Ўзбекистон | 22:17 / 11.11.2021
32224
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар ҳокими фуқарони ҳақорат қилди. Бунга ҳуқуқий баҳо берилади

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ва фуқаро ўртасидаги телефон суҳбати тарқалди. Суҳбат давомида ҳоким фуқарони ҳақорат қилган.

Фото: Андижон шаҳар ҳокимлиги

Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, аудиоёзувдаги овоз ҳақиқатан ҳам Баҳромжон Ҳайдаровга тегишли.

Фуқаро томонидан айтилаётган ижара ҳақи ва уйини тиклаш тўғрисидаги ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борилган.

«Ўрганиш давомида фуқаро О.Н истиқомат қиладиган А. Навоий шоҳ кўчаси 57-сонли икки қаватли уйи "снос"га тушганлиги, ҳозирги кунда «Султон хаус» МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан шу жойга кўп қаватли уй-жой мажмуасини қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, фуқаро О.Н ижарага чиқарилиб, унга ижара пуллари доимий равишда тўлаб келинмоқда. 

Бундан ташқари, фуқаро О.Н Андижон шаҳар ҳокимига доимий равишда (куну тун) 10-15 мартадан телефон қўнғироқларини амалга ошириб, 2-хонали 52 кв.метрдан иборат бўлган хона жойига «Султон хаус» МЧЖдан шаҳар марказидан 400 кв.метрдан иборат бўлган уй-жой ва "Жентра" автомобили ундириб беришини айтиб, шаҳар ҳокимини доимий обрўсизлантириб келган. 

Ваҳоланки, ушбу фуқаро О.Н.нинг ушбу хонадонга нисбатан уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқи мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Аслида эса уй-жой онасининг номида эканлиги ва «Султон хаус» МЧЖ қурилиш фирмаси ҳамда фуқаро О.Н.нинг онаси ўртасида ўзаро келишган ҳолда янги қурилаётган уй-жойдан хонадон ажратиб бериш ҳақида келишувга эришилган. 

Бугунги кун ҳолатига фуқаро О.Н.нинг онаси (уйнинг асл эгаси)га ижара учун тўланиши лозим бўлган пуллар тўлалигича тўлаб берилган», дейилади ҳокимлик хабарида.

Бундан ташқари, Андижон шаҳар ҳокимининг фуқаро билан мулоқоти давомида ишлатган ҳақоратли сўзлари учун Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан алоҳида ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид