Жамият | 17:08 / 21.10.2021
11925
2 дақиқада ўқилади

«Охирги вақтларда тилимизга тажовузлар жуда кўп бўляпти» — Ботиржон Эргашев

Кеча, 20 октябрь куни Миллий матбуот марказида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан «Медиасаводхонлик: ОАВдаги ютуқ ва камчиликлар таҳлили» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, тадбирда ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев ҳам чиқиш қилди ва ўзбек тилига бўлаётган турли хуружлар борасида ўз фикрларини билдирди.

«Фалокатларнинг энг ёмони бирор миллатнинг тилига қилинган тажовуздир. Кейинги пайтларда, билмайман, қайси гуноҳи учун, ўзбек тилига тажовузлар ҳаддан ташқари кўп бўляпти. Энг ёмони шундай тоифалар ичида етти пушти ўзбек бўлганлар ҳам бор. Қандай қилиб фарзанд ўз ота-онасига хиёнат қилиши, унга нисбатан куракда турмайдиган гапларни гапириши мумкин?

Тўғри, бизда мана шундай хуружларга нисбатан жавоблар ҳам бўляпти, лекин жуда кам.

Биз «жонажон тилим, онажон тилим», дея жимжимадор гапларни жуда кўп гапирамиз. Лекин унинг ҳимоясига келганда сичқонни ини минг танга бўлиб қоляпти.

Биз ўзбек тили ҳимоясидаги лашкарлар сонини кўпайтиришимиз керак. Биз бу билан бировга қарши уруш очмоқчи эмасмиз, намойишлар ҳам қилмоқчи эмасмиз. Ўз тилимизни ҳимоя қилмоқчимиз. Бунга тўсқинлик қилган киши бизга дўст эмас. Душманга нисбатан эса яхши муомала қилинмайди.

Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев

Юз йиллар аввал Абдулла Қодирий тилимизни ҳимоя қиламан, миллатни кўтараман дея ўлиб кетди. Биз ҳозир улар хоҳлаган даврларда яшаяпмиз. Уларга муносиб ҳам бўлишимиз керак-ку.

Тил – эътиқод масаласи. Биз шахсиятимизга қарши гапирилса, балки кечирармиз, муроса қилармиз, лекин эътиқод борасида муроса қилинмайди. Чунки эътиқодга тегиш жуда оғир гуноҳ.

Унутмайлик, биз кейинги авлодлар олдида ҳам масъулмиз, уларга тилимизни бенуқсон етказиб беришимиз керак», – деди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ботиржон Эргашев.

Мавзуга оид