Ўзбекистон | 14:17 / 09.11.2021
12350
7 дақиқада ўқилади

Flydubai Ўзбекистон Транспорт вазирлигидан норози. Рейслар сони оширилишига нега рухсат берилмаяпти?

Дубай–Тошкент–Дубай йўналишидаги авиақатновлар ҳафтасига 7 кун амалга оширилиши бўйича келишув имзолангани, бироқ Транспорт вазирлиги ҳужжатга амал қилмаётгани айтилмоқда.

Фото: Getty Images/Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Aktualno.uz сайти Ўзбекистон Транспорт вазирлиги БААнинг Flydubai авиакомпанияси билан имзоланган келишувга амал қилмаётгани тўғрисида мақола эълон қилди.

Унда қайд этилишича, 2019 йилда йўлга қўйилган Дубай–Тошкент–Дубай йўналишидаги авиақановлар ҳафтада 7 кун амалга оширилиши керак бўлган. Аммо орадан икки йилдан кўп вақт ўтаса-да, рейслар халқаро келишувда кўзда тутилган 7  кун эмас, 6 кун амалга оширилмоқда.

Kun.uz жамаотчиликка очиқланган мазкур масалани ўрганди.

Авиакомпания чиндан ҳам келишувда ҳафтасига 7 кун мунтазам рейслар йўлга қўйилиши белгиланган бўлса-да, қатновлар ҳафтада 6 кун амалга оширилаётганини тасдиқлади.

Компания вакилининг сўзларига кўра, ушбу масалада вазир Илҳом Маҳкамовга бир неча бор мурожаат қилинган, бироқ ижобий жавоб бўлмаган.

Айни пайтда Flydubai парвозларига талаб етарли ва ҳафтанинг 7 куни давомида самолётлар тўла ҳолатда уча олади. Чипталар ҳам нисбатан арзон. Қолаверса, авиакомпания ортидан бюджет ва аэропорт хизматларига ҳам яхшигина даромад келади.

“Flydubai қатновлари бошланишидан олдин Дубайга авиачипталар нархи 850-900 доллар атрофида эди. Ҳозирда чипталар 350-400 долларга тушган. Одамлар 500-600 доллар билан Дубайда дам олиб келишятпи.

Flydubai ҳар бир рейсида аэропортга қарийб 11 минг доллар атрофида пул тўлайди. Ўзбекистонга ҳар бир рейсимизда йўқ деганда 25-30 нафар сайёҳ олиб келамиз. Улар келиб 500 доллардан сарфласа ҳам яна 15 минг доллар келяпти, дегани. 

Авиакомпания билан вазирлик ўртасида 4та протокол бор. Уларнинг барчасида ҳафтада 7 марта учишга келишилган. Транспорт вазирлигига бу масалада хат ёзамиз, жавоб беришмайди.

Орада ҳафтада 7 кун учишга рухсат берилди, аммо чипта сотишни бошлаганимиздаёқ уни тўхтатиб қўйишди. Чартер рейслар олишда қийналиб кўп жойларга мурожаат қилишга мажбур бўляпмиз.

Шу битта мунтазам рейс нега қўйилмаяпти, ҳайронмиз. Икки давлат ўртасидаги келишувга кўра, 2019 йил май ойидан биз ҳафтасига 7та рейс амалга оширишимиз керак эди. Икки йилдан бери 7 кун тўлиқ учишга рухсат берилмаяпти. Нима учун бундай қилишаётгани бизга қоронғи.

Тошкент халқаро аэропорти маъмурияти 7 кунлик парвозларга рухсат бермоқда. Аммо Транспорт вазирлиги бунга қаршилик кўрсатаётгани сабабли ушбу парвозлар амалга ошмай турибди. Бу бизнинг ҳақимиз-ку, нега бундай қилишади?” дейди компания вакили Kun.uz мухбири билан суҳбатда. 

Яқинда ушбу масалада вазирликка яна бир бор сўров юборилган. Аммо ҳали жавоб келмаган.

Kun.uz мухбири мазкур масала юзасидан мутасаддилардан изоҳ олиш мақсадида Транспорт вазирлигига борди. Бироқ ичкарига киришнинг имкони бўлмади, бунга сабаб сифатида раҳбарлар иш жойида эмаслиги айтилди.

Вазирлик матбуот котиби Наврўз Ашурматов мутахассислар билан боғланган ҳолда бу масалага ёзма равишда изоҳ берди.

“Ўзбекистон томони икки давлат авиация маъмуриятлари ўртасидаги 2018 йил 9 декабрда тузилган баённомага асосан Flydubai авиакомпаниясига Дубай–Тошкент–Дубай йўналишида ҳафтасига 7 марта парвоз амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқ берилганини эътироф этади.

Ҳаво қатнови тўғрисида 1998 йил 17 ноябрда тузилган икки томонлама ҳукуматлараро битимнинг 6-моддасига асосан, ҳар икки томоннинг тайинланган авиакомпанияларига белгиланган йўналишлар бўйича келишилган қатновлардан фойдаланиш учун ҳаққоний ва тенг имкониятлар берилиши лозимлиги қайд этилган.

Шу нуқтайи назардан икки мамлакат авиация маъмуриятлари 2021 йил 19-20 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорлик ва ҳаво қатновларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан қатор келишувларга эришди. Хусусан:

  • Flydubai авиакомпаниясига Дубай–Тошкент–Дубай йўналишида мунтазам парвозлар сонини ҳафтасига 5тадан 6тага оширишга рухсат берилди.
  • Air Arabia PJSC авиакомпаниясига Шаржа–Тошкент–Шаржа йўналишида мунтазам парвозлар сонини ҳафтасига 2тадан 3тага оширишга рухсат берилди.
  • Air Arabia Abu Dhabi авиакомпаниясига Абу-Даби–Тошкент–Абу-Даби йўналишида мунтазам парвозлар сонини ҳафтасига 2тадан 4тага оширишга рухсат берилди.
  • Wizz Air Abu Dhabi авиакомпаниясига Бухоро ва Урганчга қатновларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
  • Шунингдек, Тошкент–Дубай–Тошкент йўналишидаги парвозлар сонини 7 мартагача ошириш масаласи икки давлат авиация маъмуриятларининг навбатдаги музокаралари доирасида кўриб чиқилишига келишиб олинди. 

Бугунги кунда Ўзбекистон ва БАА ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳар икки томондан ҳафтасига жами 18та, ойига 74тани ташкил этади.

Бунда, Тошкент–Дубай йўналишида ҳафтасига 12та (Uzbekistan Airways – 6та, Flydubai – 6та қатнов), ойига 48та қатновни, Тошкент–Шаржа йўналишида эса ҳафтасига жами 4та (Uzbekistan Airways – 1та, Air Arabia PJSC – 3та қатнов), ойига 16та қатновни ташкил этади.

Ҳозирда Ўзбекистон томонидан БААга амалга оширилаётган парвозлар сони ҳафтасига 7тани, бунда БАА томонидан Ўзбекистонга парвозлари сони эса 9тани ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, Flydubai авиакомпанияcи томонидан чартер қатновларини амалга ошириш бўйича тегишли сўровнома ижобий ҳал этилганини маълум қиламиз”, дейилади вазирлик изоҳида.

Наврўз Ашурматовнинг қайд этишича, Flydubai билан дастлабки келишувда парвозларни ҳафтасига босқичма-босқич 7 кунга ошириш белгиланган. Яъни рейсларни бирданига 7 кун давомида амалга ошириш назарда тутилмаган.

Авиакомпания вакили эса аслида 2019 йилги келишувдаёқ 7 кунлик мунтазам қатновлар жорий этилиши керак бўлганини таъкидламоқда.

Хуллас, масала моҳияти икки томондан турлича янграмоқда. Вазирлик 7 кунлик парвозларга розилик берилиши масаласи “икки давлат авиация маъмуриятларининг навбатдаги музокаралари”да кўриб чиқилишини билдирди.

Авиакомпания вакилининг маълумот беришича, Транспорт вазирлиги 2021 йил 11 октябрдан бошлаб 2021-2022 йилги қиш мавсумида Дубай–Тошкент–Дубай йўналиши бўйича парвозларни 7 кун давомида амалга оширишга розилик берган. Аммо орадан 10 кун ўтиб бу қарор рад этилган. Вазирликнинг Kun.uz'га берган изоҳида бу ҳолат эсланмаган.

Исломбек Умаралиев тайёрлади.

Мавзуга оид