Фан-техника | 21:14 / 26.10.2021
20498
5 дақиқада ўқилади

Zoom'даги ҳамма ҳам билавермайдиган 8та имконият

Онлайн конференция пайтида зериксангиз, иштирокчиларни ошхона столи атрофига ўтқазиб қўйишингиз мумкин. Платформа юзингдаги ҳуснбузарларни бекитишга ҳам қодир. Zoom'да фондаги шовқинни пасайтириш ва ўз экранингиз бошқарувини суҳбатдошлар билан бўлишиш имкони ҳам бор.

Фото: ТАСС / Imago images / Fotoarena

Мана бир ярим йилдирки, миллионлаб одамлар видеомулоқот учун Zoom'дан фойдаланиб келяпти.

Кўпчилик экранда тақдимотни намойиш этиш, реакцияларни қўллаш ва фонни ўзгартириш каби функциялар ўрганиб олган. Бироқ кўп ҳолларда видео қўнғироқлар ҳали ҳам кимдир товушни ёқишни унутишидан бошланади.

Дастурнинг шундай фойдали имкониятлари борки, улар ҳақида ҳамма ҳам маълумотга эга эмас. Мазкур мақолада улар ҳақида батафсил маълумот берилади.

Сичқончани бир марта босиб, мажлисдан чиқиб кетиш

Одатда Zoom'даги мажлисдан чиқиб кетиш учун сичқончани икки марта босиш талаб этилади. Бунинг сабаби “Учрашувни тарк этишдан олдин тасдиқлашимни сўранг” катакчаси автоматик равишда Zoom созламаларида танланган бўлади. Агар сиз мазкур белгини олиб ташласангиз, сичқончани бир марта босиш билан Zoom учрашувларидан чиқиб кетишингиз мумкин.

Ташқи кўринишни тўғрилаб олиш

Бу функция созламалардаги “Видео” ўрнида жойлашган. Юздаги ҳуснбузар кўнглингизни ғаш қилмаслиги учун юз рангини очартириш ва терини хиралаштириш мумкин. Фильтрдан фойдаланиш даражасини бошқариш ҳам мумкин.

Аммо бу созламадан фойдаланганда эҳтиёт бўлиш керак. Кўриниши 1970 йиллар портретидек бўлган одамга суҳбатдошлар жиддий муносабатда бўлмасликлари мумкин.

Фондаги шовқинни пасайтириш

“Овоз” қисмида фондаги шовқинни қанчалик пасайтиришни танлаш мумкин. Шовқинни пасайтириш ҳеч нимани босмаганингизда автоматик тарзда ҳам амалга ошади. Бироқ бошқа вариантлар ҳам бор. Яъни энг пастдан баландгача, масалан, клавишлар тарақ-туруқидан тортиб, ҳатто итнинг акиллашини ҳам олиб ташлаш мумкин.

Иштирокчини тезда таклиф этиш

Alt+i (Windows учун ) ёки command+i (Mac учун) – Zoom учун энг оддий ва фойдали клавишлар бирикмаси. Мажлис вақтида уни босиш орқали ташкилотингиздаги контактларни тезда таклиф этишингиз ёки мажлисда иштирок этмаётганларга email юборишингиз мумкин.

Қалқиб турувчи ойна конференцияга ўтиш учун ҳаволани кўчириб олиш ёки мажлисга кириш учун рухсат кодини кўриш имконини ҳам беради.

Тезкор клавишлар бирикмасини ўзгартириш

Стандарт клавишлардан фойдаланиш шарт эмас. Рухсат берилган буйруқларни созламалардаги “Клавишлар бирикмаси”дан кўриш мумкин. Агар улардан қайси биридир сизга ноқулай кўринса, ўзингизга қулай клавишлар бирикмасини яратинг.

Мазкур бўлимда созламаларни бошланғич ҳолатга қайтариб олиш ҳам мумкин.

Новербал мулоқот қилиш

Zoom'даги барча созламаларни кўриш учун “Умумий” бўлимидаги “Кўпроқ созламаларни кўриш”ни танланг. Улар орасида “Новербал қайта алоқа” инструменти ҳам бор. У иштирокчиларга маърузачининг сўзини тўхтатмаган ҳолда ўз фикрларини баён этиш имконини беради. Бунинг учун улар “Ҳа”, “Йўқ”, “Секинлашиш”, “Тезлашиш” ва “Финжондаги қаҳва” белгиларидан фойдаланишлари мумкин.

Zoom'да реакция қилиш учун белгилар талайгина, бироқ конференция ташкилотчиси рухсат берилган эможилар рўйхатини чеклаб қўйиши мумкин.

Иштирокчиларга фикрни жамлашда ёрдам бериш

25 август куни Zoom онлайн дарслар учунгина мўлжалланган фикрни жамлаш режимини ишга туширди. Бироқ у катталар чалғиб қолиши мумкин бўлган оммавий мажлислар учун ҳам асқотади.

Фикрни жамлаш режими ташкилотчилар фақат маърузачи ва у бўлишаётган контентнигина кўриши учун иштирокчилар видеосини беркитиш имконини беради.

Созламадан учрашув маъмурларигина фойдаланиши мумкин. Уни Zoom'нинг веб версиясида “Конференцияда (кенгайтирилган)” бўлимида ишга тушириш мумкин.

Масофадан бошқаришни ишга тушириш

Zoom созламалари тўлиқ берилган саҳифада масофадан бошқаришни ишга тушириш мумкин. Бу дегани кимдир ўз экранини бошқаларга кўрсатганида у иштирокчиларга ўз экранини масофадан туриб бошқаришга рухсат беради.

Инструмент лойиҳа устида ҳамкорликда ишлаш ёки техник ёрдам учун мос келади. Ўз экранини кўрсатаётган одам исталган вақтда назоратни ўзига қайтариб олиши мумкин.

Ҳамкасбларни ноодатий ҳолатда кўриш

Эртами кечми Zoom'даги тасвирга қараш кишини зериктиради. Бироқ бунинг учун ҳам ечим бор. Созламаларнинг тўлиқ рўйхатида конференция иштирокчилари қандай кўринаётганига ўзгартириш киритиш мумкин. Масалан, уларни маъруза хонаси ёки ошхона столи атрофига жойлаштириш мумкин.

Zoom иштирокчиларни автоматик тарзда жойлаштириб чиқади, бироқ уларни қўл билан бирма-бир жойлаштириш ҳам мумкин.

Уларни экранингизнинг турли қисмларига жойлаштириш ҳам мумкин. Масалан, бошнинг устида ёки сув тўлдирилган стакан ичига.

Мавзуга оид