Жаҳон | 18:16 / 01.11.2021
21260
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги тўйда мусиқа қўйилгани учун одамлар отиб ташланди

Фото: Getty Images

Афғонистоннинг Нангархор вилоятидаги тўйлардан бирига қуролланган шахслар бостириб кириб, одамларни отиб ташлаган. Бу ҳақда кўплаб нашрлар, хусусан, CNN ёзмоқда.

Қуролланган шахслар ўзини «Толибон» вакиллари деб таништириб, камида икки кишини отиб ташлаган, ўнлаб одамлар яраланган. Маълум бўлишича, қуролланган одамлар тўйда мусиқа қўйилгани сабаб бостириб борган ва шундан жанжал юзага келган.

«Толибон» расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид тўйхонага ҳужум қилганлар толиблар эмас, аксинча ҳаракат номини қора қилмоқчи бўлганлар эканини айтди. «Ислом амирлигида ҳеч ким инсонларни ажаблантириш учунгина уларни мусиқа ёки бошқа нарсадан қайтаришга ҳақли эмас», деган Мужоҳид матбуот анжуманида.

Маълум бўлишича, тўйда тўрт нафар жуфтликнинг никоҳ оқшомини ўтказиш режалаштирилган ва улар тўйда мусиқа қўйилиши учун «Толибон»нинг маҳаллий вакилларидан ижозат сўраб, фақат аёллар бўладиган жойда мусиқа чалинишига рухсат олган. Қуролланган одамлар тўй вақти бостириб бориб, мусиқа ускуналарини синдириб ташламоқчи бўлган. Одамлар қаршилик кўрсатгач, уларга қарата ўқ отишган. Ҳужум қилган уч одамдан икки нафари «Толибон» томонидан қўлга олинган.

Маълумот учун, «Толибон»нинг 1996-2001 йилларда давом этган олдинги ҳукмронлиги даврида Афғонистонда мусиқа расман тақиқланганди. Аммо ҳозирда ҳукумат тепасига келган ҳаракат ҳозирча бундай чекловни илгари сургани йўқ.

Тўйда отишма содир бўлган Нангархорга ИШИД вакиллари ҳам анча фаол ва бу ҳаракат «Толибон»ни обрўсизлантириш бир неча марта юқоридаги каби ҳаракатни амалга оширгани маълум.

Мавзуга оид