Жаҳон | 09:26 / 31.10.2021
5515
1 дақиқада ўқилади

Ҳакерлар заргарлик уйидан Трамп, Бэкҳем ва Дубай амири ҳақидаги маълумотларни ўғирлади

Россия билан боғлиқ деб тахмин қилинувчи Conti ҳакерлик гуруҳи Лондонда жойлашган Graff Diamonds заргарлик уйи компьютер тизимидан мижозлар ҳақидаги маълумотларни ўғирлади. Улар орасида АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп, инглиз футболчиси Дэвид Бэкҳем ва Дубай амири Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум бор.

Фото: Depositphotos

Graff Diamonds мижозлари орасида сиёсатчилар ва футболчилардан ташқари, Алек Болдуин ва Том Ҳэнкс каби Ҳолливуд актёрлари ҳам бор.

Даркнетда 11 минг мижознинг маълумотлари эълон қилинган. Ҳакерларнинг таъкидлашича, бу ўғирланган файлларнинг 1 фоизинигина ташкил қилади.  

“Биз маълумотлари ўғирланган мижозларни бу ҳақда огоҳлантирдик ва уларни тегишли чораларни кўришга чақирдик”, деб айтилган заргарлик уйида.

Киберэкспертларнинг таъкидлашича, ҳакерлар яқин орада маълумотлар учун криптовалютада ёки зеб-зийнат буюмларида эваз пули талаб қилиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид