Жамият | 17:27 / 01.11.2021
30553
10 дақиқада ўқилади

«Афандининг қизлари»: Стереотипларни синдира олган вайнерлар

Ёшлар орасида тиктокер, вайнерлар жуда машҳур бўлиб кетяпти. Биргина смартфон орқали юлдузлик даражасига кўтарилганлар маҳсулоти халққа манзур бўлмоқда. Улар орасида уч резидент қизлардан иборат «Afandining qizlari» вайнер гуруҳи алоҳида ажралиб туради.

Улар тақдим этаётган юморнинг ўзига хос тагмаъноси бўлиб, ўзида жамиятнинг оғриқли муаммоларини акс эттиради. Улар «Одамлар нима дейди?» стереотипини «синдирган» қизлар сифатида ҳам бошқалардан фарқлидирлар. Суҳбатни тўлиқ кўргач, бунга амин бўласиз.

«Асл касбим дирижёр»

Нигора Абдуллахонова, актриса, вайнер, телебошловчи, «Afandining qizlari» резиденти:

«Санъат институтида дирижёрлик бўйича таҳсил олганман. Ўқиш давомида фортепиано чалиш, вокал, саҳна нутқи, актёрлик маҳоратини ҳам ўргатишади. Маълум муддат хонандалик ҳам қилганман. Бошловчи сифатида ҳам фаолият юритдим. Instagram'да мени кўриб қолишиб, MilliyTV телеканалига таклиф қилишган. Болалигимдан маълум мавзуда мақола ёзишга қизиқиш ва қобилиятим бўлган. Ўша пайтда бу журналистика соҳаси эканлигини тушунмаганман. Бу йўналишда ўзим ўрганишга ҳаракат қилганман.

Успенский номидаги мусиқа мактабида ўқиганман. Дирижёрлик йўналишини танлашимга ўша ердаги ўқитувчим сабабчи бўлган. Устозим оёғида нуқсони бўлгани учун дирижёрлик касбини эгаллай олмаганини айтиб бергандилар. Уларни жуда яхши кўрганим, ҳурмат қилганим учун шу касбни эгаллаганман ва бу мени устозимга ҳадя қилган совғамдир.

Биз гуруҳ бўлиб вайнлар чиқарганимизда кўпчилик танишларим, ҳамкасбларим буни қабул қилишолмади. Айниқса, бошловчи ҳамкаcбларим қошимизни қалин бўяб вайнлар чиқарганимизда, «Нима қиляпсан, сенга бу нима учун керак, ўзингнинг етарли аудиториянг бор, нима хоҳлаётганингни тушунмаяпмиз», деб гапиришди. Бир неча ой қабул қилишолмади. Ўзи аслида кимнингдир фикрига қулоқ солиб иш қилиш керакмас. Сизга нимадир ёқмаяптими қилавериш керак. 

Коллежда вокал бўйича таҳсил олганман. Машҳур бастакор Дилором Омонуллаеванинг қўлида таҳсил олганман. Хонандалик билан шуғулланмоқчи бўлганман. Битта қўшиқни куйлаб чиқардим. Шу билан фаолиятимни тўхтатдим. Бир неча йил давомида шоу-бизнесдан узоқлашдим. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Тақдир тақозоси билан барибир санъатга қайтиб келдим. 

«Она ролини ўйнаганим учун ёшимни анча катта деб ўйлашади»

Муборак Абдуллаева, актриса, вайнер, «Afandining qizlari» резиденти:

«Instagram'даги кузатувчиларим ёшимни катта деб ўйлашади. Обуначиларимга ёшимни ҳар доим айтганман. Чунки ёшим катта эмас, 23 ёшда. Ўйнаётган образларимда ёши катта аёлларни гавдалантирганим учун шундай деб ўйлашади.

Ҳозир Ўзбекистон Давлат Хореография Академияси «Санъат назарияси ва тарихи» йўналишида ўқийман. Бундан олдин Тошкент маданият коллежида драма театри актёрлиги йўналишида таҳсил олганман. Санъат институтига актёрлик йўналишига ўқишга киролмаганман. Санъат тарихи ва назарияси йўналишида дугоналарим ўқишарди. Уларнинг дарсларида қатнашганман. У ерда санъатнинг барча турлари умумий тарзда ўқитилади. Бу жойга ўқишга кирганимда озроқ афсуслангандай бўлдим. Чунки драма театри актёрлиги муҳитини жуда соғинаман. Масалан, Маданият институтида бу муҳит бор. Мен ўқийдиган олийгоҳда эса фақат назария бор». 

«Санъатга кириб келишимга афсонавий Майкл Жексон сабабчи бўлган»

Нигина Жабборова, театр актрисаси, вайнер, «Afandining qizlari» резиденти:

«Санъат олийгоҳида таҳсил олмаганман. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаганман. Оиламизда санъаткорлар йўқ. Болалигимиздан ота-онам гуманитар, аниқ фанларга тайёрлаб келишган. Санъатга болалигимдан қизиққанман. Афсонавий Майкл Жексон мени илҳомлантирган. Унинг актёрлик маҳоратини кўриб қизиқишим кучайган. Пианино чалиш ва санъатнинг бошқа турлари билан шуғулланишни хоҳлардим. Лекин мени ҳар доим аниқ фанларга йўналтиришарди.

Мактабни тугатганимдан кейин санъатга бўлган интилишим янада кучайган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти қошидаги лицейда ўқирдим. Ўша пайтда «Илҳом» театри ҳақида билиб қолганман. Лицейни тугатганимдан кейин санъат олийгоҳига ҳужжат топшираман, деб қарор қилганман. Аммо қаттиқ адашибман. Лицей дипломимни олиб, санъат институтига ҳужжат топширдим, тўлов-контракт асосида қабул қилинганман. Бу ҳақда раҳматли дадам билиб қолиб, ҳужжатларимни Тошкент давлат иқтисодиёт университетига олиб борганлар. У ерда 1 йил ўқидим. Шу даврда 6 ой «Дийдор» театр студиясига драма мактабида режиссёр Баҳодир Йўлдошев қўлида таҳсил олдим.

2-курсда эса «Илҳом» театрининг драма мактабида таҳсил олдим. У ерда 3 йил давомида ўқиб, амалиёт ўтаб, кейин театр актрисалиги фаолиятимни бошладим. Иқтисодиёт университетида ўқишимни тамомладим. Бу ўқиш ота-онам учун, санъат эса ўзим учун». 

«Санъаткор бўлиш учун таълим, албатта, керак»

Муборак Абдуллаева, актриса, вайнер, «Afandining qizlari» резиденти:

«Санъаткор бўлиш учун ўқиш керак. «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалайди». Устоз кўрган санъаткор билан кўрмагани ўртасида ўзини тутишида фарқ катта бўлади. Санъатда менинг ҳам устозим бор. Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловни устозим деб биламан. 5-синфда ўқиб юрган вақтларимда онам мени «Ўзбекфильм»га олиб борган. 

Биринчи ўзим борганман, кейинги сафар мени олиб боришларини хоҳлаганман. Онам ва бошқаларни бунга мажбурлаганман. Қиз бола бўлганим учун санъат йўлидан кетишимни хоҳлашмаган. Майли, борсин, кейин қизиқиши қолиб кетади, деб ўйлашган ва кейин Эркин Комилов қўлида таҳсил олдим. 2 йил давомида санъат сабоқларини ўргандим. Мактабдан зерикиб, «Ўзбекфилм»га боргим келаверарди. Чунки у ерда ўзгача илоҳий ҳис бўлган. Устоз Эркин Комиловнинг ҳар бир айтган гапига анграйиб қараб турардим. Ўша пайти айтган гапларига тушунмаган бўлсам, ҳозирга келиб тушуниб етяпман».

«Санъатни танлашимга онам қаттиқ қарши бўлган»

Нигина Жабборова, театр актрисаси, вайнер, «Afandining qizlari» резиденти:

«Кинога қизиқиш менда унчалик ҳам кучлимас. Суратга олиш жараёни қандай бўларкин, деб қизиқиб кўрганман. Асосий эътиборим театрга қаратилган. Ўйлайманки, театрда актриса бўлиб туғилганман ва актриса бўлиб ўлсам керак. Театрда сиз дублсиз ўйнайсиз. У ерда айтадиган гапингиз эсдан чиқса, импровизация қилишингизга тўғри келади. Театрда яшайсиз, ҳис қилаётган ҳар бир туйғунгизни эслаб қолишга ҳаракат қиласиз. 

Санъатни танлашимга онам 5 йил давомида қаттиқ қарши бўлган. Иқтисодиёт университетида академик таътил олганимдан кейин мени ўқишдан четлатишган. Чунки 2 йил кетма-кет академик таътил берилмайди. Ўйламасдан ҳужжатларимни олиб чиқиб кетганман. Шундан кейин онам қаршилик қилди бунга. «Илҳом» театрида «Белый белый черный аист» спектаклида роль ижро этганман. Онамнинг шу спектаклга киришини 1,5 йил ялиниб сўраганман.

Шу спектаклдан кейин онам бадиий раҳбаримиз Борис Ғофуровни кўриб қолган. У инсон онамни кўриб шундай қиз тарбиялаганингиз учун раҳмат, деб миннатдорчилик билдирган. Шундан кейин онам санъат йўлидан кетишимга рухсат берган». 

«Илгарилари санъатга санъат деб қаралган, шоу-бизнес эмас»

Нигора Абдуллахонова, актриса, вайнер, телебошловчи, «Afandining qizlari» резиденти:

«Санъат ичида унга алоқадор бўлмаганлар ҳам борлиги жуда ачинарли ҳолат. Олдин санъатга санъат деб қаралган, шоу-бизнес эмас. Ижодкорлар сериалларни тезроқ олиб тезроқ фойда кўришни ўйлаяпти. Ҳақиқий ижодкорларга шароит яратиш керак. Кино ёки сериални суратга олаётганда гуруҳ бўлиб ишланади. Ҳар бир одамнинг ўз вазифаси бўлиши керак. Сценарий қани десангиз, йўқ.

Ҳозир халқ бор маблағига яраша олинаётган видеомаҳсулотларни кўришяпти. Сценарийни бир киши ёзиши хато, деб ўйлайман. Бутун бир сериални асосан битта сценарист ёзади. Бу хато, бир кишига оғирлик қилади. Масалан, турк сериалларида битта сериал устида бир нечта одам ишлайди. Ҳар 2-3 нафар сценарист биттадан воқеалар ривожини олиб боради. Бир нечта гуруҳлар шундай фаолият олиб боришади. Улар маълум вақтда воқеалар ривожи ўзаро кесишганда, умумий келишиб, яна ўз йўналишида давом этишади. 

«Профессионал ижодкорлар ҳам ўз қолипига тушиб олишади ва охиригача шундай қолишади»

Нигина Жабборова, театр актрисаси, вайнер, «Afandining qizlari» резиденти:

«Бизда ўз устида ишлаш, деган тушунча йўқ, ўз соҳасининг чўққисига етиб борганда, ўшанда тўхтайди. Ундан ортиқроғига кучи етмайди ёки дангасалик қилади. Бу нафақат кино оламида, балки театрда ҳам бор. Профессионал актёрларда ҳам шу кайфият ҳукмрон. Битта қолипга тушиб олишади ва фаолиятининг охиригача шу қолипда қолиб кетади. 

Афсуски, ижод оламига актёрлик маҳорати нималигини, унинг тагида қандай мазмун ётганини билмайдиганлар кириб қолган. Бизда санъат институтида бизни бунга ўргатишмайди. Биринчи курсдан борганингиздан рефератлар ёздиришади. «Илҳом» театри драма мактабини тугатганимдан кейин Санъат ва маданият институтига қўшимча контракт-тўлов асосида кирганман. Биринчи курсдан бошлаб аудиторияда ўтириб, актёрлик маҳорати ҳақида реферат тўлдириб ўтиришимни талаб қилишди. 

Бу ҳолатни ҳеч қандай соғлом ақлга сиғдириб бўлмайди. Мен актриса бўлмоқчиман ва амалий дарслар орқалигина бу соҳани ўрганишим мумкинлигини наҳотки улар тушунмаса?»

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири,
Тасвирчилар: Абдуқодир Тўлқинов, Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси: Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид