Ўзбекистон | 13:01 / 16.10.2021
463
2 дақиқада ўқилади

Бекобод шаҳри қора металлургия марказига айлантирилади - Шавкат Мирзиёев

Бекобод шаҳри қора металлургия марказига айлантирилади ва “Меткомбинат”нинг қувватлари камида 2 баробарга оширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Чирчиқ шаҳрида йилига 7 минг дона трактор, комбайн ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари кластери ўз фаолиятини бошлайди. Бекобод шаҳри қора металлургия марказига айлантирилади ва “Меткомбинат”нинг қувватлари камида 2 баробарга оширилади. Жумладан, қиймати 770 миллион долларлик қуюв-прокат мажмуасини ишга тушириш ҳисобига, ишлаб́ чиқариш ҳажми 2,3 миллион тоннага етказилади.

Шунингдек, Паркент туманидаги мавжуд 27 миллион тонна темир рудасини ўзлаштириш бошланади. Бекобод шаҳрида саноат зонаси ташкил этилиб, қурилиш, саноат, уй-рўзғор учун металл маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилади.

Олмалиқ комбинати ва Ўзметкомбинат томонидан кичик бизнес билан кооперация асосида электродвигателлар, фильтрлар, мойлар ва подшипниклар каби маҳсулотлар ва хизматлар учун кейинги йилда 250 миллиард сўмлик, 2026 йилга бориб эса, 1 триллион сўмлик бозор яратилади. Саноат корхоналари ва аҳоли томонидан электр энергиясига бўлган эҳтиёжни инобатга олиб, Чотқол ва Пском дарёларида жами қуввати 621 Мега-Ватт бўлган 3 та янги гидро электрстанцияси қурилади. Бунга 1,2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилади. 

Қибрайда 450 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция ҳисобидан, жами қуввати 710 мегаваттга тенг бўлган 3 та иссиқлик электр станцияси қурилади. Натижада, вилоятда истеъмолчиларга 21 миллиард киловатт соат ёки 2 баробар кўп электр энергия етказиб бериш имконияти яратилади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид