Ўзбекистон | 13:52 / 16.10.2021
950
3 дақиқада ўқилади

«Янги Ўзбекистон устозлари» дастури амалга оширилади

Тошкент вилоятида жорий йилги мактаб битирувчиларининг фақат 16 фоизи олийгоҳларга қабул қилинган. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда маълум қилди.

“Инсон қадри учун” тамойилининг муҳим бўғини – барча учун, сифатли таълим олишга имконият ва шарт-шароитлар яратишдир. Лекин, вилоятдаги мактаб таълими бу талабларга ҳали тўлиқ жавоб беряпти, деб айта олмаймиз. Мисол учун, жорий йилги битирувчиларнинг бор-йўғи 16 фоизи олийгоҳларга қабул қилингани ҳам, бунинг исботидир. Олий маълумот ва тоифага эга бўлмаган ўқитувчилар улуши 54 фоизни ташкил этади. Бу – республикада энг паст кўрсаткичлардан бири. Чирчиқ, Нурафшон, Олмалиқ, Янгийўл шаҳарлари, Бекобод, Тошкент ва Янгийўл туманларидаги 70 фоиз мактаблар икки сменада, айрим мактаблар ҳатто уч сменада ишламоқда.

Энди Тошкент вилоятини мактаб таълими ислоҳотларининг намунасига айлантириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Авваламбор, “Янги Ўзбекистон устозлари” дастури амалга оширилиб, таълим сифати паст 60 та мактабга бошқа ҳудудлардан камида 150 нафар малакали ўқитувчилар жалб қилинади. Уларга махсус устама тўланади, 15 миллион сўм бир марталик тўлов берилади, яшаш жойининг ижара пули қопланади. Кейинги уч йилда 25 минг нафар ёки 70 фоиз ўқитувчиларнинг малакаси оширилиб, халқаро ва миллий сертификат олиши таъминланади. Ушбу ишларга, хусусий таълим ташкилотларини ҳам фаол жалб қилинади. Тошкент вилояти учун малакали педагог кадрларни тайёрлаш квоталари 2 баробарга оширилади.

Келгуси беш йилда бюджетдан 20 та янги мактаб қурилади, 260 таси реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидан бошлаб, мактабларни қуриш ва фойдаланишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Жумладан, Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Зангиота ва Тошкент туманларида хусусий капитални жалб қилган ҳолда, 12 та замонавий типдаги мактаблар қурилиб, фойдаланишга топширилади. Ушбу мактаблар учун тўловлар лизинг асосида бюджет ҳисобидан 25 йил давомида амалга оширилади.

Шу ўринда, таълимнинг бешиги бўлган мактабгача таълим тизимида ислоҳотлар давом эттирилиб, қамраб олиш даражаси 80 фоизга етказилади. Бунинг учун, 96 та давлат боғчалари қурилади ва реконструкция қилинади, 800 та хусусий ва оилавий боғчалар ташкил этилади. Қибрайда имконияти чекланган болалар учун реабилитация маркази ташкил этилиб, ҳар йили 2 минг нафар болалар бепул соғломлаштирилади. Мактабгача таълим йўналишида қабул квоталари 2 баробарга оширилиб, олий маълумотли педагог кадрлар улуши 50 фоизга етказилади. Педагог кадрларни малакасини узлуксиз ошириб бориш мақсадида, келгуси йилдан Ўрта Чирчиқ, Бўка, Оҳангарон, Юқори Чирчиқ туманларида “Мактабгача таълим кластери” фаолияти йўлга қўйилади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид