар ва мўғуллар бирлашиб қизилбошларга кураш олиб бориши асносида улар ягона ўзбек халқига бирлашган ва бугунги ўзбек сиёсий миллатининг тамал тошини қўйган эди.

Шайбонийхон юришларининг қандай аҳамияти бор?

Сафавийларга қарши урушлар

Бахтиёр Алимжановнинг Шайбонийхоннинг фаолияти Марказий Осиёда янги даврни бошлаб бергани, у ўрнатган тизим XX аср бошларигача сақлангани борасидаги хулосаларига қўшиламан. Бунга қўшимча равишда айтишим мумкинки, Шайбонийхон ҳамда унинг Дашти Қипчоқдаги рақиблари – қозоқ хонлари бошлаб берган жараёнлар яна икки асрча давом этиб, Марказий Осиёнинг бугунги этник, лисоний, маданий ва сиёсий картинаси шаклланишига замин яратди: ўзбеклар, қозоқлар, қорақалпоқлар ва қирғизлар шаклланиб, бугунги географияларида жойлашди, уларнинг тили ва маданиятидаги ўзига хослик шакллана бошлади. Олдинги халқлар – чиғатойлар ва мўғуллар сиёсий мавқейини йўқотиб, бошқа халқлар, шу жумладан ўзбеклар ва қозоқлар таркибига қўшилиб кетди.

Баъзида “ўзбеклар бостириб кирмаганда ҳам ҳеч нарса ўзгармасди, фақат номимиз бошқача бўларди” қабилидаги фикрларни эшитиб қоламан. Бундай кўз қараш расмий тарихда ҳукм сураётган стереотиплардан илдизланади. Айтайлик, Аҳмадали Асқаровнинг 2015 йилда чоп этилган “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” номли китобида яна ўша эски советча гаплар такрорланиб, Шайбоний ўзбекларнинг роли пасайтириб кўрсатилади, гўёки улар минтақадаги этник вазиятга ҳеч қандай таъсир ўтказмагандай таассурот уйғотилади [7]. Аммо тарихий фактлар бунинг тескарисини кўрсатмоқда.

Биринчидан, халқни шакллантиришда ўзлик, ном жуда муҳим ўрин тутади. Ўзликни ташкил этувчи этноним ёки политоним, унинг ортида турган тарихий ва маънавий капитал миллатни бирлаштиришда тил ёки маданиятдан устунроқ омилдир. Бир тилда гапирувчи молдаван ва руминлар бир-бирини бошқа-бошқа миллатлар ҳисоблайди, лекин ҳар хил тилда гапирувчи хитойлар ўзини ягона миллат деб билади; бир тилда гапирувчи хорватлар, серблар, бошноқлар ўзаро қирғинбарот урушлар гирдобида қолган бир пайтда турли этнослар бирлашувидан ташкил топган немислар, французлар ва итальянлар дунёни бошқариб келди.

Шайбонийларнинг ўзбек тарихидаги ўрнини кўрсатувчи бир факт бор. Хоразм вилояти узоқ тарихи мобайнида кўпинча алоҳида сиёсий ва маданий бирлик бўлиб келган; XVI аср бошларида ҳам Хоразмда, ҳам Мовароуннаҳрда ўзаро қариндош ўзбек сулолалари иқтидорга келиши туфайли уларнинг ўзлиги умумийлашган, уларнинг негизида ягона миллат шаклланишига пойдевор қўйилган. Буни яхши тушунган машҳур америкалик ўзбекшунос Эдуард Оллворт ўзбек халқи ва давлати тарихини Ўзбекхондан ва Абулхайрхондан бошлайди [8].

Иккинчидан, Темурийлар давлатида туркий тилли чиғатойлар аҳолининг кўпчилигини ташкил қилмаган: шаҳарларда, ўтроқ туманларда, айниқса Хуросонда аксарият форс тилида гапирган. Чиғатойлар асосан Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Балх ва Толукондаги яйловларни эгаллаган. 

Баъзи вилоятларда, масалан, Фарғона водийсининг шарқий қисми, Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқими, шунингдек, Темурийлар ва Олтин Ўрда ўртасидаги баҳсли ҳудуд бўлмиш Хоразмда туркий тил устунлик қилган.

“Бобурнома”да келтирилган Фарғона вилояти таърифига эътибор беринг: муаллиф вилоят “етти пора қасаба”га, яъни етти туманга бўлинишини айтади ва шулардан фақат Андижоннинг аҳолисини турк деб таърифлайди [9]. Андижондан ташқари, йирик шаҳарлардан Тошкент ва Қаршида нисбатан кўп туркий тилли аҳоли яшаган; Самарқанд, Балх ва Ҳиротда чиғатойлар фақат аристократия ва ҳарбийларни ташкил қилган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Шайбонийхон ҳамда унинг қариндошлари билан биргаликда минтақага 370 минг одам кириб келган; XVI–XVIII асрларда яна бир неча миграция рўй берган. Қолаверса, юқорида айтганимдек, кўп чиғатой ва мўғул қабилалари ўзбеклар билан бирлашган. Бу жараёнлар натижасида Мовароуннаҳр ва Фарғонада, Хуросоннинг шимолий вилоятларида туркий тилли аҳоли – ўзбеклар кўпчиликни ташкил эта бошлаган. Айнан ўзбекларнинг фаол миграцияси натижасида туркий тил яйловлардан шаҳарларга кўчган – Марғилон, Жиззах, Шаҳрисабз, Шибирғон, Маймана каби шаҳарлар XVI–XVII асрларда туркий тилга ўтган; бундан ташқари, ўзбеклар Қўқон, Каттақўрғон, Шаҳрихон, Урганч сингари шаҳарларни бунёд этган.

Ўзбекистон харитасига қарасангиз, ўзбек қабилалари номига аталган юзлаб, балки минглаб катта-кичик қишлоқни учратасиз: Фарғонадан Хоразмгача қўштамғали, қўнғирот, юз, қанғли, манғит, пичоқчи, балиқчи, айрончи, уйрот, кенагас, тўжа, қарапчи, чағали, туғали, қатағон, олқор, дўрмон, минг, баҳрин, сарой, қипчоқ, дархон, сиргали, кўкча, уйшин, жалойир каби номлар сочилиб ётибди. Ўзбекларнинг йирик гуруҳлари шаҳарлашиб, қарлуқ ва ўғуз шеваларига ўтиб кетганига қарамай, ҳалигача қипчоқ шевалари Фарғона, Хоразм, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент каби вилоятларда ниҳоятда кенг тарқалган. Совет ўзбек этнографи Балқис Қармишева XX аср бошларида Бухоро амирлигининг жанубий вилоятларида келиб чиқиши Дашти Қипчоққа бориб тақалувчи ўзбеклар мутлақ кўпчиликни ташкил этишини аниқлаган эди [10]. Шу далилларнинг ўзиёқ ўзбеклар Мовароуннаҳр, Хоразм ва Фарғонага не қадар катта оқим бўлиб кириб келганини кўрсатади.

Шайбонийхон бошлаган ишини якунига етказа олмай, 1510 йилда Исмоил Сафавийга қарши жангда ҳалок бўлган. Унинг фарзандлари, амакилари ва жиянлари тез орада бирлашиб, Ғиждувон жангида Бобур – Сафавий коалицияси устидан ғалаба қозонган ва Мовароуннаҳрда узил-кесил ўз ҳокимиятини ўрнатган. Айтиш керакки, улар тузган давлат – Бухоро хонлиги анча қудратли, барқарор ва мустаҳкам эди; Шайбонийлар Усмонлилар, Сафавийлар ва Бобурийлар қаторида мусулмон дунёсини бўлиб олган тўрт йирик кучдан бири ҳисобланарди. Шайбонийхондан кейин ҳукм сурган хонлар – амакилари Суюнчхўжахон ва Кўчкунчихон, жияни Убайдуллахон ва унинг ўғли Абдулазизхон йирик давлат арбоблари эди. Уларнинг фаолиятини ўргансангиз, улар мамлакатни шиа экспансиясидан сақлаб қолганини, ҳудудларини кенгайтириб борганини, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказиб, давлатни мустаҳкамлаганини кўрасиз. Уларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқотларга муҳтож, ўрганилмай қолиб кетаётган йирик тарихий шахслардир. Айниқса Убайдуллахонни алоҳида урғулаган бўлардим: 25 ёшида қизилбошлар устидан ғалаба қозониб, ғозийга, ёшлигидаёқ халқ қаҳрамонига айланган бу арбобнинг ўзбек тарихидаги роли ҳалигача етарли баҳоланмай келмоқда.

Бухоро хонлигида Абдулазизхоннинг вафотидан сўнг бошланган беқарорлик, турли чамаларга қараганда, 10–20 йил (Темурийлардагидан камроқ) давом этган. 1560–1570-йилларда охирги буюк Шайбоний – Абдуллахон II яна мамлакатни бирлаштириб, 20–30 йиллик барқарорлик ўрнатган. Унинг даврида Бухоро хонлиги максимал қудратга эришган.

Абдуллахон II

Санаб ўтилган Шайбоний ҳукмдорлар, сиёсий ва ҳарбий фаолиятдан ташқари, фан ва маданиятга ҳомийлик қилган. Шайбонийхон, Убайдуллахон, Абдулазизхон дилбар шеърлар ёзган, Кўчкунчихон таржимонликни рағбатлантирган; Шайбонийлар даврида туркий тилда тарихий солномалар ёзила бошланган. Қарши, Қўқон, Тошкент, Бухоро ва Хивадаги тарихий ёдгорликларнинг ҳам аксарияти Темурийлар даврида эмас, Шайбонийлар ҳамда улардан кейинги ўзбек сулолаларининг буюртмасига биноан қурилган.

Хуллас, Шайбонийлар сулоласи анча қудратли, катта ва барқарор давлат яратиб, бир аср давомида минтақанинг иқтисодий, маданий ва сиёсий ўсишини таъминлаган. Уларнинг даврида фан ва маданият ривожланган. Ғарбдан иқтисодий, техник ва маданий томондан ортда қолиш кейинги асрларда кўзга ташлана бошлаган ва умуман мусулмон оламига хос ҳодисадир. Бу – алоҳида ва жуда катта мавзу.

Лекин Шайбонийларнинг асосий хизмати ўзбек халқи ва давлатининг тамал тошини қўйгани, минтақадаги этник ва сиёсий вазиятни ўзгартириб юборганидир. Улар кўп жиҳатдан бугунимизни, минтақа халқларининг жорий маданий ва этник қиёфасини белгилаб берган сулоладир.

Самарқанддаги Шайбонийлар даҳмаси, XX аср бошларидаги фото

Дунёда қандай?

Жаҳон фани Ўзбекистон академиясида ҳукмрон позицияда турган концепцияни асосли деб ҳисобламайди. Ўзбек давлатчилигини Сўғдиёна-ю Бақтрияга боғлашни, Шайбонийлар ва ўзбек хонликларининг ролини инкор қилишни дунё олимлари сиёсий конъюнктура меваси деб билади. Инглиз тилидаги тадқиқотларда, замонавий антропологик назарияларга асосланган рус тилли матнларда мутлақо бошқача ёндашувни учратасиз.

Шайбонийхоннинг қабр тоши, Санкт-Петербургдаги Эрмитраж музейи

Илгарироқ Оллвортнинг қарашларига тўхталиб ўтдим. ЮНЕСКО шафелигида тайёрланган фундаментал тадқиқот – History of Civilizations of Central Asia китобининг XVI–XIX асрлар тарихига бағишланган бешинчи жилдида ҳам шунга яқин ёндашувни учратасиз [11].

Ҳозирги кунда қўшни Қозоғистон тарихчилари ўз методикасини жаҳон академиясига мослашга уриниб, қозоқ давлатчилиги тарихини XV асрдан – Қозоқ хонлигидан бошламоқда. 2015 йилда Қозоғистонда Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги нишонланди. Бошқа соҳаларда бўлганидек, тарихчиликда ҳам улардан ўрганадиган нарсаларимиз бор.

Шайбонийлар даҳмасининг бугунги кўриниши

Хулоса ўрнида. Шайбонийлар бугунги Ўзбекистонга нима бера олади?

Узуқ-юлуқ фикрларимни эринмай ўқиб, охирги бандга етиб келган ўқувчиларга миннатдорлик билдираман. Юқорида Шайбонийхонга беписандлик ўзбек фани ва адабиётида совет даврида шаклланиб қолган, тарихий хотирага алоқадор бўлмаган стереотипик қараш эканини кўрсатишга интилдим. Бирор шубҳа қолган бўлса, эринмай XVI–XIX манбаларини кўздан кечиринг: у кезлари ўтмиш ҳозиргидан тамомила бошқача тушунилгани, тарихий шахслар ва қаҳрамонлар бошқа бўлгани, Чингизхон, Абулхайрхон, Шайбонийхон, Убайдуллахон, Абдуллахон II янглиғ арбоблар расмий пантеонни ташкил қилганини кўрасиз.

Мабодо буни сиёсий буюртма, сарой тарихчилиги деб ўйлайдиган бўлсангиз, халқ оғзаки ижодига мурожаат этинг. Фольклорист Ходи Зариф бахши Пўлкан шоирдан ёзиб олиб, 1928 йилда нашр эттирган “Шайбонийхон саргузашти” номли халқ достонида Шайбонийхон бош қаҳрамон, антагонист эса Бобур ролида гавдалантирилган. “Ўзбек адабиёти тарихи” фундаментал тадқиқотининг биринчи китобини ёзган адабиётшунос Натан Маллаев халқ хотирасидаги Шайбонийхон ва Бобур образлари расмий тарихчиликка мос келмаганини тушунтиришга уриниб, достондаги бу образлар реал тарихий шахсларга алоқаси йўқ, деган хулоса чиқаради [12]. Аммо унинг хулосаси зўрма-зўраки экани кўриниб турибди.

Шундай экан, Шайбонийхоннинг тарихий роли тан олиниши аввало расмий тарих халқ хотирасига мувофиқ келишига олиб келади. Бундан ташқари, совет тарихчилигининг идеологик клишеларидан воз кечилиб, расмий парадигма академик позицияга, тарихий ҳақиқатга, дунё фанидаги тенденцияларга максимал даражада яқинлашиши таъминланади.

Советлар даврида қўшни республикалар билан “тарих талашуви” асносида ўзбек зиёлилари ўз ўтмишини қадимийлаштириб, бу ерларга ҳақ-ҳуқуқи борлигини кўрсатишга уринган. Ҳозирги кунда бунга эҳтиёж йўқ – илм-фан ҳам, халқаро сиёсат ҳам қадимийликни аҳамиятли омил деб ҳисобламайди. Бирор давлат беш юз йил олдин тузилган бўлсин, юз йил олдин тузилган бўлсин, жаҳон ҳамжамияти кўзи олдида ўз ерларига тўла ҳуқуқлидир.

Аксинча, охирги беш юз йиллик тарихга эътибор қаратилиши бугунги куннинг яхшироқ тушунилишига, бугунги муаммоларнинг илдизлари аниқланишига олиб келади. Ўзбек тарихчилиги кўп жиҳатдан олис ўтмиш ошуфтаси бўлиб қолмоқда. Тўғри, ёзма манбалар камлиги туфайли мавҳум, бугунги кунга ўхшамайдиган ва тушунарсиз узоқ ўтмиш ўзига хос романтика руҳига йўғрилган. Лекин бугунги кун учун охирги асрлар тарихи муҳимроқдир, зеро у бугун билан узвий боғлиқдир. Янги тарихга кам эътибор қаратилаётгани тарихчилик жамият учун фойдасиз, мавҳум гуманитар фан бўлиб қолаётганининг сабабларидан биридир.

Хонликлар даври жиддийроқ, холисроқ ўрганилса, қоп-қора, зулмат давр бўлмагани англашилади. XVI–XIX асрлардаги тарих жуда қизиқарли ва воқеаларга бой; бу даврнинг баланд-пасти етарли, албатта, аммо қатор жиддий маданий ва сиёсий ютуқларга ҳам эришилган. Қолаверса, ютқизиқларни, ҳақиқий қора босқичларни ўрганиш ҳам бугунни яхшироқ тушуниш учун фойдалидир. Ўзбек хонликларини ўрганган ўзбек ўзини яхшироқ тушунади.

Хонликлар даври бўм-бўш эмаслиги англашилгач, у чоғларда яшаган шахсларга муносабат ҳам ўзгаради. Шайбонийхон қаторида Кўчкунчихон, Убайдуллахон, Абдуллахон II, Элбарсхон, Бейбарсхон, Умархон, Имомқулихон сингари том маънода йирик шахслар ўтгани маълум бўлади. Уларнинг меросини ўрганиш ўн йилликлар давом этиб, бутун бошли янги олимлар авлоди етишиб чиқишига замин яратади. Тарихнинг янгича талқинлари ўртага чиқади.

Бу, ўз навбатида, миллий тарих шахслари пантеонини янада бойитади. Фақат Амир Темур ва Жалолиддин Мангбурнидан иборат сиёсий арбоблар рўйхати ўтмишнинг бойлигини ва буюклигини кўрсатиш учун камлик қилади, менимча. Ўзбек сиёсий тарихи жиддийроқ тадқиқотларга муҳтождир.

Ниҳоят, ўзбек деган номнинг қадри ошади. Ҳар бир халқнинг, давлатнинг номи унинг маънавият капиталини, рамзий бойлигини ташкил қилади. Руслар руслигидан, қирғизлар қирғизлигидан фахрланади. Ўзбекларга ҳам ўзбеклигидан фахрланиш ўргатилади, лекин тарихга келганда, бу ном қадрини йўқотади: миллий тарих “бизнинг асл номимиз бошқа, бу ном беш юз йил олдин адашиб келиб қолган, тасодифан бирикиб қолган” деб уқтиради. Тарихга ёндашув ўзгариши билан бундай қарашлар барҳам топиб, бу этноним беш юз йиллик асосга эга экани, унинг ортида салмоқли рамзий капитал борлиги маълум бўлади.

Асанов Эльдар

 

[1] Очерки по истории государственности Узбекистана. – Ташкент: “Шарқ”, 2001, С. 97.

[2] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон Чор Россияси мустамлакачилиги даврида. – Тошкент: “Шарқ”, 2000, Б. 26, 52–53.

[3] Ўша манба, Б. 26.

[4] Sergey Abashin. Ethnogenesis and Historiography: Historical Narratives for Central Asia in the 1940s and 1950s / An Empire of Others. Creating Ethnographic Knowledge in Imperial Russia and the USSR. Budapest – New York, Central European University Press, 2014, pp. 145–170.

[5] История народов Узбекистана. Том 2. – Ташкент: Изд. Ан УзССР, 1947, С. 21–41.

[6] Ислом Каримов. Тарихий хотирасиз келажак йўқ // "Мулоқот" журналининг 1998 йил 5-сони.

[7] Асқаров А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2015.

[8] Allworth E.A. The Modern Uzbeks. From the Fourteenth Century to the Present. Stanford, Hoover Institution Press, 1990.

[9] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Тошкент: ЎзССР ФА нашриёти, 1960. 59–63.

[10] Кармышева Б. Очерки этнической истории южных районов Таджикистана и Узбекистана. – Москва: “Наука”, 1976, С. 86.

[11] History of Civilizations of Central Asia. Volume V. Turin, UNESCO Publishing, 2003.

[12] Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. Биринчи китоб. – Тошкент: “Ўқитувчи”, 1965. Б. 632–633.

Мавзуга оид