Жамият | 18:28 / 05.11.2021
15582
2 дақиқада ўқилади

ССВ чангли ҳаводан ҳимояланиш учун 10та тавсия берди

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида кузатилаётган чанг–қум аралаш ҳаводан ҳимояланиш учун шифокорлар тавсиясини эълон қилди.

10 та муҳим тавсия:

  • Хона ёки иншоотларнинг пол ва токчалари, улар ичидаги буюм ҳамда ашёларни нам латта билан тозалаб туринг. Уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, нам сочиқларни осиб қўйинг. Бундай вазиятда кондиционер ва ҳавони тозалаш тизимлари ҳам асқатади.
  • Деразаларни ёпиқ ҳолда сақланг. Айниқса, кечаси ва эрта тонгда эшик ва ойналарни зичлаб ёпинг!
  • Кўпроқ сув ичинг!
  • Очиқ ҳавода ҳаракат қилишни чекланг!
  • Тез-тез душ қабул қилинг! Айниқса, ташқаридан уйга киргач, бу жараён нафас олишингизни енгиллаштиради.
  • Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб ташланг!
  • Нафас олиш тизими касалликларига чалинганлар тиббий ниқобдан фойдаланишлари ва уларни ҳар 2 соатда алмаштиришлари зарур!
  • Кўзларни ювиш тавсия этилади. Айниқса, линзадан фойдаланувчилар учун бу жуда муҳим.
  • Тутунга тўла хоналарда чекиш хавфли. Чунки ифлосланган об-ҳаво ҳисобига саломатлигимизга етадиган зиён бир неча баробар ошиб кетади.
  • Агар сизда нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда шифокор билан маслаҳатлашинг.

Маълум қилинишича, айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Вазирликнинг 1003 қисқа рақамли Call-маркази фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Мавзуга оид