Жаҳон | 20:52 / 04.11.2021
4823
1 дақиқада ўқилади

Ҳаитининг йирик жиноий тўдаси бош вазирни ҳокимиятдан ағдариш билан таҳдид қилмоқда

Ҳаитининг энг йирик жиноий тўдаси бош вазир Ариэл Анри ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишга рози бўлмаса, уни ҳокимиятдан ағдариш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда EFE нашри тўда етакчиси Жимми Шеризьега таяниб хабар берди.

Фото: Ricardo Rojas/Reuters

Шеризьенинг айтишича, у Анрини “қон тўкиш эвазига бўлса ҳам” мамлакат раҳбариятидан четлатишга тайёр. У ўз тўдаси айнан бош вазирга эмас, балки “мамлакатнинг 95 фоиз бойлигини ўз қўлида ушлаб турган 5 фоиз одамга” қарши курашаётганини айтган.

Анрининг истеъфосини талаб қилаётганлар бош вазирни марҳум президент Жовенел Моизнинг ўлдирилишига алоқадор деб ҳисоблашмоқда. Бу айбловлар Анрининг Моизнинг ўлимида гумон қилинаётганлардан бири Жозеф-Феликс Бадьё билан президент қароргоҳига ҳужум уюштирилган кеча бир неча марта телефон орқали гаплашгани ҳақидаги ахборотга асосланган.

Жовенел Моиз 7 июлда ўз қароргоҳига содир этилган ҳужум вақтида ўлдирилган. Моизнинг ўлимидан кейин мамлакат бошқарувини бош вазир Клод Жозеф ўз қўлига олган. Бироқ кейинроқ у сиёсатчилар ўртасидаги ихтилоф мамлакатдаги вазиятни чигаллаштириши мумкинлиги сабабли “мамлакат равнақи учун” ўз лавозимидан кетишга тайёрлигини айтган.

Мавзуга оид