Жамият | 17:57 / 21.10.2021
17051
5 дақиқада ўқилади

“Боласи русча гапириб, ўзбекчани билмаётганидан ўксиниш ўрнига хурсанд бўлишяпти” — филолог билан суҳбат

Kun.uz мухбири ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейи, алифбо ва имло каби мавзуларда филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шерали Турғунов билан суҳбатда бўлди.

Лотин ёзувига ўтишга етмаган 30 йил

Суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонуни ижроси ҳанузгача охирига етмаётгани ҳақида гаплашдик.

Мутахассиснинг фикрига кўра, лотин ёзувини илк ўрганишни бошлаган авлод мактаб битириш даврига келиб, давлатдаги барча соҳалар тўлиқ лотин ёзувига ўтган бўлиши керак эди. Яъни 9-10 йил бир алифбодан иккинчи алифбога ўтишга етарли бўлган. Орадан салкам 30 йил ўтибдики, лотин ёзувида битирган аксар ёшлар ҳам кирилл ёзувида иш юритишига тўғри келмоқда.

Шерали Турғуновнинг фикрича, бу ҳолга ўрта қатлам, яъни ҳозирда раҳбарлик лавозимида ишлаётган, саводи эса кирилл ёзуви билан чиққан фуқаролар сабаб бўлмоқда. Филологнинг айтишича, ушбу авлод вакиллари лотин ёзувини ўрганишдан кўра, қонун ижроси бажарилмаслигидан манфаатдор бўлган.

Имло қоидалари тилнинг талаффуз табиатидан келиб чиқиши керак”

Филологнинг таъкидлашича, “ш”, “ч”, “нг” каби ҳарф бирикмаларини бир ҳарф кўринишига келтириш аҳоли имловий саводхонлигини оширишга ечим бўла олмайди. Мутахассиснинг фикрича, имло қоидаларини ўзбек тили талаффузи табиатидан келиб чиқиб ўзгартириш керак.

Шерали Турғунов ўқувчилар имлода кўпроқ ўзлашма сўзларда хато қилишини айтди. Унга кўра, тилшунослик шаклланаётган пайтларда рус тилшунослигидан кўр-кўрона олинган қоидалар ва имлони енгиллаштиришга олиб борувчи керакли меъёрлар қабул қилинмагани бугун ёзув мураккаблашишига олиб келган.

“Шоир сўзида бир “й” товуши қўшиб талаффуз қилинса ҳам, шоир деб ёзилади, Кўряпсизми, мураккаблашиш қаердан бошланади”, – дейди филолог.

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шерали Турғунов

Унинг айтишича, руслар ҳам, инглизлар ҳам, умуман бошқа кўплаб тилларнинг тилшунослари ҳам ўзлашма сўзларни ўз нутқига мослаган тарзда меъёрлаштирган. Филолог Турғуновнинг мисол келтиришича, немис шоири Ҳайнрих Ҳайнени руслар Генрих Гейне дея ўзгартирган, бунга сабаб эса уларда “ҳ” товушининг йўқлигидандир.

“Ҳ” ва “Х” масаласи

Мутахассис, ўқувчилар ва талабалар томонидан энг кўп бериладиган саволга сабаб бўлувчи ва кўпларнинг имло қоидаларида хато қилишига сабабчи бўғиз товушини ифодаловчи “ҳ” ва тил орқа товушини ифодаловчи “х” ҳақида алоҳида тўхталди.

Шерали Турғуновнинг айтишича, ўзбек ва хусусан туркий халқларда бўғиздан чиқадиган ҳам, тил орти “х” ҳам йўқ. Шерали Турғуновнинг таъкидлашича, туркийларда битта оралиқдаги ҳ товуши бор, холос.

“Кўплаб жойларда, ҳар хил соҳа вакилларидан, ўқувчи ва талабалардан диктант олишга тўғри келади. Агар матнда саккизта жойда “ҳ” ва “х” товушлари қатнашган бўлса, бошқа ўринда хато қилмаган бўлса ҳам 2 олган ҳолатлари бўлади”.

Мутахассис шунга ўхшаш масалаларни ўзбек тили табиатидан келиб чиқиб меъёрлаштириш кераклигини таъкидлайди.

“Келажак авлод она тилига муҳаббат билан тарбияланмас экан, бу тил ўлимга маҳкум”

Шерали Турғунов ёш авлодни она тилига муҳаббат билан тарбиялаш оиладан, ота-онадан бошланиши кераклигини айтди. Сўнгра икки ҳаётий воқеани мисол келтирди.

“Боламизнинг тили она тилимизда чиқиши керак”

“Бир тожикзабон танишим шаҳарда ишлар эди. Менга янги уй олаётганини ва ижарада эмас, ўз уйида яшашини айтди. Орадан озроқ вақт ўтиб, қишлоқдан ишга қатнаётганини айтиб қолди. Сабабини сўрасам, боламизнинг тили шаҳарда ўзбекча чиқа бошлади, биз эса унинг тили аввало она тилимизда чиқишини хоҳлаймиз. Чунки бизда шунақа. Яъни аввало ўз тилимизни билсин деди. Бу эса мени ўйлантириб қўйди”.

“Боласи русча гапириб, ўзбекчани билмаётганидан ўксиниш ўрнига хурсанд бўлишмоқда”

“Иккинчи ҳолат эса тирикчилик сабаби билан Россияда икки-уч йил оиласи билан яшаб келган ўзбек танишим билан содир бўлди. У сафарда фарзандли бўлди ва боласининг тили ўша юрт тилида чиқди. Ватанига қайтганда кўргани бордик. Фарзанди рус тилида сўзлашар, ўзбек тилида тўғрироқ саломлашишни ҳам билмасди. Ота-онаси, қариндош уруғлари ва яқинлари бу ҳолатдан ўксиниш ўрнига, бундан хурсанд бўлишарди”.

Филолог бу икки ҳолатдан ҳамма ўзига керакли хулоса чиқариши мумкинлигини таъкидлайди. Агар биз ўз тилимизга шундай муносабатда бўлар эканмиз, бошқалардан тилга эътиборни талаб қилиш бефойда бўлади.

Тоҳиржон Турсунов суҳбатлашди.

Мавзуга оид