Ўзбекистон | 11:05 / 12.10.2021
1053
3 дақиқада ўқилади

Каттақўрғондаги хонадонда газ портлагани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Каттақўрғон шаҳридаги хонадонлардан бирида 8 октябр куни газ портлаб, икки киши жабрлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар бермоқда.

Фото: Zarnews.uz

Жорий йил 8 октябрь куни Каттақўрғон шаҳрида жойлашган хонадонлардан бирида газ портлаб икки киши тан жароҳатлари олган. Шунингдек, хонадонга моддий зарар етган. Суриштирувларда аниқланишича, портлаш содир бўлган хонадон газ тармоғига уланмаган. Унга туташ ҳудуддан Каттақўрғон шаҳридаги автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаларига тортилган газ қувурлари бўлган. Ана шу қувурларнинг биридан сизиб чиққан газ портлаган.

«Каттақўрғон шаҳридаги хонадонлардан бирида газ портлаб, икки киши тан жароҳати олганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура матбуот котибининг хабарида.

Маълум бўлишича, бу маҳалладаги биринчи портлаш эмас. Ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли бир йилдан буён масъул идораларга муаммо ҳақида бонг уриб келишган. Мутасаддилар эса мурожаатларга эътибор қаратмаган. Жумладан, айнан шу маҳаллада 2015 ва 2020 йилларда ҳам АГҚШга ўтган қувурлардан газ сизиб чиқиб портлаш содир бўлган. 2020 йилда содир бўлган ҳолатда ҳеч ким жабрланмаган. АГҚШ эгаси зарар кўрган хонадонни таъмирлаб берган. 2015 йилдаги портлаш айнан жорий йил 8 октябрь куни портлаш содир бўлган хонадонга қўшни бўлган уйда содир бўлган.

Бу каби автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчаларига аҳоли пунктлари узра тортилган юқори босимли газ қувурларидан газ сизиб, хонадонларда портлаш содир бўлгани борасидаги биринчи воқеа эмас. Уларнинг айримлари аввал ҳам Kun.uz’да ёритилган.

2019 йил 11 ноябрь куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманининг Сурум маҳалласидаги намунали уй портлаши оқибатида бир оиланинг 3 аъзоси вафот этди ва 3 киши бутун умрга мажруҳ бўлиб қолди. Р.Каримовга тегишли бўлган 1-сонли намунавий уйдан 47,5 метр масофада ер остидан ўтган юқори босимли газ қувури тешилиб, ундан сизиб чиқаётган табиий газ ер ости бўйлаб Р.Каримовнинг хонадонига тарқалиб, газ чақнаши оқибатида кучли портлаш юз берган.

2020 йил 30 ноябрь куни Янгийўл тумани, «Қирариқ» МФЙ, Истиқлол кўчаси, 80-уй остидан ўтган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққан газ хонадонга тарқалиб, ҳаво аралашмаси билан қўшилиб, уйда электр чироғи ёқилиши натижасида портлаш содир бўлиб, икки киши ҳалок бўлган эди.

Каттақўрғонда юз берган газ портлаши ҳақида қўшимча маълумот берилди. Қозоғистонлик меҳмон 50 фоизга куйган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид