Жаҳон | 10:00 / 11.10.2021
6206
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ички ишлар вазирининг ўғли намойишчилар ўлимида гумонланиб ҳибсга олинди

Фото: Reuters

Ҳиндистонда бир гуруҳ фермерларни ўлдиришда гумонланиб ички ишлар вазири Ажай Мишра Танининг ўғли Ашиш Мишра ҳибсга олинди.    

Таъкидланишича, вазирга тегишли машина 3 октябрда Уаттар-Прадеш штатининг Лахимпур шаҳридаги намойишларда фермерларни босиб кетган. Бунинг оқибатида 4 киши, жумладан маҳаллий журналист ҳалок бўлган.

Воқеадан кейин дарғазаб намойишчилар машина ҳайдовчиси ва 3 йўловчини калтаклашган, автомобилни эса ёқиб юборишган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, машина ичида вазирнинг ўғли ҳам бўлган. Бироқ вазир буни рад этмоқда. Мишранинг айтишича, воқеа вақтида унинг ўғли у ерда бўлмаган ва машина шахсий ҳайдовчиси томонидан бошқарилган. Ҳайдовчи намойишчилар машинага тош улоқтириб, ҳужум қилгач бошқарувни йўқотган.

Ҳиндистон олий суди штат маъмуриятини Ашиш Мишрани ҳибсга олмагани учун танқид қилган. Шундан кейин полиция вазирнинг ўғлини 10 соат давомида сўроқ қилиб, уни ҳибсга олишга қарор қилган. Полиция зобити Упендра Агарвалнинг таъкидлашича, Мишра фермерларни босиб кетган учта транспорт воситасидан бирортасида бўлмаганини исботлай олмаган.

Мухолифат ушбу воқеадан кейин вазирнинг ўз лавозимидан четлатилишини талаб қилмоқда.

Ўтган ҳафта минглаб фермерлар Нью-Деҳли чеккаларида йиғилиб, 2020 йилги норозилик намойишларининг бир йиллигини нишонлашди. Ҳукуматнинг таъкидлашича, фермерлар қабул қилинишига норозилик билдирган қонундаги ўзгаришлар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини хусусий сармоялар ҳисобига ошириш учун зарур бўлган. Бироқ фермерларнинг таъкидлашича, янги қонунлар уларни ҳосилни корпорацияларга паст нархда сотишга мажбур қилиб, даромадларига путур етказади.

Мавзуга оид