Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятида ҳоким яна бир йилга бормай ўзгарди. Вилоят бу борада етакчи
Президент Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги муддатга сайланишидан кўп ўтмай ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар таркибида жиддий тайинловлар кузатилмоқда. Сўнгги кунларда ҳокимлар, вазирлар, қўмиталар раҳбарлари алмашмоқда.
Энг жиддий ўзгаришлардан бири Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг лавозимидан кетиши бўлди.
Қизиғи, Даврон Ҳидоятов бу лавозимни эгаллаганига ҳали бир йил ҳам бўлмаганди. У бир муддат Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб турганидан сўнг жорий йилнинг 19 мартида расман ҳоким вазифасига тайинланганди. Шу муносабат билан ўтказилган сессияда у: “Гарчи Тошкент шаҳрилик бўлсам-да, энди Тошкент вилоятига кўчиб ўтаман ва энди шу вилоят фарзандиман”, деган эди. Лекин Ҳидоятов Тошкент вилоятида 1 йилдан камроқ, аниқроғи 8 ойгина ишлади холос.
Kun.uz бир йилдан кам ишлаган ҳокимлар рўйхатини тузди ва натижада Даврон Ҳидоятов бу борада рекордчи эмаслиги маълум бўлди.
Исломжон Эргашхўжаев, 4 ой 3 кун, Тошкент вилояти
Бу рўйхатда Тошкент вилояти вакиллари талайгина экани алоҳида аҳамиятга эга. Исломжон Эргашхўжаев 2016 йилнинг 12 августидан 15 декабригача бу вилоятни бошқарган ва шундан кейин Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Унинг ҳокимлик даври 4 ой 3 кунни ташкил этиб, хозиргача маълум бўлган “антирекордчи” бўлиб турибди.
Карим Камолов, 5 ой 22 кун, Бухоро вилояти
Карим Камоловнинг қисқа муддат ишлашига бошқа ишга ўтиши ва лавозимидан четлаштирилиши эмас, ажал сабаб бўлган. 2020 йилнинг 29 февралидан 2020 йил 22 августга қадар Бухоро вилоятини бошқарган Карим Камолов коронавирусга чалинди ва шу касаллик асоратларидан вафот этди. Вилоятнинг Камоловдан олдинги ҳокими Ўктам Барноев ҳам айни шу сабаб билан оламдан ўтганди.
Содиқ Абдуллаев, 6 ой 11 кун, Тошкент вилояти

Содиқ Собитович Абдуллаев бу лавозимда 6 ой 11 кун, 2016 йилнинг 4 февралидан 15 августига қадар ўтирган. Унинг лавозимидан озод қилингани билдирилган бўлса-да, қаерга ишга ўтгани маълум қилинмаган.
Ҳиммат Оқбўтаев, 6 ой 20 кун, Самарқанд вилояти
Ҳиммат Қўчқорович Оқбўтаев 2016 йилнинг 23 декабридан 2017 йилнинг 12 июлига қадар Самарқанд вилоятини бошқарган. Шундан кейин лавозимидан озод этилган ва маълум муддатдан кейин Қўшработ тумани ҳокимлигига тайинланган.
Рустам Холмуродов, 6 ой 25 кун, Самарқанд вилояти

Рустам Ибрагимович Холмуродов асли илм одами бўлиб, 2003 йилнинг 16 декабридан 2004 йилнинг 9 июлига қадар Самарқанд вилоятига ҳокимлик қилган. Вилоятнинг ундан олдинги ҳокими Шавкат Мирзиёев эди ва Мирзиёевнинг бош вазир лавозимида иш бошлаши ортидан бўшаб қолган ҳокимлик лавозимига шу пайтгача СамДУ ректори бўлган Рустам Холмуродов тайинланади. Аммо орадан 7 ой ҳам ўтмай қатор айбловлар билан ишдан олинган профессор шундан кейин юқори давраларда кўринмай қолди.
Фақат Шавкат Мирзиёев президентликни эгаллаганидан кейин ректорликка қайтди ва ҳозирги кунда ҳам шу лавозимда иш олиб бормоқда. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон илм-фанида Рустам Холмуродовнинг мавқеи баланд.
Баҳодир Пўлатов, 8 ой 21 кун, Сурхондарё вилояти
Ҳокимлар орасида санъат билан профессионал тарзда шуғулланган ягона инсон, “Болалар” гуруҳининг собиқ хонандаси ва асли касби прокурор бўлган Баҳодир Пўлатов 2018-2019 йилларда 9 ойга яқин Сурхондарё вилоятига ҳокимлик қилган. Кейинчалик қатор танқидлар билан ишдан четлаштирилган, қайси ишга ўтказилгани ҳам маълум қилинмаган.
Шукрулло Бобоев, 10 ой 16 кун, яна Тошкент вилояти

Шукрулло Бобоев 2016 йилнинг 15 декабридан 2017 йилнинг 30 октябригача Тошкент вилоятини бошқарган. 2017 йилнинг октябрида пахта ҳосилини қўшиб ёзгани учун ишдан олинган. Кейинроқ, 2018 йил апрелида у Жиззах вилоятининг Пахтакор туманига ҳоким қилиб жўнатилганди.
Ўзбекистонда кадрлар бўйича маълумотлар у қадар бой эмас ва очиқ манбаларда мунтазам юритилмаган. Турли вилоятларга турли йилларда ишлаб кетган ҳокимлар тўғрисида аниқ маълумотлар бўлмагани учун бу рўйхатга кирмаган.
Ҳокимлар алмашинуви – ўзига хос жараён
Ислом Каримов президентлигида ҳокимлар асосан шахсан президент иштирокида тайинланган ва одатда қаттиқ танқид билан ишдан четлаштирилган бўлса, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида уларни ишдан олишда ёки янги ҳокимни дарҳол тайинлашда бевосита президентнинг ўзи иштирок этмайди.
Одатда аввал номзод в.б. сифатида тайинланади ва маълум вақт ўтиб расман тасдиқланади. Шунингдек ҳокимларнинг тўнлар кийдирилиб, олқишлар билан кузатилиши ҳам ўзига хос янги анъанага айланмоқда.
Ҳокимлар сайлови масаласи бир неча бор кўтарилган бўлса-да, бу сиёсий ислоҳот қачон бўлиши ҳалигача номаълум.
Узлуксиз энг узоқ ишлаган ҳокимлар
Ҳокимлар орасида бир лавозимда узоқ ишлаш бўйича Шуҳрат Абдураҳмонов ўзига хос рекордчи – у 2013 йилдан буён, деярли 9 йилдирки Андижон вилоятига раҳбарлик қилиб келмоқда. Шунингдек у Ислом Каримов даврида ҳам, Шавкат Мирзиёев президентлигида ҳам ўз лавозимини сақлаб қолган ягона ҳоким ҳамдир.
Эркинжон Турдимов 2008-2016 йилларда узлуксиз 8 йил Навоий вилоятига ҳокимлик қилган. Умуман, Турдимовнинг вилоят раҳбари сифатидаги стажи 13 йилдан ошмоқда.
Шунингдек, Нуриддин Зайниевич Зайниев ҳам 2002-2011 йиллар оралиғида, яъни салкам 9 йил Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилган.
Наманган вилояти ҳокими Тўлқин Жабборов эса 1996-2004 йиллар оралиғида, яъни 8 йил шу лавозимда ишлаган.
Хоразм вилояти ҳокими Ислом Бобожонов 1999-2008 йиллар оралиғида вилоятни бошқарган.
Ундан кейинги ўринларда Қобилжон Обидов ва Раҳмонбек Усмонов ҳам 7 йилдан Андижон вилоятига узлуксиз ҳокимлик қилганлар (Қобилжон Обидов 1993-1996 йиллар оралиғида ҳам шу вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган).
Қизиқарли факт: Зоир Мирзаев учинчи вилоятни бошқараётган учинчи ҳокимдир. Бунга қадар Эркинжон Турдимов Навоий, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларига ҳокимлик қилган бўлса, Туробжон Жўраев Сурхондарё (2008-2011), Қашқадарё (2011-2013) ва Самарқанд (2017-2018) вилоятларини бошқарган ҳамда шу вилоятдан қамоққа равона бўлган.
Туман ҳокимлари орасида, умуман ҳокимлар орасида ҳеч ким Қизилтепа туманини 25 йилдан буён бошқариб келган ва яқинда ишдан бўшаган Шабон Набиев рекордига ета олмаган.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
20:37 / 26.05.2025
Тошкент вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматлари нархи оширилади
18:52 / 21.05.2025
Тошкент вилоятида уйида йўлбарс боқиб келган шахс аниқланди
10:12 / 15.05.2025
Тошкент вилоятида 13 та тарихий ёдгорликка зарар етказилди
14:50 / 13.05.2025