Ўзбекистон | 12:05 / 04.11.2021
3575
2 дақиқада ўқилади

Олтиариқ туманидаги маҳалла қутуриш касаллиги бўйича носоғлом пункт деб эълон қилинди

«Азимбой» МФЙ ҳудудини қутуриш касаллиги бўйича носоғлом пункт деб эълон қилиш ва чеклов қилиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори 3 ноябрь куни эълон қилинган.

Номаълум ҳайвон қорамолга мана шу ерда ҳужум қилган. Фото: Kun.uz

Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Иқболжон Усмоновнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, «Азимобод» МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро А.Ҳамроалиевга тегишли бўлган 3 бош қорамолдан биттасида қутуриш касаллиги белгиси намоён бўлганидан кейин фуқаро бўлимга мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, фуқаронинг қорамоллари маҳалланинг чекка ҳудудида эски қабристон орқасида қолдириб кетилган. Чўл ҳудуди бўлгани сабаб, ҳозиргача тури аниқланмаган номаълум ҳайвон тишлаши натижасида 3 бош қорамолдан бирида қутуриш касаллиги аниқланган.

Туман ҳокимининг қарори қабул қилинишига туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг туман ҳокими номига ёзган мурожаати, Фарғона вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг 28 сентябрдаги 2850-сонли маҳалла ҳудудида бир бош қорамолда қутуриш касаллигини қўзғатувчи (Баббеш-Негри таначалари) аниқланганлиги ҳақидаги экспертиза хулосаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Ветеринария тўғрисида»ги қонунининг 6- ва 8-моддалари асос бўлган.

Бўлим бошлиғининг қўшимча қилишича, касаллик аниқланганидан кейин ҳудуддаги барча жонзотлар кўрикдан ўтказилган. Бошқа ҳайвонларда касаллик аниқланмаган.

Ветеринария қонунчилигига кўра, айни пайтда ҳудудда чеклов ўрнатилган. Қутуриш касаллигига мойил бўлган чорва ҳайвонлари ва итлар клиник кўрикдан ўтказилмоқда. Дайди ёки ёввойи итларни овлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Мавзуга оид