Жаҳон | 09:57 / 14.11.2021
2019
2 дақиқада ўқилади

Латвияда эмланмаган депутатлар ўз ишидан четлатилади

Латвия парламенти – сейм депутатлари коронавирусга қарши эмланмаган ва касалликни бошдан ўтказмаган давлат ва маҳаллий ҳокимият даражасидаги амалдорларни маошини сақламаган ҳолда ишдан четлатишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. 

Фото: Flickr

Ҳужжат 15 ноябрдан кучга киради. Шу кундан бошлаб COVID-сертификатлари бўлмаган депутатларга парламентнинг онлайн ва офлайн йиғилишларида ҳамда комиссиялар ишида иштирок этиш тақиқланади.

Депутатлар парламентнинг мандат, ахлоқ ва баёнотлар бўйича комиссиясига эмланганлик ҳақидаги сертификатини кўрсатишлари керак бўлади. Таъкидланишича, сеймнинг навбатдаги йиғилишида комиссия сертификати бўлмаган ва шу сабабли йиғилишларда иштирок эта олмайдиган депутатларни маълум қилади.

Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, айни вақтда сеймнинг 100 депутатидан 9 нафари эмланишдан бош тортган. Шу билан бирга, тиббий кўрсатмаларга кўра эмланиши тавсия қилинмайдиган депутатлар ўз ишини давом эттира олади.

Маълумотларга кўра, сейм ушбу чорани ҳукуматнинг коронавирусга қарши сиёсатига нисбатан аҳоли ўртасида ишончни ошириш мақсадида қабул қилган.

Reuters’нинг таъкидлашича, Латвия Европа иттифоқи давлатлари орасида аҳолиси энг кам даражада эмланган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатда аҳолининг 65 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг бир дозаси, 58 фоизи эса икки дозаси билан эмланган. Бу орада Европанинг аксарият давлатларида бу кўрсаткичлар 76 фоиздан юқорироқни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, 15 ноябрдан Латвияда карантин қатъийлаштирилмоқда. Жумладан, мамлакатда комендантлик соати киритилади, ўқувчи ва талабалар масофадан ўқишга ўтказилади, биринчи эҳтиёждаги товарлар сотилувчи дўконларгина очиқ қолади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид