Ўзбекистон | 18:33 / 21.10.2021
3979
2 дақиқада ўқилади

Дори-дармон нархларини давлат томонидан тартибга солиш бўйича қонун қабул қилиш лозим — Мақсуда Ворисова

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Мақсуда Ворисова кам таъминланган аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурмоқда.

Фото: Халқ демократик партияси матбуот хизмати

“Бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда қуйидагиларни устувор йўналишлар, деб ҳисоблаймиз”, – дейилади Ворисованинг сайловолди дастурида.

Дастурга кўра, мазкур вазифани амалга оширишда қуйидагиларни амалга ошириш режа қилинмоқда:

– мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;

– аҳолини, жумладан, кам таъминланган оилаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, бошқа ижтимоий-демографик заиф гуруҳларни юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдамдан фойдаланган ҳолда, ҳар йили бепул кўрикдан ўтказишни ташкил этиш;

– аҳолининг алоҳида тоифалари, жумладан, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этиладиган дори воситалари, медикаментлар, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни бепул тақдим этиш тизимини такомиллаштириш;

– “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

Маълумот учун, 20 октябр куни Мақсуда Ворисованинг пойтахтлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мавзуга оид