Жаҳон | 15:39 / 27.10.2021
33949
7 дақиқада ўқилади

Ҳисоб-китобсиз никоҳ: япон маликаси оддий фуқарога турмушга чиқди

Япония маликаси Мако университетдаги курсдоши КэйКомурога турмушга чиқди. Комуро - оддий оиладан ва у билан никоҳ Макони императорлик хонадони аъзоси мақомидан маҳрум қилади.

Nicolas Datiche / Reuters / Scanpix / LETA

Малика Мако — Япония валиаҳд шаҳзодаси Акисино Фумихитонинг қизи, император Акихитонинг набираси — Токиодаги христиан университетида ўзи билан бирга ўқиган Кэй Комурога турмушга чиқди.

Жуфтликнинг никоҳи Сибуя муниципалитетида расман рўйхатдан ўтказилган. Никоҳни қайд этиш жараёнида келин-куёв шахсан иштирок этмаган, барча ҳужжатларни уларга император суди ҳайъати вакили олиб келган. 

Никоҳдан кейинги матбуот анжуманида эндиликда собиқ маликага айланган Мако Комуро никоҳи билан боғлиқ хавотирлар учун узр сўраб, Кэй Комуро — унинг ҳаётининг «ажралмас қисми» экани, у билан никоҳ — «зарур қарор» бўлганини таъкидлади.

Кэй Комуро ҳам уларнинг никоҳидан норози бўлганлардан узр сўраб, уларни қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди.

Оддий фуқаро билан никоҳ қуриб, Мако япон қонунларига кўра ўзининг малика мақомини йўқотди. Япон анъаналарига кўра, бу мақомни йўқотиш фақат аёлларга тааллуқли бўлади: императорлик оиласининг эркак жинсидаги вакили келиб чиқишига кўра зодагонларга мансуб бўлмаган аёлга уйланса ҳам бу имтиёзни сақлаб қолади.

Малика Мако - императорлик оиласининг императорларга хос анъанавий тўй маросими ўтказишдан воз кечган, шунингдек, турмушга чиқиш вақтида япон маликаларига тақдим этиладиган, 150 миллион иена (тахминан, 1,3 миллион доллар) миқдоридаги бир марталик тўловни олишдан бош тортган илк вакили бўлди. 

Малика Мако синглиси, малика Како билан хайрлашмоқда Kyodo/via REUTERS

Энди жуфтлик бир муддат Токиода яшаши, кейин эса АҚШга жўнаб кетиши кутилмоқда, чунки маликанинг турмуш ўртоғи адвокат Комуро Америка юридик фирмасида ишлайди. Матбуотда ёшларни Британия қироллик оиласи вакиллари шаҳзода Ҳарри ва Меган Марклга қиёслашмоқда, улар ҳам тўйдан кейин қироллик саройини ташлаб кетишганди.

Япония валиаҳд шаҳзодаси Акишино, унинг рафиқаси Кико ва оиланинг иккинчи қизи малика Како Макони кузатишмоқда. Kyodo/via REUTERS

Меган Маркл билан бўлганидек, бўлажак тўй арафасида Комуронинг Японияга келишидан кейин маҳаллий матбуот унинг ҳар бир қадамини диққат билан кузатиб борди. Хусусан, уни «ярашмаган» соч турмаги учун танқид қилишди - япон маликаси билан турмуш қураётган йигит сочларини бу тарзда ўстириб дум қилиб йиғиб юрмаслиги кераклиги ҳақида ёзилди.

Yoshio Tsunoda/Global Look Press

Малика Мако ва Кэй Комуро (иккиси ҳам 30 ёшда) Токиодаги Халқаро христиан университетида таҳсил олиш вақтида танишиб қолишган.

2017 йилда, ҳали талаба эканида ушбу жуфтлик унаштирилгани эълон қилинганди, шундан кейин уларнинг номи япон таблоидлари саҳифаларидан тушмай келади. Император саройи матбуот хизмати хабарига кўра, Мако учун бундай ортиқча эътибор изсиз кетмаган: у руҳий тушкунлик асоратларидан даволанишига тўғри келган. Яқинда келинга оғир руҳий касаллик ташхиси қўйилган, уни сарой шифокорлари «травматик стресс бузилишининг бир шакли» деб таърифлаган.

Кейин Комуро юриспруденция бўйича даража олиш учун Нью-Йоркка отланади. Мако Японияда қолиб, Токио университети музейида тадқиқотчи бўлиб ишлайди - унинг санъатшунослик ва музей ишлари бўйича илмий даражаси бор.

Мако ва Кэй Комуронинг тўйи 2018 йил ноябрида бўлиб ўтиши керак эди. Аммо императорлик хонадони тўй кечиктирилгани ҳақида эълон қилади.

Бу вақтда матбуотда Комуролар оиласи оғир молиявий ҳолатга тушиб қолгани ҳақида хабар тарқалади. Тўй маросимига ярим йил қолганида Кэй Комуронинг онасининг яқин дўсти матбуотда можароли чиқиш қилади, унинг айтишича, Комуро хоним ундан турмушга чиқишни ваъда қилган ҳолда катта миқдорда қарз олади. Лекин ваъдасини бажармайди, Кэй Комуронинг онаси пулни қайтаришдан бош тортади.

Тўй қолдирилгач, куёв Японияни тарк этиб, ишлаш учун АҚШга кетади. У ватанга фақат 2021 йилда қайтади. Жорий йил апрелида Комуро бу маблағни тўлашга тайёрлигини билдиради.

Императорлик саройи тўй маросими кечиктирилиши Комуролар оиласидаги вазият билан боғлиқлигини рад этган, аммо маликанинг отаси, валиаҳд шаҳзода Акишино Фумихито бир сафар тўйгача барча молиявий масалаларни ҳал қилиб олиш муҳимлигини айтади.

Императорлик оиласи фарзандининг оддий одам билан турмуш қуриши Японияда кўпчиликка ёқмади. Унинг қарори консерватив японларнинг ғазабини қўзғатди, ҳатто никоҳ куни ҳам Токиодаги хиёбонлардан бирида норозилик акцияси бўлиб ўтди. Associated Press нашрида ёзилишича, маликанинг танлови императорлик оиласидагиларга ҳам маъқул келмаган, лекин бу борада ҳеч қандай расмий маълумот йўқ.

Тўй куни Токиодаги парклардан бирида Мако ва Комуронинг никоҳига қарши намойиш бўлиб ўтди

BBC’нинг Токиодаги корреспонденти Ҳидехару Тамуранинг айтишича, малика Мако - императорлик оиласининг оддий одам билан муҳаббати туфайли жабрланувчига айланган илк вакили эмас. Мако 1947 йилда Император судининг меросхўрликни тартибга солувчи қонуни қабул қилингандан бери оилада оддий японга турмушга чиққан тўққизинчи аёл бўлди. Япон урф-одатлари аёлларнинг тахтга меросхўр бўлишига йўл қўймайди, шунинг учун маликалар бахтли оила қуриш учун ўз унвонини қурбон қилиши учраб туради.

20 йил муқаддам унинг бувиси, малика Эмерита Мичико асабийлик туфайли вақтинча овозини йўқотади - япон нашрлари уни императорнинг рафиқаси бўлишга нолойиқ деб ҳисоблашади. Унинг холаси, императрица Масако шаҳзода туғиб бермагани учун билдирилган аёбловлардан тушкунликка тушади. 2019 йилда отаси Акихито ўрнига император бўлган Нарухито ва малика Масако оиласида ҳамон ўғил фарзанд йўқ. 

Императорлик оиласидаги аёллар маълум мажбуриятларни адо этиши талаб этилади: улар турмуш ўртоғини доим қўллаб-қувватлаши, меросхўр туғиб бериши ва япон анъаналарини сақлаб қолиши керак. Қоидалардан ҳар қандай чекиниш аёвсиз танқидларга сабаб бўлади.

Мако турмушга чиқиб, малика мақомидан халос бўлса-да, унга ва унинг никоҳига танқидлар тўхтамаяпти.

Мако энди мамлакатнинг оддий фуқаролари каби ҳаёт кечиришига кўникишига тўғри келади. Хусусан Нью-Йоркка бориш учун виза олиши керак, ундан олдинроқ - биринчи паспортини.

Мавзуга оид