Жаҳон | 21:32 / 28.10.2021
3966
2 дақиқада ўқилади

Польшада Европа иттифоқи белгилаган жаримани тўлашдан бош тортилди

Фото: Globallookpress

Польша адлия вазири ва бош прокурори Збигнев Зебро Варшава Европа адлия суди томонидан мамлакатга солинган жаримани тўлаши керакмаслигини айтди. 27 октябрда суд Польша Олий судининг тартиб-интизом палатаси тарқатиб юборилмагунига қадар мамлакат кунига 1 млн евродан жарима тўлаши ҳақида ҳукм чиқарган. 

“Польша қонунсизликка бўйсунмайди. Польша бир злотий ҳам тўламаслиги керак”, деб айтган вазир матбуот анжуманида. Унинг таъкидлашича, Варшава “Туров” кони бўйича солинган санкциялар бўйича ҳам жарима тўламаслиги лозим.   

Зебро адлия вазири бўлиб қолар экан, жарима тўланмаслигини талаб қилишини айтган. Аввалроқ унинг ўринбосари Себастьян Калета Европа иттифоқи судининг ҳукмини “шантаж ва Брюссел томонидан Польшадаги ҳокимиятни узурпация қилиш” деб атаган. У Европа иттифоқини Польша қонунчилиги ва конституциявий суди қарорини менсимасликда айблаган.

21 сентябрда ҳам Европа иттифоқи Польша “Туров” кўмир конини ёпишдан бош тортгани учун Варшавадан кунига 500 минг евро тўлашни талаб қилган. Польша ушбу суммани кўмир кони ёпилмагунга қадар тўлаши лозим. Брюсселнинг таъкидлашича, кон қўшни Чехия экологиясига зиён етказади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид