Ўзбекистон | 15:50 / 09.11.2021
6750
4 дақиқада ўқилади

25 йил ободончилик соҳасида: гулистонлик Раъно опанинг кечмиши ва тилаклари

Раъно Холиқулова турмуш ўртоғи билан биргаликда 25 йилдан буён Гулистон шаҳар ободонлаштириш бошқармасида ишлаб келади. Улар чорак асрки, халққа беминнат хизмат қилиб, шаҳар кўчаларини тозалайди, гул ва кўчатлар ўтқазади.

Бир ўғил ва бир қизи бор. Ўғли ички ишлар тизимида, қизи ҳамшира лавозимида, келини эса ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ҳозирда уч нафар набиранинг бувиси.

«Ёзги мавсумда ишимиз эрталаб соат 6 дан бошланади. Тушликда бироз дам олиб, кейин кеч соат 17:00 гача ишлаймиз. Ишимизнинг оғир жойи йўқ. Кўчаларни супуриб, тозалаймиз. Биздан кейин кўчалар тоза бўлиб қолса ўзимиз завқланамиз. Қиш мавсумида эса эртароқ ишга чиқиб, қариялар бор, болалар бор, йўлда йиқилмасликлари учун қорларни кураймиз, йўлларни супуриб тозалаймиз. Кимдир меҳнатимизга паст эътибор билан қарайди, айрим одамлар эса раҳмат айтади», — дейди Раъно опа.

Раъно Холиқулованинг айтишича, олаётган маоши рўзғорга етади. Турмуш ўртоғи 1,5 миллион сўм олса, ўзининг маоши 1 млн 600 мингни ташкил қилади. Ҳар 3 ойда қўшимча чораклик ва иш стажига қараб қўшимча рағбатлантирувчи маблағлар бериб борилади.

«Аввал кўп қаватли уйда яшаганмиз. Кейинчалик ҳовли уйга кўчиб ўтдик, 7 хонали уй қурдик. 25 йилда ишлаган ҳалол пулларимизга шу уйни қурганмиз. Кўп қаватли уйда яшаган вақтимизда турмуш ўртоғим касал бўлиб, 3 йил ётиб қолган эди. Шунда рўзғор тебратиш ўзимнинг зиммамга тушди», — дейди у.

Ўша пайтлари Раъно опа ишга эртароқ чиқиб, гоҳида ўғлини ҳам ўзи билан олиб чиққан пайтлар бўлган. Ўғли тушгача онасига қарашиб, кейин мактабга кетарди. Бўш вақтимизда сумка ҳам тикиб, бозорга чиқарган. Мана шу тарзда тирикчилик қилиб, турмуш ўртоғини даволатиб олган.

«Фарзандларим гоҳида дам олинг энди, ишламай қўяверинг, дейишади. Мен эса ҳали невара тўйларимизни ўтказиб олайлик, дейман. Уй қурдик, машина олдик, ҳаммаси мана шу меҳнатимиз ортидан. Биримиз топганини рўзғорга сарфласак, биримиз топганини йиғиб орттирамиз. Шу вақтгача ишдан бўшаш ҳақида ўйлаб кўрмабман. Ҳозирги ишимдан бўшаб, янги ишга жойлашгунимча рўзғорим тўхтаб қолса нима қиламан, деб қўрқардим. Доим ўз вақтида маошимизни олиб келганимиз учун ҳам ишимни ташлаб кетиш ҳақида ўйламадим», — дейди Раъно Холиқулова.

Раъно опа кўп йилдан буён шу соҳанинг нонини еб юргани учун ҳам келгусида ободонлаштириш корхонаси ходимларига айрим қулайликлар яратилса, деган илинжни билдирди.

«Бизга ёзнинг иссиқ кунларида ёки ёғингарчилик вақтида кириб бироз дам олишимиз ва овқатланиш мумкин бўлган бино ажратиб беришларини сўраган бўлардим. Овқатланиш учун жойимиз бўлмагани учун доим у ёки бу ташкилотнинг ошхонасидан фойдаланиб келяпмиз.

Бундан ташқари, дам олиш, иш кийимларини алмаштириб олиш учун жой ажратилмаган. Узоқ масофадан келиб ишлаётган аёллар ҳам бор. Шунинг учун раҳбарларимиздан бизга бино ажратиб берилишида амалий ёрдам беришларини сўраган бўлардим», дейди Раъно Холиқулова суҳбатимиз охирида.

Албатта, Сирдарё вилояти ва Гулистон шаҳри раҳбарлари шаҳар ободончилиги учун масъул бўлган онахонларимиз, опа-сингилларимизга қулай шароит яратиб бериш учун ўз ваколатлари доирасида ёрдам беради, деган умиддамиз.

Шуҳрат Юнусов, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид