Жамият | 15:56 / 02.11.2021
38395
5 дақиқада ўқилади

Контракт пулларини тўлашда «Талабага мадад»: у кимлар учун ва ариза қандай топширилади?

«Талабага мадад» лойиҳаси доирасида айрим талабаларга контракт пулининг 50 фоизи тўлаб берилади. Унга эришиш учун кимлар, қай тартибда ариза топшириши мумкин? Қуйида шу каби саволларга жавоблар келтирилади.

Фото: Kun.uz

Талабага мадад қандай лойиҳа?

Бу ёшларнинг таълим олишига кўмаклашиш мақсадида «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандлари ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларини тўлаб беришга қаратилган лойиҳа. У Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 250-сон ҳамда 450-сон қарорларига мувофиқ 2021 йилнинг 18 октябрда ишга туширилди.

Кимларга контракт пули тўлаб берилади?

  • оиласи «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг фарзандлари;
  • меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчаси битирувчилари;
  • ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган, васийликка олинган ёшлар;
  • тўлиқ бўлмаган оила (ёлғиз она, ота)нинг фарзандлари;
  • оила боқувчиларининг камида биттаси биринчи гуруҳ ёки ҳар иккаласи иккинчи гуруҳ ногирони бўлган оила фарзандлари;
  • I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёшлар;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан жазо муддатини ўтаб чиққан ёшлар;
  • «ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оила фарзандлари;
  • ота-онасидан бири ёки ҳар иккиси ёшга доир пенсионер бўлган ёшлар;
  • ёш эр-хотин талабалар;
  • оиласида икки ёки ундан ортиқ фарзанд контракт асосида ўқиётган оилаларнинг фарзандлари.

Изоҳ: ушбу лойиҳада бакалавриатнинг кундузги, сиртқи, кечки ва махсус сиртқи йўналишлари ҳамда магистратуранинг кундузги йўналиши талабаларига тўлаб берилиши мумкин.

Контракт пулининг қанча қисми тўлаб берилади?

Тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларини тўлаб бериш туман, шаҳарлардаги «Ёшлар дафтари» жамғармасига вилоят бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан тушириладиган маблағлар ҳисобидан васийлик кенгаши қарорига мувофиқ тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб берилади.

Ариза қандай топширилади?

Ушбу ҳаволага кириб, энг аввало паспорт серия ва рақами киритилади (агар маълумотлар топилмаса ЖШШИР киритилади);

Сўнг телефон рақам киритилиб, тасдиқлаш амалга оширилади;

Телефон рақамга келган хабарни киритиш билан, талаба ҳақидаги маълумотлар (исм-фамилия, ОТМ, йўналиш, таълим шакли) ойнада автоматик пайдо бўлади;

Изоҳ: талаба «талабалар базаси»га киритилмаган бўлса, масалан, ОТМнинг 1-курс талабалари контракт тўламагунча талабалар базасига киритилмаган бўлади; бундай ҳолда, талаба yoshlardaftari.uz платформаси орқали онлайн ариза юбориши керак.

Талабанинг ижтимоий мансублиги (асослантирувчи ҳужжат юкланиши шарт) киритилади;

Изоҳ қисмига муаммо аниқ кўрсатилиб ёзилиши керак.

Истисно: агар фуқаро аввал «Ёшлар дафтари»га киритилиб, унга «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларидан амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, у «Талабага мадад» лойиҳасида ариза қолдира олмайди (бундай ҳолларда паспорт маълумотлари киритилганда унга ушбу маълумот юборилади).

Аризалар қандай кўриб чиқилади?

Талабгор ёшларнинг аризалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги «Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 132-сон ҳамда 2021 йил 28 апрелдаги «Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 250-сон қарори асосида, 3 кун ичида кўриб чиқилади.

Лойиҳа бўйича саволлар ва шикоятлар юқорига қандай етказилади?

Телеграм мессенжерида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевга мурожаат гуруҳи ташкил этилган бўлиб, мазкур гуруҳда агентликнинг масъул ходимлари, ҳудудий бошқарма бошлиқлари ёшлардан келадиган мурожаатларни дарҳол назоратга олади ва ҳар бир талаба билан боғланиб, уларнинг муаммолари ечилишида кўмак беради. Лойиҳа юзасидан саволлар ва муаммоларни ушбу гуруҳда қолдириш кифоя:

Бундан ташқари, яқинда Алишер Саъдуллаев ёшлар билан «Талабага мадад» лойиҳаси бўйича ўзининг Телеграм каналида очиқ мулоқот ўтказган. Шунингдек, Алишер Саъдуллаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ёшлар билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини, таклиф ва ғояларини шахсан эшитиш мақсадида эндиликда доимий равишда ўзининг Телеграм канали орқали овозли суҳбатлар ташкил этиб боради.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид