Ўзбекистон | 18:10 / 30.10.2021
73066
7 дақиқада ўқилади

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари ўз лавозимларини оммавий равишда тарк этмоқда. Нега?

Kun.uz манбасига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитасидаги ички келишмовчиликлар сабаб кўплаб ходимлар ўз лавозимларини тарк этишган. Ҳозирги пайтда қўмитада 10га яқин раҳбарлик лавозими вакант.

Монополиялар ҳар доим ҳар қандай жамиятда ривожланишга ва бозор иқтисодиёти шаклланишига тўсқинлик қилиб келган. Улар истеъмолчиларни эркин ҳамда оқилона танлов имкониятидан маҳрум этади.

Монополист ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотини сифатли қилиб чиқаришга уринмайди, чунки барибир унинг маҳсулотини сотиб олишдан бошқа танлов йўқлигини билади. Маҳсулотга кам харажат қилиб қимматроқ сотиш – ҳар бир тадбиркорнинг истаги. Бу табиий. Аммо бу истак халқнинг зарарига хизмат қилмаслиги зарур, аксинча, мамлакат гуллаб-яшнашининг омилига айланиши учун рақобат керак.

Шу сабаб Ўзбекистонда рақобат муҳитини ривожлантириш учун президентнинг бир қатор муҳим фармон ва қарорлари қабул қилинди. Уларда рақобат ва монополияга қарши курашиш соҳасида чора-тадбирлар ва сиёсат уйғунлигини, эркин ва рақобатбардош бозорни шакллантириш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга бевосита Монополияга қарши кураш қўмитаси жавобгар ташкилот сифатида белгиланди ва 2019 йилда қайта тузилди.

Аммо охирги пайтларда қўмитада амалга оширилаётган ишлар турли шубҳа ва гумонларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, ходимларнинг оммавий равишда ўз лавозимларини тарк этиши.

Матбуот хизмати ходимлари тўлиқ таркибда ишдан кетгани ҳақида эълон қилишди, қўмита расмий сайтида бир қанча бўлим ва бошқарма бошлиқларининг ўрни вакантлигидан ҳам анча ходимлар ишдан кетганини сезиш қийин эмас.

Бу маълумотларни охирги олти ойда кўплаб бўш иш ўринлари мавжудлиги юзасидан Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Vacancy.argos.uz сайтида жойлаштирилган саккизта эълон ҳам тасдиқлайди. Апрель ойида президентнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида»ги қароридан кейин қўмитада 62 нафар ходим иш ўрни оптималлаштирилиши керак эди. Аммо шундан сўнг ҳам тинимсиз вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилинмоқда.

Kun.uz боғланган ва номи ошкор этилмаслигини истаган қўмитанинг собиқ мулозими ушбу ҳолатни қуйидагича изоҳлади:

«Монополияга қарши курашиш қўмитаси охирги пайтларда қанақадир жиддийроқ иш билан шуғулланганини кузатдингизми? Авваллари биз бошқача ишлардик. Аммо охирги пайтларда қўлимизда кўплаб ваколатлар бўлишига қарамай, ундан фойдаланиб, бизга билдирилган улкан ишонч ва масъулиятни бажаришга ҳаракат қилмадик.

Ишдан кетишим моддий жиҳатга боғлиқ эмас, сабаби аввалги раҳбарият даврида 2,5 млн сўм ойликка ҳам ишлаганмиз. Апрель ойидан кейин, марказий аппаратдаги ички низолар сабаб кўплаб ходимлар ўз лавозимларини тарк этишди. Ҳозирги пайтда қўмитада 10га яқин раҳбарлик лавозими вакант», дейди у.

Маълумот учун, қўмитанинг аввалги раиси Нажмиддинхўжа Шарипов 2021 йилнинг мартида лавозимидан озод этилган, унинг ўрнига эса Шоҳрух Шораҳмедов тайинланганди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси нима ишлар билан шуғулланяпти?

Қўмитанинг охирги пайтлардаги позицияси ва ҳаракатлари жанг майдонига қуролсиз кирган ва нима қилишини билмаётган аскарни эслатади. Асосий қилинадиган ишлар четга сурилиб, қўмита ходимлари бор эътиборини ҳудудлардаги рақобат муҳитининг бузилишига қаратган.

13 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қўмита раисига UzAuto’нинг ички бозордаги монопол мавқейи сабаб эътирозлар кўпайиб бораётгани ва қўмита бу борада яна қандайдир ўрганишлар олиб бориши имконияти ҳақида савол берилганди. Жавоб эса қуйидагича:

«Бу масалада суд қарори кучга киргач, биз бу қарорни ижро этишга мажбурмиз. Лекин иш тўхтаб қолмади. Компания томонидан ҳам ишлар олиб борилмоқда, хусусан, компания трансформация тўғрисида маълум қилди. Биз улар билан алоқадамиз. Ҳозирча компания биз хоҳлаган йўналишда иш олиб бормоқда. Ўзбекистонда бошқа заводлар ҳам ишга тушиши режалаштирилмоқда, машиналар импорти осонлаштирилди.

Икки томонлама иш олиб борилмоқда, трансформация бошланган, иккинчидан, бошқа заводлар очилган. Биз томондан ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда», деганди раис.

Лекин қандай ўрганишлар олиб борилаётгани ҳақида бир оғиз ҳам аниқ жавоб берилмади. Қўмитанинг сўнгги вазиятларга муносабати ҳам «таклиф берилди» ёки «ўрганиш олиб бориляпти» деган жавобдан нарига ўтмаяпти.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси олдин ҳам шундай ташкилот эдими?

Янги ташкил этилганидан кейинги даврда Монополияга қарши кураш қўмитаси томонидан бир қанча самарали ишлар олиб борилди. Хусусан, 2020 йилнинг кузида қўмитанинг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар UzAuto Motors компанияси автомобил нархларини 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берилган эди. Кейинчалик қўмитанинг шикояти судда қаноатлантирилмаган бўлса-да, қўмита охиригача ўз позициясида мустаҳкам туриб, Ўзбекистондаги энг катта монопол ташкилотга қарши кураш олиб борди.

Шунингдек, қўмита «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг давлат божидан озод қилиниши юзасидан суд қарорига, чигитни бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб чиқиш тақиқланишига, Орол денгизининг барча қисми ягона давлат унитар корхонасига берилишига, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш юзасидан билдирилган таклифига қарши чиқиб, уни етарлича иқтисодий асослантирилмаган деб топганди.

Бундан ташқари, қўмита Сурхондарё вилояти ҳокимининг қарорини бекор қилган, фуқаро Отабек Нуриддиновнинг мурожаатига асосан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли корхоналар устидан ўрганишлар олиб борган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолияти авваллари ҳам идеал даражада эмасди, аммо долзарб масалалар юзасидан ўз позициясини билдириб келган. Охирги бир неча ойдан бери эса ОАВда қўмита ўрганишлари хусусида бирорта жўяли мақола ва маълумотлар берилгани йўқ. Манбаларга кўра, қўмитанинг пассивлашиши ва ходимларнинг оммавий равишда бўшаб кетиши раҳбарият ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мавзуга оид