Жаҳон | 22:42 / 03.11.2021
4459
1 дақиқада ўқилади

Туркияда Эрдўғанни Twitter’да ҳақоратлаган 30 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Туркиянинг хавфсизлик бош бошқармаси Twitter ижтимоий тармоғида мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ҳақоратловчи хабарларни тарқатган 30 фойдаланувчини аниқлади. Бошқармада таъкидланишича, ушбу шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Фото: Reuters

Ушбу фойдаланувчиларга қарши иш очилишига улар томонидан Эрдўғанга нисбатан “ўлди” сўзи қўлланган ҳештегдан фойдаланиши сабаб ҳисобланади. Мутасадди идоралар бундай турдаги хабарларни президентни ҳақоратлашга, унга бўлган ишончга путур етказишга, ёлғон ахборот тарқатишга қаратилган ва жиноят кодески таъсири остига тушувчи деб топган.

Терговчилар томонидан ушбу шахсларнинг айбдорлигини исботловчи ҳужжатлар ва далиллар тўпланган ва суд органларига жўнатилган. Уларга қамоқ жазоси хавф солмоқда.

Таъкидланишича, Эрдўған ўзи ҳақидаги ножўя хабарлар ва баёнотларни аниқлаш мақсадида адвокатлари билан ижтимоий тармоқларни синчков мониторинг қилади. Аксарият ҳолатларда Эрдўғанни ҳаддан ташқари танқид қилиши ва унинг фаолияти борасидаги асоссиз фикрлари учун мухолиф сиёсатчилар жиноий таъқиб қилинади. Бироқ ҳукумат ижтимоий тармоқларда ҳам президент ҳақида ёлғон ахборотлар тарқатилиши олдини олишга ҳаракат қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид