Жамият | 10:40 / 09.11.2021
12008
5 дақиқада ўқилади

Илк бор олимпиячиларни кийинтирган ўзбек бренди, хориж брендлари билан ҳамкорлик қилаётган тадбиркорлар – Ўзбекистон тўқимачилик саноатига назар

Ўзбекистонда ҳар бир соҳа кундан кун ривожланиб бормоқда. Бу ривожланиш даражаси турли соҳаларда ҳар хил бўлса-да, бир-биридан узоқ ҳам эмас. Чунки яқин йилларда бизнес ва тадбиркорлик умуман ишбилармонликка турли йўллар очилди ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Бу ўзгаришлар тўқимачилик саноатида қандай аксланмоқда – навбатдаги кўрсатувимиз мавзуси айни шу соҳага бағишланди. Тўқимачиликда бўлаётган ўзгаришлар, янгиликлар: ютуқлар билан бир қаторда камчиликларга ҳам нигоҳ ташлаймиз.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров биз билан суҳбатда республика тўқимачилик соҳасига турли йилларда раҳбарлик қилган инсонлар ва ўша йилларда амалга оширилган ишлар тарихи билан таништирди. У шунингдек, бугунги кунда 200 дан ортиқ туман ва шаҳарларда йирик тўқимачилик мажмуалари мавжудлиги ва бу ютуқлар тарихий тажриба ва охирги 4-5 йиллик меҳнат самараси эканини таъкидлади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров

“Охирги 4-5 йилда бўлган ислоҳотлар ва буларнинг натижаларини олдинги билан қиёслаб бўлмайди. 200 дан ошиқ туман ва шаҳарнинг ҳар бирида йирик тўқимачилик мажмуалари мавжуд. Соҳада олдинги йилларда 12 трлн сўмлик маҳсулот чиқарилган бўлса, 2020 йилда 44 трлн, бу йил 60 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариляпти. Бу ҳаммаси амалдаги натижалар, яъни фақат қоғозда кўрсатилаётган рақамлар эмас. Шундан 2020 йилда 1,8 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлсак, 2021 йилнинг 8 ойидаёқ ўша маррани эгаллаб бўлдик. Бу рақамлар камтарроқ кўринади, лекин динамика нуқтайи назаридан энг тез ўсаётган соҳалардан деб айтиш мумкин”, деди уюшма раиси.

Илҳом Ҳайдаров пахтани хомашё ҳолатида ва тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш ўртасидаги фарқ ҳамда фойда хусусида тўхталиб ўтди. Уюшма раисига кўра хомашё экспорт қилинганда бир томондан кам маблағга сотилади, иккинчидан бу пулнинг ҳам камдан кам қисми халқ қўлига етиб боради.

Шунингдек, ривожланиб бораётган маҳаллий брендлар, илк бор олимпиячиларни кийинтирган ўзбек бренди ва маҳсулотлар сифати ҳақида фикр билдирди.

“Айтайлик, Андижонда 70 минг тонна пахта олинди. Уни бозорда сотадиган бўлсак, нари борса 70 млнга борар-бормас рақамга айланади. Қолаверса, бу пул марказга тушади ва у ердан ҳудудларга тақсимланарди. Энди эса Андижонда етиштирилган пахта шу ернинг ўзида қайта ишланиб 500 млн долларга экспорт бўляпти ва сумма шу маҳаллий корхоналар ҳисобига келиб тушяпти.

Маҳаллий брендларимиз кўпаяётгани биринчи навбатда ютуғимиз. Мисол учун, indenim охирги 4 йилда энг ривожланган бренд бўлди. 2018 йилда пайдо бўлиб республика бўйича 40 га яқин кийим марказларини очишга эришди. Ёки яна бир мисол, бу йил олимпия жамоамиз Ўзбекистон бренди остида Токио-2020 олимпиадасида қатнашди. Бу дегани биринчи марта олимпиячиларимиз маҳаллий бренд либослари билан мусобақада қатнашди, бу ҳам катта ютуқ”, дея қайд этди Илҳом Ҳайдаров.

Хориж брендларидаги Made in Uzbekistan ёзуви

“Ҳозирги кунда маҳаллий брендларимиз хорижий брендлар билан ҳамкорликда ўз маҳсулотларини ўша брендлар номи остида чет элда сотиб келмоқда. Умид қиляпмизки, яқин йилларда маҳаллий брендларимиз ўз номлари билан хориж бозорларига кириб боради. Бунинг учун ҳуқуқий асос яратилди, яқинда президентимиз имзолаган қарор ҳам бунга ташланган бир қадам бўлди. Мамлакатдан ташқарида маҳсулотини сотиш учун яхшигина молиявий манба керак, президент қарори билан мана шу манба яратилди.

Лекин ҳозирча ташқи: O’STIN, LC WAIKIKI, TERRANOVA каби брендлар маркировкасини қўямиз. Чунки бозорда буларнинг тармоқлари бор ва улардан фойдаланилади. Шу ўринда бир фактни айтишим керак, чет элга чиққан ватандошларимиз хориж бренди номи билан олган нарсасида Made in Uzbekistan ёзуви турганини кўради. Бундай ҳолатлар талайгина, яқинда Ўзбекистонда иш бошлаган DeFacto’га бизнинг тадбиркорларимиз пул тикишмоқда ва ўз маҳсулотларини шу бренд номи билан сотишга ҳаракат қиляпти. Бу биз учун ҳам сифат, ҳам уларнинг қабул қилиши нуқтайи назаридан катта қадам деса бўлади”, дея маҳсулот сифатига урғу берилаётгани ҳақида фикр билдирди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид