Жаҳон | 07:28 / 06.11.2021
3036
1 дақиқада ўқилади

Чехиянинг янги ҳукуматини мухолиф алянс етакчиси шакллантиради

Чехия президенти Милош Земан янги ҳукуматни шакллантиришни ўнг центристик алянс Spolu (Биргаликда) етакчиси, бош вазир лавозимига номзод Петр Фиалага топширишини маълум қилди.

Фото: AA

Мухолиф алянс Spolu Чехияда октябрда ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонганди. Чехия президенти 6 ноябрда Фиала билан онлайн учрашув ўтказишини маълум қилган.

Земаннинг айтишича, у янги ҳукуматни шакллантиришни ҳозирда бош вазир вазифасини вақтинча бажараётган Андрей Бабишга таклиф қилган, бироқ у буни рад этган. 

Чехия президенти ҳукумат имкони борича тезроқ шакллантирилиши учун барча ишни қилишга ваъда берган. 

10 октябрдан бери Прагадаги марказий ҳарбий госпиталда даволанаётган Земан Бабиш билан телефон орқали суҳбатлашган ва унга жорий ҳукумат ваколатлари муддати тугаганини маълум қилган.

Земан деярли бир ойдан бери шифохонада қолмоқда. 4 ноябрда у шифохонанинг жонлантириш бўлимидан оддий палатага ўтказилган. Унга қўйилган ташхис ҳақида аниқ маълумот берилмаяпти. Шифохона раҳбарияти вакилининг таъкидлашича, Чехия президентининг шифохонага ётқизилишига овқатланиш режими бузилгани туфайли қўзғаган сурункали касаллик сабаб бўлган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид